Sayt test rejimida ishlamoqda

Раҳбарият. Олий аттестация комиссиясининг раҳбарияти ОАК раиси ва бош илмий котибдан иборат.

Юсупов Ахмадбек Таджиевич
Лавозими – Ўзбекистон Республикаси Олий аттестация комиссияси раиси
Қисқа биография 
Юсупов Ахмадбек Таджиевич – 1958 йилда Тошкент шаҳрида тўғилган. Маълумоти олий, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор.
1979 йил Тошкент халқ хўжалиги институтини тамомлаган.
Меҳнат фаолиятини 1979 йилда Тошкент чарм ва спорт буюмлари ишлаб чиқариш бирлашмасида бошлаган. 1982-1984 йилларда Тошкент шаҳар Шайҳонтохур тумани ёшлар иттифоқи қўмитаси нозири, 1984-1985 йилларда Тошкент чарм ва спорт буюмлари ишлаб чиқариш бирлашмаси муҳандис-технологи, 1985-1994 йилларда Ишлаб чиқариш кучларини ўрганиш кенгашининг кичик, катта, етакчи, бош илмий ходими ва бўлим мудири, 1994-1997 йилларда Иқтисодиёт институти директорининг илмий ишлар бўйича ўринбосари, 1997-2000 йилларда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Бош ташкилий-таҳлилий бошқармаси бошлиғи, 2000-2005 йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти Девонининг бош консультанти, 2005-2012 йилларда ОАК бош илмий котиби, 2014 йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат маслаҳатчисининг ўринбосари, 2014-2015 йилларда ОАК раиси, 2015 йилда Ўзбекистон Республикаси Президентининг фан, таълим, соғлиқни сақлаш ва спортни ривожлантириш масалалари бўйича Давлат маслаҳатчиси лавозимларида фаолият кўрсатган.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йилнинг 11 ноябрдаги қарорига мувофиқ ОАК раиси лавозимига тайинланган.
А.Т.Юсупов “Шуҳрат” медали билан мукофотланган.

ОАК раисининг асосий вазифалари:
Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари ва топшириқлари, Ҳукумат қарорлари ва топшириқларини ўз муддатида самарали ва натижали ижро этилиши ҳамда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини таалуқлилиги бўйича муддатида сифатли кўриб чиқилишини таъминлаш;
ОАК ваколатига кирувчи масалалар бўйича қарорлар қабул қилади ҳамда ОАКга юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилиши юзасидан шахсан жавоб беради;
ОАКнинг эксперт кенгашлари, бўлимлари ва бошқа бўлинмалари фаолиятини йўналтиради ва назорат қилади;
олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрларни аттестациядан ўтказиш масалалари бўйича ўз ваколатлари доирасида ОАК қарорларини, илмий даражалар бериш тўғрисидаги дипломларни ва илмий унвонлар бериш тўғрисидаги аттестатларни имзолайди;
ОАК аппаратининг ходимлари бажариши мажбурий бўлган буйруқлар чиқаради ва кўрсатмалар беради;
ОАК аппарати таркибий бўлинмалари тўғрисидаги низомни белгиланган тартибда тасдиқлайди;
ОАК аппарати ходимларини белгиланган тартибда лавозимга тайинлайди ва лавозимдан озод қилади;
зарурият бўлганда ходимларнинг белгиланган умумий сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фонди доирасида аппарат тузилмасига ўзгартиришлар киритади, ОАК аппаратининг штат жадвалини, шунингдек ОАК аппарати харажатлар сметасини тасдиқлайди;
қонун ҳужжатларига мувофиқ ўз ваколатлари доирасида бошқа ваколатларни амалга оширади.


Шермухамедов Абдулазиз Адилхакович
Лавозими – Ўзбекистон Республикаси Олий аттестация комиссияси бош илмий котиби
 Қисқа биография 
 Шермухамедов Абдулазиз Адилхакович – 1964 йилда Тошкент шаҳрида тўғилган. Маълумоти олий, техника фанлари доктори, профессор.
1986 йилда Тошкент давлат унверситетини тамомлаган.
Меҳнат фаолиятини 1986 йилда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ўрозбоев номидаги Механика ва иншоотлар сейсмик мустаҳкамлиги институти лаборанти лавозимида бошлаган. Кейинчалик ушбу ташкилотда катта муҳандис лавозимида ишлаган.
1988-2002 йилларда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ўрозбоев номидаги механика ва иншоотлар сейсмик мустаҳкамлиги институти аспиранти, кичик илмий ходими, илмий ходими, катта илмий ходими, докторанти, етакчи илмий ходими, лаборатория мудири вазифасини вақтинчалик бажарувчиси, 2002-2005 йилларда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг физика-математика ва техника фанлари бўйича вице-президенти хизмати раҳбари, 2005-2008 йилларда Тошкент автомобиль - йўллар институтининг илмий ишлар бўйича проректори, 2008-2018 йилларда Тошкент автомобил - йўллар институтида кафедра мудири лавозимларида фаолият кўрсатган.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 7 февралдаги 80-сонли қарорига мувофиқ ОАК бош илмий котиби лавозимига тайинланган.

ОАК бош илмий котибининг асосий вазифалари: 
Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари ва топшириқлари, Ҳукумат қарорлари ва топшириқларини ўз муддатида самарали ва натижали ижро этилиши ҳамда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини таалуқлилиги бўйича муддатида сифатли кўриб чиқилишини таъминлаш;
ҳимоя қилинган диссертацияларнинг Ўзбекистон Республикаси ОАК талабларига мувофиқлиги юзасидан жавоб беради ва илмий йўналишлар бўйича бош инспекторлар кирадиган Котибият фаолиятига раҳбарлик қилади;
фалсафа доктори (PhD) ва фан доктори (DSc) илмий даражаларини бериш бўйича ОАКга тақдим этилган аттестация иши (ҳужжатлари), диссертация ва унинг автореферати, илмий кенгаш қошидаги илмий семинар баённомаси, расмий оппонентлар тақризлари, бош инспекторлар томонидан берилган меъёрий-техник экспертиза натижаси ҳамда докторлик диссертациясига берилган эксперт хулосаси ва эксперт кенгаши қарорининг ОАК талабларига мувофиқлигини кўриб чиқади;
бош инспекторлар фаолиятини ташкил этади ва назорат қилади. Эксперт кенгашлари мажлислари жадвалини тузишни ташкил этади ва тасдиқлайди. Эксперт кенгашлари қарорлари, хулосалари ва таклифларининг ОАК талабларига мувофиқлигини кўриб чиқади ва ҳужжатларнинг муддатида сифатли тайёрлашни, шунингдек, Тартиб-қоида комиссиясига киритиладиган ҳужжатларни назорат қилади;
илмий унвонлар бериш бўйича тақдим этилган аттестация ишлари, улар экспертизаси бўйича берилган хулоса ва эксперт кенгашлари тавсияларининг ОАК талабларига мувофиқлигини кўриб чиқади;
норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш ва янги таҳририни тайёрлаш ҳамда тасдиқлашга тақдим этиш ишларини ташкил этади. Ихтисосликлар паспортининг янги таҳририни тайёрлаш, уларга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ишларини ташкил этади.


Шарипова Нигора Ильхамовна
Лавозими – Ўзбекистон Республикаси Олий аттестация комиссияси раисининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси.

Қисқа биография.
Шарипова Нигора Ильхамовна – 1961 йилда Тошкент шаҳрида тўғилган. Маълумоти олий. 1983 йилда Тошкент давлат университетини тамомлаган.
Меҳнат фаолиятини 1983 йилда Тошкент шаҳридаги 102-мактабда ўзбек тили ва адабиёти фани ўқитувчиси сифатида бошлаган. 1990-1993 йилларда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети “Ўзбек тили ва адабиёти” кафедраси ўқитувчиси, 1993-2015 йилларда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети ҳузуридаги Тил ўргатиш марказининг “Хорижликларга ўзбек ва рус тилларини ўқитиш” кафедраси мудири, 2015-2018 йилларда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети ҳузуридаги Тил ўргатиш марказининг директори лавозимларида ишлаган. 2020 йилдан эътиборан Ўзбекистон Республикаси Олий аттестация комиссияси раисининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси сифатида фаолият олиб боради.
ОАК раиси маслаҳатчисининг асосий вазифалари:
ОАК тизимида маънавий-маърифий соҳага ва давлат тилига оид қонун ҳужжатлари ҳамда дастурлар ва “йўл хариталари”нинг ижросини таъминлаш;
маънавий-маърифий соҳага ва давлат тилига оид қонун ҳужжатларига сўзсиз риоя этилишини, маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш борасидаги ишларни танқидий ўрганиш, бу борада аниқланган камчилик ва муаммоларни бартараф этиш юзасидан чора-тадбирларни амалга ошириш;
“Давлат тили тўғрисида”ги қонун ҳужжатлари талабларига сўзсиз риоя этилишини таъминлаш бўйича жамоатчилик назоратининг самарали шаклларини жорий этиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш ва уларнинг амалга оширилишида иштирок этиш;
маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш ҳамда давлат тилини ривожлантиришга оид қонун ҳужжатлари лойиҳаларини ишлаб чиқиш жараёнида фаол иштирок этиш;
диссертация ишлари ва ҳужжатларининг “Давлат тили тўғрисида”ги қонун ҳужжатлари талабларига мослиги юзасидан аттестация жараёнида иштирок этиш;
ОАК ходимларига давлат тилини чуқур ўрганишлари учун зарур шарт-шароитлар яратиш ҳамда давлат тилини кенг тарғиб қилиш ва ривожлантиришга, шу жумладан, “Ўзбек тили байрами куни”ни нишонлаш бўйича маданий-маърифий ва бошқа тадбирларни ташкил этиш;
географик ва бошқа топонимик объектлар, маданий мерос объектларига қонун ҳужжатларига мувофиқ ном берилиши борасидаги фаолиятни мониторинг қилиш ва бу борада аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан таклифлар киритиш;
ҳудудлардаги барча ташқи ёзувлар, шу жумладан лавҳалар, эълонлар, реклама ва кўргазмали бошқа ахборот матнлари, ташқи реклама материалларининг давлат тили ва “Реклама тўғрисида”ги қонун ҳужжатларига мувофиқ бўлишини таъминлаш;
давлат тилини ривожлантиришга оид илмий тадқиқот ишларини қўллаб-қувватлаш, илмий асосланган янги сўз ва атамаларни истеъмолга киритиш, замонавий атамаларнинг ўзбекона муқобилларини яратиш бўйича таклифлар киритиш;
норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларидаги тушунча ва атамаларнинг турлича изоҳлаш эҳтимолини истисно этадиган тарзда қонун ҳужжатларида қабул қилинган маъносига мувофиқ ягона шаклда ва тўғри қўлланилишини таъминлаш.


Шукурова Матлуба Ҳошимовна
Лавозими – Ўзбекистон Республикаси Олий аттестация комиссияси раисининг ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси - Ахборот хизмати раҳбари
Қисқа биография.
2022 йил 1 ноябрда  ОАК  раисининг ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси - Ахборот хизмати раҳбари лавозимига тайинланган.

Матбуот котибининг асосий вазифалари:
ОАК фаолияти ҳақида оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқлар, давлат органлари ва ташкилотларининг расмий веб-сайтлари, шунингдек, бошқа ахборот ресурслари орқали, жумладан, матбуот анжуманлари, брифинглар, медиатурлар ташкил этиш йўли билан аҳолига мунтазам, тўлиқ ва тезкор равишда ахборот тақдим этиб бориш;
ОАКда мамлакатимизнинг ижтимоий-сиёсий ва социал-иқтисодий тараққиёти жараёни ҳақида ахборот бериш ва ёритиш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;
ОАКнинг ижобий имижини шакллантириш ва илгари суриш, ижтимоий сўровлар ўтказиш ва бошқа шаклларда жамоатчилик фикрини ўрганиш;
ахборот сиёсати соҳасида зиммасига юкланган вазифаларни амалга оширишда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги (кейинги ўринларда — Агентлик) билан самарали амалий ҳамкорликни йўлга қўйиш;
оммавий ахборот воситалари билан самарали ҳамкорлик қилиш, ахборот хизматлари билан доимий ишловчи журналистлар ва блогерлар доирасида тезкор маълумотларни тарқатиш, шунингдек, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини муҳокама қилишда кенг аҳоли қатламларининг иштирокини таъминлаш мақсадида экспертлар гуруҳини шакллантириш;
мунтазам равишда оммавий ахборот воситаларида давлат ОАК раҳбарларининг чиқишларини ташкил этиш;
барча илмий йўналишлар бўйича бош инспекторлар билан биргаликда илмий даражалар берувчи илмий кенгашлар, олий таълим ва илмий ташкилотлар кенгашларининг олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар тайёрлашга оид фаолиятларини илмий экспертиза натижалари тўғрисидаги маълумотларни ОАВ ҳамда ижтимоий тармоқларда олиб бориш;
ахборот макони мониторингини олиб бориш ва таҳлил қилиш, танқидий ва кенг муҳокама қилинаётган ахборот хуружларига тезкор муносабат билдириш, оммавий ахборот воситалари ва Интернет тармоғида тегишли давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятига алоқадор ахборотни тарқатиш бўйича ишларни ташкил қилиш;
давлат органлари ва ташкилотлари билан биргаликда маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари орқали тарқатиш учун хабар, маълумот, шарҳ ва бошқа ахборот-таҳлилий материаллар тайёрлаш;
ОАК фаолияти тўғрисида жамоатчилик фикрини, миллий ва хорижий оммавий ахборот воситаларининг позициясини ўрганиш, долзарб таклифлар ишлаб чиқиш ва улар тўғрисида давлат органлари ва ташкилотлари раҳбариятига ахборот бериб бориш;
ОАК фаолиятини хорижий оммавий ахборот воситаларида сифатли ёритиш мақсадида ваколатли вазирликлар ва идоралар орқали Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик ваколатхоналарини, шунингдек, хорижий мамлакатларнинг Ўзбекистондаги дипломатик ваколатхоналарини ахборот материаллари (босма маҳсулотлар, фото-, аудио-, видео материаллар ва ҳ.к.) билан таъминлаш;
ОАК ваколатига кирувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг лойиҳалари ҳамда уларнинг тасдиқланган матнларини белгиланган тартибда ўз расмий веб-сайтларида жойлаштириш;
ОАК фаолиятига алоқадор матнли, фото-, аудио- ва видео материаллардан иборат маълумотлар базасини шакллантириш ва янгилаб бориш.

Yangiliklarga obuna bo‘lish