Абдусаломова Нигора Шуҳратовнанинг
филология фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
“Зевархон” достони генезиси ва бадиий талқини” 10.00.08 – Фолклоршунослик (филология фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2025.1.PhD/Fil3628
Диссертация бажарилган муассаса номи: Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ўзбек тили, адабиёти ва фолклори институти. Илмий раҳбар: Имомназарова Шаҳодатхон Хабитовна, филология фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD).
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: ЎзР ФА Ўзбек тили, адабиёт ва фолклори институти, DSc.02/30.12.2019.Fil.46.02 рақамли Илмий кенгаш.
Расмий оппонентлар: Санъат Сариев Матчонбоевич: филология фанлари доктори, профессор; Умурзак Жуманазаров Абдуразакович: филология фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Тошкент амалий фанлар университети.
Диссертация йўналиши: назарий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади “Зевархон” достонининг шаклланиш манбалари ва генезисини аниқлаш, сюжетнинг версиялари ҳамда мотив ва образлар тизимини комплекс ўрганилиб, достоннинг ўзбек эпик анъанасидаги ўрнини ойдинлаштиришдан иборатдир.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги қуйидагилардан иборат:
“Зевархон” достонининг “Санобар” халқ китоби билан алоқаси Раҳматулла Юсуф ўғли версияси таъсири орқали кечганлиги, муштарак образларга эга бўлишига қарамай улар ўзаро версиялар эмас, мустақил достонлар эканлиги далилланган;
“Гул Санувбарга нима қилди?” форс халқ афсонасининг ўзбек фолклорига ўтиш шакли унинг матни, халқаро таржималари билан қиёсий таҳлили натижасида ўзбек халқ оғзаки ижодига “Гул Санобарга нима қилди, Санобар Гулга нима қилди?” эртаги шаклида локаллашгани исботланган;
“Зевархон” достони халқ эртаклари мотив, эпизодларининг ўзаро синтези натижасида шаклланган ва ўзбек, форс, араб, ҳинд эпик анъаналаридаги умумий мифопоетик қатламга эга эканлиги ҳамда достоннинг Фозил Йўлдош ўғли, Раҳматулла Юсуф ўғли репертуарларига оид нусхалари ўзаро версиялар сифатида илк бор изчил асосланган;
“Зевархон” достонининг анъанавий мотивлари ва образлар тизими типологияси, хусусан, достон матнидаги Семурғ, рўдапо, чорбоғ, сув каби образ ва эпик маконлар халқ тасаввуридаги қадимий маросим ва рамзларни акс эттирувчи мифологик кодлар эканлиги, улар қаҳрамоннинг руҳий камолотини босқичма-босқич ифодаловчи бадиий восита сифатида намоён бўлгани ойдинлаштирилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши:
“Зевархон” достонининг генезиси ва бадиий талқини мавзусини тадқиқ этиш бўйича олинган илмий натижалар асосида:
“Зевархон” достонининг Фозил Йўлдош ўғли ва Раҳматулла Юсуф ўғли версияларининг тўлдирилган, қайта нашрини тайёрлашда достон сюжетининг илдизлари, версиялар қиёсий таҳлилига оид илмий натижалардан Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ўзбек тили, адабиёти ва фолклори институтида бажарилган ОТ-Ф1-76 “Ўзбек халқ ижоди ёдгорликлари” 100 жилдлигини нашрга тайёрлаш ва уни текстологик ўрганиш масалалари” мавзусидаги фундаментал лойиҳада фойдаланилган. (Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг 2025-йил 25-июлдаги 3/1255-1826-сонли маълумотномаси). Натижада, лойиҳа достон сюжетининг генетик илдизлари билан “Китоби Санобар” ва “Маликаи Ҳуснобод”, “Озодачеҳра”, “Туҳматга учраган келин” халқ эртаклари , “Минг бир кеча” таркибидаги “Синдбод баҳрий” ва “Сайфулмулук” қиссаларида алоқаси, достон сюжети версиялари таҳлили асосидаги янги илмий-назарий маълумотлар билан бойитилган;
“Қорақалпоқ фолклоршунослиги антологияси”ни яратишда достон сюжети, мотив ва образлар тизими таҳлилига оид илмий хулосалардан Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида амалга оширилган АЛ-662204393-рақамли “Қорақалпоғистон фолклоршунослиги анталогиясини яратиш” мавзусидаги амалий лойиҳада фойдаланилган. (Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетининг 2025-йил 4-февралдаги 01-21-01/729-сонли маълумотномаси). Натижада, лойиҳа жараёнида “Зевархон” достони сюжетининг ўзбек, туркман, уйғур версиялари таҳлилидан олинган илмий-назарий хулосалардан антология тузишда фойдаланилган; шунингдек, тадқиқот натижалари Қорақалпоғистон халқ достончилиги материалларини таҳлил этишда, романик достонлардаги аёл образлари типологиясини аниқлашда амалий манба сифатида хизмат қилган.