Sayt test rejimida ishlamoqda

Маматов Бахадир Сафаралиевичнинг 
фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар. 
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Ўзбекистон Республикасида фуқаролар пенсия таъминоти тизимини ривожлантириш йўналишлари», 08.00.07 – «Молия, пул муомаласи ва кредит» (иқтисодиёт фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2021.1DSc/Iqt292.
Илмий раҳбар: Вахабов Алишер Васикович, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент молия институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тошкент молия институти, DSc.03/30.12.2019.I.17.01.
Расмий оппонентлар: Карлибаева Рая Ходжабаевна, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор; Умурзаков Баходир Хамидович, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор; Саттаров Одилжон Бердимуратович, иқтисодиёт фанлари доктори, доцент.
Етакчи ташкилот: Ўзбекистон миллий университети.
II. Тадқиқотнинг мақсади Ўзбекистон Республикасида фуқаролар пенсия таъминоти тизимини барқарор ривожлантириш бўйича илмий таклиф ва амалий тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат. 
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
давлат томонидан кафолатланган минимал пенсиялар, бирдамлик тамойилига асосланган ва жамғариб бориладиган пенсиялар ҳамда хусусий пенсиялардан таркиб топган уч босқичли пенсия таъминоти тизимини жорий қилиш таклиф этилган; 
республика бюджетидан трансферт шаклида субсидия ажратиш орқали бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг дефицитини қоплаш асосида унинг молиявий барқарорлигини таъминлаш асосланган;
боқувчисини йўқотганлик пенсиясини олувчиларнинг ҳар бир меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун пенсияни ҳисоблаш базавий миқдорининг 20 фоизи миқдорида қўшимча тўлов жорий этиш ҳамда ўқувчиларга 23 ёшга тўлгунга қадар боқувчисини йўқотганлик пенсиясини тўлаш таклиф этилган;
пенсияни ҳисоб-китоб қилиш учун олинадиган ўртача ойлик иш ҳақининг максимал миқдорини пенсияни ҳисоблаш базавий миқдорининг ўн баробаридан ўн икки баробаригача ошириш таклиф этилган;
аёлларга пенсия ҳисоблашда уларнинг болани парваришлаш таътилида бўлиш вақтининг ҳаммасини жамлаганда иш стажига қўшиб ҳисобланадиган 3 йиллик даврни 6 йилга ошириш ҳамда болаликдан ногиронлиги бўлган болаларга 18 ёшгача қаралган даврни пенсия тайинлашда иш стажига қўшиб ҳисоблаш асосланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Фуқаролар пенсия таъминоти тизимини ривожлантириш бўйичa олинган илмий натижалар aсoсидa:
давлат томонидан кафолатланган минимал пенсиялар, бирдамлик тамойилига асосланган ва жамғариб бориладиган пенсиялар ҳамда хусусий пенсиялардан таркиб топган уч босқичли пенсия таъминоти тизимини жорий қилиш таклифи Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28 январдаги ПФ-60-сон «2022-2026 йилларга мўлжалланган янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида»ги фармонини ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг 2022 йил 29 апрелдаги 30-01-01-32/80223007-сон маълумотномаси). Натижада, аҳолининг пенсия бадалини тўлашдан манфаатдорлиги оширилган ҳамда келажакдаги пенсия миқдорини ўзи белгилаш имконига эга бўлган;
пенсия тўловларини (харажатларини) тўлиқ ва ўз вақтида молиялаштирилишини таъминлаш учун республика бюджетидан трансферт шаклида субсидия ажратиш орқали бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг дефицитини қоплаш асосида унинг молиявий барқарорлигини таъминлаш бўйича таклиф Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 25 декабрдаги ЎРҚ-657-сонли «2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги Қонунида ўз аксини топган (Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг 2021 йил 8 январдаги 05/24-01-37/123-сон маълумотномаси). Натижада, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига 2021 йилда давлат бюджетидан 12874 млрд. сўм пул маблағи ажратиш орқали Пенсия жамғармаси молиявий барқарорлигининг таъминланишига эришилган;
ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган оилаларни қўллаб-қувватлаш механизмларини янада такомиллаштириш мақсадида боқувчисини йўқотганлик пенсиясини олувчиларнинг ҳар бир меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун пенсияни ҳисоблаш базавий миқдорининг 20 фоизи миқдорида қўшимча тўлов жорий этиш ҳамда ўқувчиларга 23 ёшга тўлгунга қадар боқувчисини йўқотганлик пенсиясини тўлаш таклифи Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 4 июндаги ПФ-6241-сон «Аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонини ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг 2021 йил 8 январдаги 05/24-01-37/123-сон маълумотномаси). Натижада, 2021 йилнинг ўзида 189067 та боқувчисини йўқотганлик пенсиясини олувчиларнинг реал даромадларини ва ижтимоий ҳимояланишини ошириш имконияти яратилган; 
пенсионерларни ижтимоий жиҳатдан янада қўллаб-қувватлаш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, пенсия миқдори ва ходимнинг меҳнат ҳиссаси ўртасидаги ўзаро боғлиқликни ошириш мақсадида пенсияни ҳисоб-китоб қилиш учун олинадиган ўртача ойлик иш ҳақининг максимал миқдорини пенсияни ҳисоблаш базавий миқдорининг ўн баробаридан ўн икки баробаригача ошириш тавсияси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28 январдаги ПФ-60-сон «2022-2026 йилларга мўлжалланган янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида»ги фармонини ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг 2021 йил 8 январдаги 05/24-01-37/123-сон маълумотномаси). Натижада, йиллик ўртача 1,2 трлн. сўм миқдоридаги маблағлар пенсионерларнинг реал даромадларини оширишга йўналтирилиши ҳисобланган ҳамда фуқароларнинг меҳнат қилиш даври давомийлигини рағбатлантиришга ижобий таъсир кўрсатиши аниқланган;
аёлларни янада қўллаб-қувватлаш, баркамол авлодни тарбиялашдаги юксак масъулиятини ошириш мақсадида аёлларга пенсия ҳисоблашда уларнинг болани парваришлаш таътилида бўлиш вақтининг ҳаммасини жамлаганда иш стажига қўшиб ҳисобланадиган 3 йиллик даврни 6 йилга ошириш ҳамда болаликдан ногиронлиги бўлган болаларга 18 ёшгача қаралган даврни пенсия тайинлашда иш стажига қўшиб ҳисоблаш таклифи Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28 январдаги ПФ-60-сон «2022-2026 йилларга мўлжалланган янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида»ги фармонини ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг 2021 йил 8 январдаги 05/24-01-37/123-сон маълумотномаси). Натижада, 70 фоиз аёлларнинг бола парваришлаш таътилида бўлиш вақтининг ҳамда болаликдан ногиронлиги бўлганларга 18 ёшгача қаралган даврнинг пенсия тайинлашдаги иш стажига қўшиб ҳисобланиши уларнинг пенсия миқдорлари ошишига имкон яратиши аниқланган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish