Sayt test rejimida ishlamoqda

Одилов Исломжон Комилжон ўғлининг 
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Минерал ўғитлар меъёрларини қанд лавлагидан уруғ ҳосили олишдаги самарадорлиги (Наманган вилоятининг оч тусли бўз тупроқлари шароитида)”, 06.01.04 - Агрокимё (қишлоқ хўжалиги фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2021.4.PhD/Qx559.
Илмий раҳбар: Сулаймонов Иномжон Жамолдинович, қишлоқ хўжалиги фанлари номзоди, катта илмий ходим.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Наманган давлат университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тупроқшунослик ва агрокимё илмий-тадқиқот институти, DSc.25/30.12.2019.Qx/B.43.01.
Расмий оппонентлар: Каримов Хусниддин Нагимович, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, катта илмий ходим; Мирзаев Лутфилло Арабжонович, қишлоқ хўжалиги фанлари номзоди, катта илмий ходим.
Етакчи ташкилот: Тошкент давлат аграр университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади Наманган вилояти суғориладиган оч тусли бўз тупроқлари шароитида қанд лавлагидан юқори ва сифатли уруғ ҳосили олишни таъминлайдиган мақбул ўғит қўллаш меъёрларини ҳамда ушбу меъёр фонида тупроқда ҳосил бўлган ҳаракатчан (N-NО3:Р2О5:К2О) озиқа моддаларини ўсимлик, илдиз ва анғиз таркибидаги NРК миқдорларини аниқлаш асосида тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
қанд лавлагининг оналик илдизмевасини совуқда нобуд (96% сақлаб қолинган) бўлмаслигига қаратилган инновацион агротехнология (чуқур кулътивация қилиб оналик илдизмевани устини ёпиш) ишлаб чиқилган;
суғориладиган оч тусли бўз тупроқлар шароитида минерал ўғитларни N200Р150К200 кг/га меъёрларда қўлланилиши натижасида қанд лавлаги уруғининг унувчанлиги 94 фоизга етиши илмий асосланган;
қанд лавлагини шоналаш фазасида тупроқ таркибида азот – 14,3 мг/кг, фосфор – 27,4 мг/кг, калий – 240 мг/кг бўлганда юқори уруғ олиниши исботланган;
қанд лавлаги уруғини пишиб етилиш фазасида ўсимлик таркибида озиқа элементлар миқдори N-158,2: P-116,8: K-153,4 кг/га (1:0,7:0,9 нисбатда) бўлса 24 фоиз юқори ҳосил шаклланишга имкон яратилиши асосланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Қанд лавлагининг уруғ ҳосили сифатини оширишда минерал ўғитларнинг аҳамияти бўйича олинган илмий натижалари асосида:
«Қанд лавлагидан уруғлик олишнинг инновацион агротехнологияларида минерал ўғитларнинг самарадорлиги» номли тавсиянома ишлаб чиқилиб Наманган вилояти қишлоқ хўжалиги бошқармасида амалиётга жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалик вазирлигининг 2021 йил9 сентябрдаги №02/025-3742-сон маълумотномаси). Натижада, ушбу тавсиянома вилоятдаги фермер ва дехқон хўжаликларида минерал ўғитлардан самарали фойдаланиш орқали қанд лавлагидан сифатли уруғлик олишда қўлланма сифатида хизмат қилган; 
суғориладиган оч тусли бўз тупроқлар шароитида парваришланадиган қанд лавлагидан юқори уруғ ҳосилини шакллантиришда минерал ўғитларнинг мақбул (N200P150K200) меъёрлари Наманган вилоятининг Тўрақўрғон туманидаги «Боғи оқибат» фермер хўжалигининг 2,1 га, «Давронбек Шоядбек» фермер хўжалигининг 2,6 га, «Олимобот» фермер хўжалигининг 1,4 га майдонларида ва Чортоқ туманидаги «Жамшид Иброхим Шохжахон» фермер хўжалигининг 1,5 га, «Олимжон Абдуғани Абдували» фермер хўжалигининг 1,8 га, «Пахлавон Рустам Сатимбой» фермер хўжалигининг 1,2 га, «Бувабой Робахон файзи» фермер хўжалигининг 1,4 га, жами 12 га майдонларида амалиётга жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалик вазирлигининг 2021 йил 9 сентябрдаги №02/025-3742-сон маълумотномаси). Натижада, қанд лавлагининг уруғ ҳосили учун минерал ўғитлар меъёрларини тўғри белгиланиши ҳисобига хўжаликда олинаётган ҳосилга нисбатан гектарига 2,1 ц/га қўшимча ҳосил олишга эришилган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish