Sayt test rejimida ishlamoqda

Кошева Дилрабо Худоёровнанинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи): «Инглиз ва ўзбек тилларидаги нутқ феълларининг семантик типологияси, ўзаро таржимаси ва лексикографик талқини», 10.00.06 - Қиёсий адабиётшунослик, чоғиштирма тилшунослик ва таржимашунослик (филология фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2020.2.PhD/Fil1302.
Илмий раҳбар: Менглиев Бахтиёр Ражабович, филология фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Навоий давлат педагогика институти. 
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Бухоро давлат университети, DSc.03/04.06.2021.Fil.72.03.
Расмий оппонентлар: Ахмедов Ойбек Сапорбаевич, филология фанлари доктори, профессор; Ходжаева Дилафрўз Иззатиллоевна, филология фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD), доцент.
Етакчи ташкилот: Урганч давлат университети.    
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади инглиз ва ўзбек тилларидаги нутқ феълларининг контекстуал таржима муқобилларини топиш ва лексикографик талқинини амалга оширишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги: 
инглиз ва ўзбек тилларидаги бир хил шаклга эга (колексификациялашган) нутқ феълларининг семантик-синтагматик табиатидаги фарқли жиҳатлари туфайли уларнинг тил фойдаланувчиси онгида фоносемантик ассоциациялар ҳосил қилиши ҳамда лексик ифодаланишида номувофиқлик даражасининг юқори эканлиги аниқланган; 
юқори лексик эквивалентлик касб этувчи инглиз ва ўзбек тилларидаги нутқ феълларининг ўзаро контекстуал-стилистик таржимасини лексик-синтактик трансформациялар орқали мувофиқлаштириш зарурлиги таржима қилинаётган асар бадиий руҳи ва савиясини сақлаб қолишда шартланиши асосланган; 
инглиз ва ўзбек тилларидаги нутқ феълларининг нутқий ҳаракат ифодаловчи ибораларнинг жуда паст муқобиллик даражасини намоён этишида нутқ феъллари универсал ҳодиса бўлиши, маданият омили шакллантирувчи куч сифатида воқеланиши далилланган; 
фаол ва нофаол табиатига кўра таржима луғатларининг турлича микроструктура тамойиллари (оғзаки ва ёзма ахборот яратиш, оғзаки ёки ёзма матнни талқин қилиш) асосида яратилиши уларнинг коммуникатив функциясининг бажарилишидаги муҳим шарт эканлиги исботланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Инглиз ва ўзбек тилларидаги нутқ феълларининг семантик типологияси, ўзаро таржимаси  ва лексикографик талқинини тадқиқ этиш бўйича олинган илмий натижалар асосида:
инглиз ва ўзбек тилларидаги нутқ феълларининг семантик хусусиятлари, коннотатив-баҳо муносабатлари ва семантик-тематик таснифларидан ҳамда халқ оғзаки жанрларидан достон, мақол, матал, эртак, қўшиқ кабилар тил ва маданият муносабатларини акс эттирувчи бирликлар сифатида намоён бўлишига доир хулосалардан  Қорақалпоқ гуманитар фанлар илмий тадқиқот институти томонидан 2017-2020 йилларда бажарилган ФА-Ф-1-005 рақамли “Қорақалпоқ фольклоршунослиги ва адабиётшунослигини тадқиқ этиш” мавзусидаги фундаментал лойиҳада фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Қорақалпоғистон бўлимининг 2021 йил 5 февралдаги 17-01/287-сон маълумотномаси). Натижада лойиҳа доирасида тайёрланган илмий мақолалар, монографияларнинг ҳамда фольклор асарларининг тил хусусиятларини ўрганишга оид олиб борилган изланишлар илмий савияси юксалтирилган; 
инглиз ва ўзбек тилларидаги нутқ феълларининг семантик таҳлили ва замонавий луғатлардаги микроструктураси тамойилларидан ҳамда инсон қиёфаси, феъл-атвори ва индивидуал характер хусусиятларини поэтик шаклда миллий тимсоллар тасвири орқали тадқиқ этишга оид хулосалардан Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида бажарилган I-OT-2019-42 “Ўзбек ва инглиз тилларининг электрон (Инсон қиёфаси, феъл-атвори, табиат ва миллий тимсоллар тасвири) поэтик луғатини яратиш” мавзусидаги инновацион лойиҳада фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2021 йил 7 январдаги 89-03-77-сон маълумотномаси). Натижада миллий-маданий табиатни намоён этувчи нутқ феълларининг тиллараро ўзаро мувофиқ таржимаси муаммоларини очишга эришилган;   
таржимада функционал-стилистик эквивалентликка эришиш борасидаги тавсиялардан Ўзбекистон Республикаси Нотариал палатаси томонидан ҳужжатлар нусхаларининг ва ҳужжатлардан олинган кўчирмаларнинг тўғрилигини ҳамда ҳужжатларнинг бир тилдан бошқа тилга тўғри таржима қилинганлигини шаҳодатлашда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Нотариал палатасининг 2021 йил 26 январдаги 4/1-18-сон маълумотномаси). Натижада нотариал ҳужжатларнинг мувофиқ таржимаси амалга оширилган, бу жараёндаги ғализликларга барҳам берилган ва таржима қилинган маълумотлар савияси оширилган;  
оммада тиллараро мулоқот маданиятини шакллантириш компетенцияларини ривожлантириш, чоғиштириш асносида аксар нутқ феълларининг тиллараро ўзаро бир хил ёки жуда ўхшаш семаларни ифодалаши, яъни юқори лексик эквивалентликка эгалиги, нутқий ҳаракат ифодаловчи иборалар жуда паст муқобиллик даражасини намоён этиши ҳақидаги фикр ва тавсияларидан Навоий вилояти телерадиокомпаниясининг “Ассалом, Янги кун”, “Қадрият”, “Мозийга назар”, “Ижтимоий ҳаёт” кўрсатувлари ҳамда “Жавондаги жавоҳир”, “Кун мавзуси” радиоэшиттиришларида фойдаланилган. (Ўзбекистон Республикаси Миллий телерадиокомпаниясининг 2021 йил 11 февралдаги 04-15/313-сон маълумотномаси). Натижада кўрсатувлар ўзбекча-инглизча мулоқот маданиятининг ўзига хос хусусиятлари ва тиллараро таржима техникаларига оид назарий маълумотлар билан бойитилган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish