Sayt test rejimida ishlamoqda

Очилов Алишер Камиловичнинг 
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Сурункали гастритни даволаш жараёнида СYP2C19 гени аллель вариантларини ҳисобга олган холда табақалаштирилган ёндашув», 14.00.17 – Фармакология ва клиник фармакология (тиббиёт фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2019.2. PhD /Tib948.
Илмий рахбар: Мавлянов Искандар Рахимович, тиббиёт фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Бухоро давлат тиббиёт институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Тошкент тиббиёт академияси, DSc 04/30.12.2019. Tib.30.02.
Расмий оппонентлар: Каримов Мирвасит Мирвасиқович, тиббиёт фанлари доктори, профессор; Рустамова Мамлакат Тулябаевна, тиббиёт фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Тошкент педиатрия тиббиёт институти.
Диссертация йўналиши: амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: сурункали гастритли беморларда CYP2C19 гени генотип вариантларини учраш хусусиятларини аниқлаш орқали касаллик даво самарадорлигини баҳолаш ва персонал даво ўтказиш имкониятларини аниқлашдан иборат. 
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
илк бор сурункали гастритли беморларнинг 2/3 қисмида CYP2C19(G681A) генининг “одатий” аллелини сақловчи ва “тезкор” метаболизатор хусусиятини намоён қилувчи GG (CYP2C19*1/*1) генотипи ва 1/3 қисмида эса “ўртача” ёки оралиқ метаболизатор хусусиятини намоён қилувчи GА(CYP2C19*1/*2) генотипи  учраши, ҳамда саноқли беморларда “секин” метаболизатор хусусиятини намоён қилувчи ёки умуман ўз функциясини бажара олмайдиган мутант аллель сақловчи АА(CYP2C19*2/*2) генотипи учраши аниқланган;
илк бор сурункали гастритли беморларда  CYP2C19(G681A) генининг “тезкор” ва “секин” метаболизатор хусусиятини намоён қилувчи генотиплари эркак хамда аёл беморларда, шунингдек касалликнинг А,В,С типларида турлича учраши туфайли касалликнинг клиник намоён бўлиши, кечуви хусусиятлари ва даво натижаларида тафовутлар келиб чиқиши асосланган;
CYP2C19(G681A) генининг “тезкор” (CYP2C19*1/*1), “ўртача” (CYP2C19*1/*2) ва “секин” (CYP2C19*2/*2) метаболизатор хусусиятини намоён қилувчи генотиплари мавжуд беморларда касалликнинг клиник намоён бўлишида тафовутлар мавжудлиги туфайли “анъанавий” даво комплексида қўлланган дори воситалари структураси ҳам турлича эканлиги аниқланган;
илк бор сурункали гастритли беморларда  CYP2C19(G681A) генининг турли даражада метаболизатор хусусиятини намоён қилувчи генотипларини учрашига мос равишда касаллик фармакотерапияси самарадорлиги турлича бўлганлиги аниқланган, ҳамда ушбу касаллик фармакотерапияси  самарадорлигини таъминлаш учун  CYP2C19(G681A) гени генотипларига мувофиқ “персонал” даво схемаларини ишлаб чиқиш зарурияти асосланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. 
Сурункали гастритни даволаш жараёнида СYP2C19 гени аллел вариантларини ҳисобга олган ҳолда табақалаштирилган ёндашув бўйича олинган илмий натижалар асосида:
сурункали гастритнинг самарали ва хавфсиз фармакотерапиясида генетик омилнинг ролини аниқлаш бўйича олинган илмий натижалар асосида “CYP2C19 гени аллель вариантлари асосида сурункали гастрит фармакотерапияси” номли услубий тавсиянома тасдиқланган (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2021йил 9 декабрдаги 8н-з/522-сонли маълумотномаси). Олинган натижалар CYP2C19 гени аллель вариантларига кўра сурункали гастрит фармакотерапияси самарасини ошириш имконини берган;
CYP2C19 гени аллель вариантлари генотипларининг учраш сони ва унга кўра сурункали гастрит билан оғриган беморларни самарали даволашга табақалаштирилган ёндашув бўйича олинган илмий натижалар асосида “Генетик белгиларни ҳисобга олган ҳолда сурункали гастритни даволашда дифференциал ёндашув” номли услубий тавсиянома тасдиқланган (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2021 йил 9 декабрдаги 8н-з/522-сонли маълумотномаси). Олинган натижалар сурункали гастритни даволашда генетик белгиларни ҳисобга олган ҳолда табақалаштирилган  ёндашув имконини берган;
сурункали гастрит фармакотерапиясининг хусусиятлари ва унга CYP2C19 гени полиморфизмларининг таъсирини баҳолаш бўйича олинган илмий натижалар соғлиқни сақлаш амалиётига, жумладан, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Бухоро филиали, Бухоро вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази, Бухоро туман тиббиёт бирлашмаси амалиётига тадбиқ қилинган (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2022 йил 20 апрелдаги №08-10491 сонли маълумотномаси). Олинган натижалар сурункали гастрит фармакотерапияси самарадорлигининг ошириш ва сурункали гастрит билан оғриган беморлар ҳаёт сифати яхшиланиш имконини берган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish