Sayt test rejimida ishlamoqda

Алламбергенов Анвар Эркабаевичнинг 
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи): “Ўзбек адабиётида Абу Райҳон Беруний образи талқинларининг қиёсий таҳлили (Насрий асарлар мисолида)”, 10.00.02 – Ўзбек адабиёти (филология фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2019.1.PhD/Fil.705.
Илмий раҳбарнинг фамилияси, исми, шарифи, илмий даражаси ва унвони: Ҳамдамов Улуғбек Абдуваҳобович, филология фанлари доктори. 
Диссертация бажарилган муассаса номи: Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: ЎзР ФА Ўзбек тили, адабиёт ва фольклори институти, DSc.02/30.12.2019.Fil.46.01.
Расмий оппонентлар: Каримов Баҳодир Нурметович, филология фанлари доктори, профессор; Ҳамроқулов Аъзам Шермуҳаммедович, филология фанлари номзоди. 
Етакчи ташкилот: Нукус давлат педагогика институти.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади ўзбек адабиётида, хусусан насрий асарларда Абу Райҳон Беруний образи поэтик талқини орқали ёзувчилар тарихий ҳақиқат ва бадиий тўқима мутаносиблигига қанчалик эътибор қаратганлигини, муаллифларнинг маҳоратини, асарлардаги муштарак ва ўзига хос жиҳатларини очиб беришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
ижодкорлар томонидан хилма-хил жанр ва услубда яратилган асарларда тарихийлик тамойили орқали уч муҳим омил – муҳит, муаммо ва шахс қиёфасининг холис ёритилганлиги, тарихий талқин ижодкор дунёқараши, эстетик баҳолаш мезони ва тасвирлаш принципи билан уйғунлаштирилганлиги, ҳаёт ҳақиқати ва бадиий  тўқима муносабати меъёрига риоя қилинганлиги, шунингдек, концептуал асосга эга бўлган муаллиф адабий позицияси кўрсатилган;
Абу Райҳон Беруний ҳақидаги тарихий материаллар, шунингдек, алломанинг ўз асарлари орқали бизгача етиб келган маълумотларнинг бадиий адабиётдаги инъикосидан келиб чиққан ҳолда давр ва тарихий шахс концепцияси, ижодкор индивидуаллиги, талқинлараро ўзига хослик ҳамда муштараклик масалаларининг умумлашма ҳолати кўрсатиб берилган;
тарихий шахснинг бадиий талқинида поэтик нутқ, манзара, фалсафий идрок ва образ мантиғига кўра бир-биридан ажралиб турадиган ижод намуналарида шахс мақоми тамомила янгиланганлиги ҳар бир ижодкорга хос поэтик маҳорат белгиларининг ўзаро муқоясаси асосида далилланган;
Абу Райҳон Беруний образи талқинлари мисолида тарихий ҳақиқатнинг бадиий ҳақиқатга айланиши нуқтаи назаридан ўзбек адабиётшунослигида тарихий шахс образи яратилишининг асосий тамойиллари белгилаб берилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Ўзбек адабиётидаги Беруний образи талқинлари қиёсий таҳлили натижалари асосида:
ўзбек насрида Беруний образи талқинлари асосида тарихий шахс образини яратиш тамойиллари, тарихий шахс образига ёндашув масаласи, тарихий асар бадиияти ҳамда ёзувчиларнинг бадиий маҳорати масаларига оид хулосалардан ЎзР Фанлар академияси Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институтида амалга оширилаётган ОТ-Ф1-77 “Ўзбек адабиёти дурдоналари 100 жилдлигини нашрга тайёрлаш” (2017–2021 йй.) фундаментал илмий лойиҳасини бажаришда фойдаланилган (ЎзР Фанлар академиясининг 2021 йил 13 августдаги 3/1255-2241-сон маълумотномаси). Натижада Миркарим Осимнинг “Жайхун устида булутлар” қиссасининг мазкур илмий лойҳада тайёрланган янги нашрида тарихий шахс образи хусусан Беруний сиймоси  ҳақида батафсил маълумот беришга эришилган;
янги ўзбек насрида тарихий шахслар образининг яратилиши, бугунги глобаллашув жараёнида тарихий шахслар, хусусан, Абу Райҳон Беруний образининг бадиий адабиётда ёритилишини ўрганишда “Тарихий ҳақиқат ва турфа талқинлар”, “Қиссаларда даҳо қисмати”, “Абу Райҳон Берунийнинг эпизодик образ сифатидаги талқини” каби мақолаларидаги қиёсий таҳлиллардан Фанлар академияси Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институтида бажарилган ОТ-Ф1-80 “Глобаллашув муаммоларининг бадиий талқини ва замондош образи” (2012-2016 йй.) фундаментал лойиҳасида фойдаланилган (ЎзР Фанлар академиясининг 2021 йил 13 августдаги 3/1255-2241-сон маълумотномаси). Натижада тарихий шахс образи ва замонамиз қаҳрамонлари образларини қиёсий текшириш имконияти янада аниқлаштирилган;
Абу Райҳон Беруний образи талқинларининг қиёсий таҳлилига оид илмий-назарий хулосалардан Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси “O‘zbekiston” телеканалида тайёрлаб, эфирга узатилган илмий-маърифий кўрсатувларда, хусусан “Таълим ва тараққиёт” ҳамда “Ибратга йўғрилган умр” теле кўрсатувлари сценарийсини тайёрлашда фойдаланилган (Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси “O‘zbekiston” телеканали давлат унитар корхонасининг 2021 йил 26 январдаги  02-13-110-сон маълумотномаси). Натижада кўрсатувларда кўтарилган адабий масалаларнинг илмий асоси таъминланган;
ўзбек адабиётида Абу Райҳон Беруний образини очиб беришда, ўзига хос талқин қилишда ёзувчи ва шоирларнинг услубий ўзига хослиги ҳақидаги таҳлилий натижалардан Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси “Ўзбекистон” телерадиоканалининг “Бедорлик”, “Наволарда сўз жаранги”, “Санъат ва биз” каби радио эшиттиришининг эфирга узатилган қатор сонларининг сценарийсини тайёрлашда фойдаланилган (Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси “Ўзбекистон” телерадиоканали давлат унитар корхонасининг 2021 йил 14 январдаги 04-25-61-сон маълумотномаси). Натижада янги ўзбек адабиётида ижодкорларнинг турли жанрлардаги ижодий изланишлари ҳақидаги кузатишлар радио тингловчиларнинг қизиқишини орттирган, тарихий асарлар ва тарихий шахс образи билан боғлиқ масалалар бўйича турли адабий, маданий-маърифий эшиттиришлар савиясини янада орттиришга хизмат қилган;
тарихий шахс образини талқин қилишда ҳаёт ҳақиқат ва бадиий тўқима муносабатини тартибга солиш, концептуал асосга эга бўлган муаллиф адабий позициясини аниқлашга оид хулосалардан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг Наср кенгаши ҳисобот йиғилишларида, адабий тўгарак фаолиятларида, адабий кечалар, ёш носирлар маҳорат дарсларида, ёш ижодкорлар билан бўлган учрашувларда тадқиқот натижаларидан унумли фойдаланилган (Ёзувчилар уюшмасининг 2021 йил 18 февралдаги 09-31/07-сон маълумотномаси). Натижада ёш носирларга тарихийлик тамойилларига холислик билан ёндошиш кераклиги, тарихий ҳақиқатга путир етказиш яхшилик келтирмаслиги кўрсатиб берилган.  

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish