Sayt test rejimida ishlamoqda

Саттаров Эркинбайнинг 
фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Ўзбекистон Республикаси прокуратураси раҳбар кадрлар захирасини шакллантириш тизимининг ижтимоий-психологик такомиллашуви”, 19.00.05 - Ижтимоий психология. Этнопсихология, 19.00.03 -  Инсон касбий фаолияти психологияси (психология фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2022.2.DSc/Р36 (В2020.3.DSc/Р36).
Илмий маслаҳатчи: Исмагилова Файруза Салихджановна, психология фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тошкент давлат педагогика университети, PhD.03/30.12.2021.P.26.02.
Расмий оппонентлар: Қодиров Умарали Дўстқобилович, психология фанлари доктори, доцент; Ҳаитов Ойбек Эшбоевич, психология фанлари доктори, доцент; Тошев Бобоқул Норқобилович, юридик  фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Тошкент давлат шарқшунослик университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади прокуратура соҳаси раҳбар кадрлар захирасини шакллантириш тизимининг методологик-услубий ҳамда ташкилий-психологик ва ижтимоий-психологик жиҳатдан такомиллаштириш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқишдан  иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
прокуратура органи раҳбари фаолияти муваффақиятли бўлишини таъминлашда “профессионал”, “лидерлик” компетенциялари ва “шахс сифатлари” билан биргаликда экстремал вазиятда оператив қарор қабул қилиш ва масъулиятни ўз зиммасига олишга тайёрликни ўз ичига олувчи “экстремал” компетенция етакчи компетенциялардан бири эканлиги асослантирилиб, унга кўра прокуратура кадрлар захирасига номзоднинг ушбу компетенцияларини ривожлантирувчи модели такомиллаштирилган;
прокуратура тизими бўлғуси раҳбарларида шахслараро муносабатларни тўғри ташкил этиш компетенцияларини шакллантириш кадрлар захирасига касбий танлов, номзодларни касбий психологик тайёрлаш билан бирга уларга психологик ҳамроҳлик қилишни комплекс ташкил этиш орқали ижтимоий-психологик жиҳатдан такомиллаштирилган; 
прокуратура тизими кадрлар захираси иштирокчиларининг касбий ривожланишини инсон ривожланишининг яширин имкониятларини излашдан, унинг шахсий имкониятларига таянган ҳолда ташқи олам билан алоқаларини қайта тиклаш учун психологик шароитлар яратишдан иборат бўлган “психологик ҳамроҳлик қилиб бориш” бўлғуси раҳбарларнинг ижтимоий-психологик компетентлигини шакллантиришда етакчи омиллардан эканлиги ва психологик ҳамроҳлик қилиб боришда менторинг (устозлик) етакчи бўғин эканлиги асослантирилган; 
кадрлар захирасини профессионал ўқитиш ва уларга психологик ҳамроҳлик қилиш босқичларида интерактив методларни манзилли қўллашга кўра бўлғуси раҳбарларни ижтимоий-психологик ривожлантириш самарадорлигига эришиш асослантирилган ҳамда кадрлар захирасини ижтимоий-психологик компетентлигини ривожлантиришда педагогларда шаклланган миллий таълимий имкониятлар билан жаҳон илғор таълим технологияларини интеграция қилиниши кадрлар захираси учун касбий-психологик таълимни ташкил қилишда самарали эканлиги асослантирилган;
давлат хизматининг иқтидорли ходимларини ижтимоий-психологик жиҳатдан ривожлантириш жараёнида бошқарув ва кадрлар билан ишлаш бўйича чет эл амалиётини қўллашнинг муваффақиятлилигини бенчмаркинг ишончли баҳолайдиган технология деб, ҳамда ушбу амалиётларни мамлакат ичи хусусиятларига мослаштириб татбиқ этиш имконини берадиган технология деб, муаллифлик таърифи берилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Ўзбекистон Республикаси прокуратураси раҳбар кадрлар захирасини шакллантириш тизимининг ижтимоий психологик такомиллашуви бўйича олинган илмий натижалар асосида:
бенчмаркинг давлат хизмати иқтидорли ходимларини ривожлантиришда   бошқарув ва кадрлар бўйича чет эл амалиётини қўллаш муваффақиятли бўлиши эҳтимолини ишончли баҳолаш имконини берувчи технология деб, ҳамда бу амалиётларни мамлакат ичи контекстига мослаштириб татбиқ этиш имконини берадиган технология деб берилган муаллифлик илмий изоҳланишига оид маълумотлар психологларни қайта тайёрлаш курси ўқув режасининг Бизнес психологияси бўйича танлов фанлар модулига киритилган (Тошкент давлат педагогика университети қошидаги Психология ўқув-илмий марказининг 2021 йил 26 майдаги ПМ-19а-сон маълумотномаси). Мазкур натижаларнинг ўқув жараёнига жорий қилиниши тингловчиларнинг бошқарув психологияси соҳасидаги янги ёндашувлардан хабардор бўлишига хизмат қилган;
бенчмаркинг технологиясига асосланган ҳолда такомиллаштирилган прокуратура кадрлар захирасига номзоднинг компетенциялари Модели  прокуратура раҳбар кадрлар захирасига танлов амалиётига татбиқ этилган (Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг 2021 йил 12 июндаги 6/5-43207/21-сон далолатномаси). Бу моделнинг жорий этилиши кадрлар захираси билан ишлаш самарадорлигини оширишга хизмат қилади; 
кадрлар захирасини шакллантиришнинг ижтимоий психологик жиҳатдан такомиллаштирилган янги тизими прокуратура кадрлар билан ишлаш соҳасига татбиқ этилган (Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг 2021 йил 12 июндаги 6/5-43207/21-сон далолатномаси). Бу тизимнинг жорий этилиши прокуратурада кадрлар захираси билан ишлаш хизматида раҳбарлик захирасига олишда номзодларнинг ижтимоий психологик хусусиятларини ҳисобга олиш ва уларни ривожлантиришга эришилишига хизмат қилган;
Ўзбекистон Республикаси прокуратураси кадрлар захираси иштирокчиларининг профессионал ривожланиши жараёнига одам ривожланишининг яширин имкониятларини излашда, унинг шахсий имкониятларига таянган ҳолда ташқи олам билан алоқаларини  қайта тиклаш учун психологик шароитлар яратишда ифодаланувчи психологик ҳамроҳлик қилиб боришда устозлик асосий ўринга чиқишига оид маълумотлар Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси кадрлар бошқармаси иши жараёнига жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг 2021 йил 12 июндаги 6/5-43207/21-сон далолатномаси). Мазкур тизимнинг жорий этилиши прокуратура тизимида кадрлар захираси билан ишлашда устозлик анъаналарини замонавий кўринишда кадрлар билан ишлаш фаолиятига татбиқ этиш имконини берган;
кадрлар захирасини профессионал ўқитиш ва психологик ҳамроҳлик  босқичларида интерактив методларни манзилли қўллаш орқали бўлғуси раҳбарларни ижтимоий-психологик ривожлантириш имкониятлари белгиланганлиги ва таълим методларини  қўллашда миллий имкониятлар билан жаҳон илғор таълим технологияларини интеграция қилиш кадрлар захирасини шакллантиришда самарали эканлиги тўғрисидаги маълумотлар Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратура Академиясида кадрлар захирасини ўқитишда қўлланилган (Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг 2021 йил 12 июндаги 6/5-43207/21-сон далолатномаси). Натижада кадрлар захирасига номзодларни тайёрлаш таълими тизимига илғор замонавий таълим методларини киритиш орқали номзодларда ижтимоий психологик компетентликни ривожлантиришга хизмат қилган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish