Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯIDХП) орқали 347 турдаги хизмат онлайн шаклда кўрсатилиши йўлга қўйилган (ўтган йил шу даврига нисбатан ўсиш 135 фоиз).
Ҳисобот даврида 47 та хизмат жорий қилинган бўлса, йил якунига қадар Ягона порталдаги хизматлар сони 370 тага етказилади. Жорий қилинаётган барча электрон давлат хизматларининг тўлов жараёнлари Ягона биллинг тизимига уланади.
Бугунги кунда мазкур порталда рўйхатдан ўтган фойдаланувчилар сони 3 миллиондан ортган. Шунингдек, фойдаланувчилар томонидан портал хизматларидан йил бошидан жами 9.5 млн. маротаба фойдаланилган (ўтган йил шу даврига нисбатан ўсиш 160 фоиз).
Шу билан бирга, Ягона порталнинг мобил иловасида 155 та (ўсиш 375 фоиз) электрон давлат хизматлари аҳоли ва юридик шахсларга тақдим этилмоқда.
Аҳоли ва тадбиркорларга давлат хизматларини кўрсатишда қулайликлар яратиш мақсадида, ҳудудларда 1037 та почта алоқаси объектларида ЯIDХП платформасидан фойдаланган ҳолда 60 турдаги давлат хизматларини тақдим этиш йўлга қўйилган.
Шунингдек, Давлат хизматларидан фойдаланиш учун шахсни идентификациялашнинг мавжуд тизим ва воситаларига қўшимча равишда жисмоний шахсни идентификациялашнинг Мобиле-ID тизими жорий этилди.
Мобиле-ID тизими ёрдамида Ягона порталдаги 61 турдаги электрон давлат хизматларидан фойдаланиш жараёнида мажбурий тартибда Электрон рақамли имзо билан тасдиқлаш амалиётидан воз кечилади.
Мобиле-ID тизимида қисқа даврда 30 мингдан ортиқ фойдаланувчилар рўйхатдан ўтди.
2022 йил 1 апрелдан Тошкент шаҳрида, 2022 йил 1 июлдан эса бутун республика ҳудудида тиббиёт муассасалари томонидан ўлим ҳақида тиббий гувоҳнома бериш тартиби бекор қилиниб, фақат электрон тизим орқали ўлим ҳақида тиббий маълумотнома шакллантириш тартиби жорий этилди ҳамда ўлим ҳолати фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органларида қайд қилинганлиги ҳақида тиббиёт муассасалари томонидан берилган QR-код (матрик штрихли код) тасвири туширилган маълумотнома ўлим ҳақидаги гербли гувоҳномага тенглаштирилади ҳамда давлат органлари ва ташкилотлар томонидан қабул қилишни рад этиш қатъиян тақиқланди.
Бугунги кунда 19 турдаги давлат хизматлари комплекс бирлаштирилиши натижасида 6 турдаги композит шаклдаги хизматларни кўрсатиш йўлга қўйилди.
Масалан, туғилганликни қайд этиш билан боғлиқ комплекс давлат хизматидан фойдаланиш натижасида композит шаклда бир вақтнинг ўзида битта сўров орқали туғилганликни қайд этиш, оилавий поликлиникага ҳисобга қўйиш, бир марталик нафақа пулини олиш, ота-онанинг доимий рўйхатда турган манзили бўйича рўйхатга қўйиш, болани боғчага навбатга қўйиш хизматларидан фойдаланиш мумкин.
Ижтимоий ҳимоя ягона реестрига кириш учун ариза бериш, пенсия ҳақида маълумот, нафақа тайинлаш учун ариза бериш ва бошқа хизматлар ишга туширилди. Ушбу хизматлардан 2022 йил давомида 200 минг маротабадан кўп фойдаланилган бўлиб, фойдаланувчиларнинг ортиқча ҳаражатлари ва вақти иқтисод қилинган.
Ягона интерактив давлат хизматлари порталида Нафақа тайинлаш учун ариза бериш хизмати орқали пенсия ёшига етган бироқ етарли иш стажига эга бўлмаган шахслар, ёшидан қатъи назар иш стажига эга бўлмаган I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар ва  ногиронлиги бўлган болага қараган оналарга ёшга доир нафақаларни олиш учун ариза бериш имконияти яратилди. Бугунги кунга қадар мазкур хизмат орқали 164 мингдан ортиқ нафақалар тайинланган.
Бугунги кунда чора-тадбирлар дастурига киритилган 22 та хизмат Ягона порталда жорий этилди ҳамда хизматлар сони 340 тадан ортиқни ташкил этмоқда.


Манба: https://digital.uz/oz/activity_page/e_government

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish