Sayt test rejimida ishlamoqda

ОАК Раёсатининг 2018 йил 6 январдаги
248/2-сон қарори билан тасдиқланган

 Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси фаолияти бўйича ахборот олиш тўғрисидаги сўровларни кўриб чиқиш тартиби

1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси (ОАК) фаолияти бўйича ахборот олиш учун фойдаланувчи шахсан ўзи ёки қонунда белгиланган тартибда расмийлаштирилган унинг ваколатли вакили орқали ОАКга мурожаат қилиши мумкин. ОАК фаолияти тўғрисида ахборот олишга доир сўров оғзаки ёки ёзма шаклда (шу жумладан ОАК веб-сайти орқали электрон ҳужжат шаклида) берилиши мумкин.
2. ОАК фаолияти бўйича сўровда фойдаланувчининг почта манзили, телефон рақами, электрон почта манзили, фойдаланувчининг тўлиқ фамилияси, исми, отасининг исми кўрсатилиши, агар сўров юридик шахс томонидан берилган бўлса ташкилот номи, манзили ва мансабдор шахснинг Ф.И.Ш. кўрсатилиши шарт.
3. ОАК фаолияти бўйича ахборотлар давлат тилида ёки сўралаётган тилда тақдим этилади.
4. Қонунда белгиланган талаблар асосида аноним деб топилган сўров кўриб чиқилмайди.
5. ОАКга келиб тушган сўров ОАК матбуот хизмати томонидан рўйхатга олинади. Оғзаки ёки ёзма шаклда, шу жумладан ОАК веб-сайти орқали электрон шаклда келиб тушган сўровлар иш кунида рўйхатга олинади ва ижрога киритилади.
6. Оммавий ахборот воситаларининг ОАК фаолияти тўғрисида ахборот олишга доир, шунингдек ОАК раҳбариятининг интервьюсини ташкил этиш тўғрисидаги сўрови кўпи билан етти кун муддатда кўриб чиқилади. Агар оммавий ахборот воситасининг сўровини кўриб чиқиш ОАК ваколатига кирмаса, сўров сўралаётган ахборотни тақдим этиш ўзининг ваколатига киритилган органга рўйхатдан ўтказилган кундан эътиборан уч иш куни ичида юборилади, оммавий ахборот воситаси эса бу ҳақда хабардор қилинади. Сўров рад этилган тақдирда, оммавий ахборот воситасига асослантирилган жавоб юборилади.
7. ОАК фаолияти тўғрисидаги ахборотлар қуйидаги ҳолатларда тақдим этилмайди:
ахборот фойдаланувчиси манзили, электрон манзили ёки у билан боғланиш маълумотлари мавжуд бўлмаганда;
сўралган ахборотлар ОАК фаолиятига тааллуқли бўлмаган ҳолларда;
сўралган ахборотлар тарқатилиши чекланган ҳужжатлар тоифасига мансуб ҳолатда; 
сўралган ахборотлар аввал фойдаланувчига тақдим этилган бўлган ҳолларда. 
Юклаб олиш: Sorovlarni_korib_chiqish_tartibi.pdf

Yangiliklarga obuna bo‘lish