Sayt test rejimida ishlamoqda

Журоев Алижан Абдиғаниевичнинг 
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Минерал ўғитлар меъёрлари ҳамда экиш усулларини такрорий экилган қанд лавлаги илдизмева ҳосили ва сифатига таъсири”, 06.01.04 - Агрокимё (қишлоқ хўжалиги фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2018.2.PhD/Qx273.
Илмий раҳбар: Сулаймонов Иномжон Жамолдинович, қишлоқ хўжалиги фанлари номзоди, катта илмий ходим.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тупроқшунослик ва агрокимё илмий-тадқиқот институти, DSc.25/30.12.2019.Qx/B.43.01.
Расмий оппонентлар: Ниязалиев Бегали Ирсалиевич, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор; Баиров Абдунаби Жўраевич, қишлоқ хўжалиги фанлари номзоди, катта илмий ходим.
Етакчи ташкилот: Самарқанд давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади Андижон вилояти суғориладиган бўз–ўтлоқи тупроқлари шароитида биогумусли капсула билан капсулаланган уруғларни экиш ҳамда минерал ўғитларнинг мақбул меъёрларини белгилаш орқали такрорий экилган қанд лавлагидан юқори ва сифатли илдизмева ҳосилини олишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
суғориладиган бўз–ўтлоқи тупроқлар шароитида такрорий экилган қанд лавлагидан юқори ва сифатли илдизмева ва барг ҳосили етиштириш бўйича мақбул минерал ўғит (N200P150K200 кг/га) меъёрлари ва капсулалаб (биогумус ва тупроқ 75/25) экиш усули ишлаб чиқилган; 
юқори ва сифатли қанд лавлаги илдизмева ҳамда барг ҳосили шаклланиши учун илдизмева ривожланиши фазасида тупроқда ҳаракатчан озиқа элементларнинг (N–24,1 мг/кг: P–30,1 мг/кг: K–216,7мг/кг) мақбул миқдорлари аниқланган;
қанд лавлагини вегетация даврида озиқа элементларга энг юқори бўлган (илдиз мева ривожланиш даврида N–149,6 мг/кг: P–83,8 мг/кг: K–137,2 мг/кг) талаби ва нисбат (1:0,6:0,9)лари илмий асосланган;
суғориладиган бўз–ўтлоқи тупроқларда ҳаракатчан озиқ моддаларнинг мақбул миқдори, қанд лавлагининг ўсиб–ривожланиши, қуруқ масса тўплаши, озиқ моддаларни ўзлаштириши, юқори ва сифатли илдизмева ҳамда барг ҳосили шакллантиришини белгилайдиган минерал ўғитлар қўллашнинг мақбул тизими асосланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Такрорий экилган қанд лавлагининг илдизмева ва барг ҳосили сифатини оширишда экиш усуллари, минерал ўғитларнинг аҳамияти бўйича олинган илмий натижалари асосида:
«Такрорий экилган қанд лавлаги етиштиришда минерал ўғитлар меъёри ва экиш усулларининг аҳамияти» номли тавсиянома ишлаб чиқилиб Андижон вилоятининг Избоскан ва Пахтаобод туманларининг қишлоқ хўжалиги бўлимларида амалиётга жорий қилинган (Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2021 йил 11 мартдаги 02/025–1007–сон маълумотномаси). Натижада, кузги буғдойдан бўшаган майдонларга такрорий экин сифатида қанд лавлаги уруғлари турли нисбатда биогумус ва тупроқ аралашмаси билан капсулалаб экилган ҳамда минерал ўғитлардан мақбул меъёрларда фойдаланган ҳолда тупроқ унумдорлигини ошириш бўйича тадбирларни белгилашда қўлланма сифатида хизмат қилмоқда;
қанд лавлаги уруғини экишдан олдин 80–100 фоиз намлаб, 75 фоиз биогумус ва 25 фоиз тупроқ аралашмаси билан капсулалаб такрорий экин сифатида экилган ҳамда минерал ўғитлар N200P150K200 кг/га меъёрда қўллаш технологияси Андижон вилоятининг Избоскан туманидаги «Чуама ифтихори» фермер хўжалигида 13 га, «Абдурайимжон замин ютуғи» фермер хўжалигида 14 га ва Пахтаобод туманидаги «Холполвон Неъмат» фермер хўжалигида 12 га, «Тулпор» фермер хўжалигида 9 га, «Юлдузхожи чорваси» фермер хўжалигида 8 га, жами 56 гектар майдонда жорий қилинган (Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2021 йил 11 мартдаги 02/025–1007–сон маълумотномаси). Натижада, қанд лавлагидан 372 ц/га илдизмева ҳосили ва 83 ц/га озуқабоп барг ҳосили олинган;
қанд лавлаги уруғини экишдан олдин 80–100 фоиз намлаб, 100 фоиз биогумус билан капсулалаб такрорий экин сифатида экилган ҳамда минерал ўғитлар N150P100K150 кг/га меъёрда қўллаш технологияси Андижон вилояти Избоскан тумани «Абдуғаниев Азизбек» фермер хўжалигида 12 гектар майдонга жорий қилинган (Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2021 йил 11 мартдаги 02/025–1007–сон маълумотномаси). Натижада, қанд лавлагидан 314 ц/га илдизмева ҳосили ва 89 ц/га озуқабоп барг ҳосили  олинган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish