Sayt test rejimida ishlamoqda

Рахмонов Икромжон Усмоновичнинг фан доктори (DSc) диссертация ҳимояси ҳақида эълон 
 
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Узлуксиз ишлаб чиқариш характеридаги саноат корхоналарининг электр энергияси истеъмолини бошқариш услубияти”, 05.05.01 – “Энергетика тизимлари ва мажмуалари” (техника фанлари). 
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2021.4.DSc/T476.
Илмий маслаҳатчи: Хошимов Фозилжон Абидович, техника фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент давлат техника университети. 
ИК фаолият кўрсатаётган муассасалар номи, ИК рақами: Тошкент давлат техника университети, DSc.03/10.12.2019.Т.03.03.
Расмий оппонентлар: Назарычев Александр Николаевич, техника фанлари доктори, профессор (Россия Федерацияси); Муратов Хаким Махмудович, техника фанлари доктори, профессор; Худаяров Музаффар Бурханович, техника фанлари доктори, катта илмий ходим. 
Етакчи ташкилот: Навоий давлат кончилик институти.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: кўп поғонали мураккаб технологик жараёнга эга узлуксиз ишлаб чиқариш характеридаги саноат корхоналарининг энергия самарадорлигини ошириш учун электр энергияси истеъмолини бошқариш услубиятини ишлаб чиқишдан иборат. 
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
узлуксиз ишлаб чиқариш характеридаги саноат корхоналарида энергия сиғимдорлигини камайтириш ва энергетик харажатларни  минималлаштиришнинг бошқариш алгоритми технологик жараён хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилган;
узлуксиз ишлаб чиқариш характеридаги саноат корхоналарида электр энергиясини тежаш заҳираларини баҳолаш усули энергия сиғимдорлигига хом-ашёнинг таъсирини ҳисобга олиб  ишлаб чиқилган;
узлуксиз ишлаб чиқариш характеридаги саноат корхоналарида ишлаб чиқариш ўртасида боғлиқлик мавжуд бўлган объектларнинг электр энергияси солиштирма сарфини аниқлашнинг математик ифодаси тайёр махсулот ишлаб чиқаришда бирламчи хом-ашёнинг йўқотилиш коэффициентини ҳисобга олган ҳолда такомиллаштирилган; 
махсулот бирлигига тўғри келадиган электр энергиясининг солиштирма сарфини аниқлаш ҳамда прогнозлашнинг модели ва хисоблаш алгоритми кўп факторли таҳлил асосида яратилган;
узлуксиз ишлаб чиқариш характеридаги саноат корхоналарининг технологик линияларида электр энергияси истеъмолининг доимий ташкил этувчилари ва технологик жараённинг ёрдамчи компонентларини эътиборга олиб, электр энергияси сарфининг умумлашган меъёр кўрсаткичлари аниқланган;
узлуксиз ишлаб чиқариш характеридаги саноат корхоналарида электр энергияси истеъмолининг прогнозлаш моделлари асосий компонентлар, сунъий нейрон тармоқлар ва интеграциялашган ҳаракатланувчи ўртача авторегрессия усуллари ҳамда уларнинг хатолигини минималлаштириш мезони асосида такомиллаштирилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Узлуксиз ишлаб чиқариш характеридаги саноат корхоналарнинг электр энергияси истеъмолини бошқариш усулбиятини ишлаб чиқиш бўйича олинган илмий натижалар асосида:
электр энергияси сарфининг умумлашган меъёр кўрсаткичини аниқлаш усули “Ўзметкомбинат” АЖга жорий қилинган (“Ўзметкомбинат” АЖнинг 2021 йил 27 августдаги №01/08-01/1-498 сонли маълумотномаси). Натижада электр энергияси сарфининг умумлашган меъёр кўрсаткичини юқори аниқликда ҳисоблаш асосида энергия тежаш заҳиралари аниқланиб, электр энергияси истеъмолини 2 %гача камайтириш имконини берган;
электр энергиясини меъёрлаш усули “Республика иқтисодиёти соҳаларида ёқилғи-энергетика ресурсларининг сарфини меъёрлаш бўйича Тартиб”ни ишлаб чиқишда қўлланилган (Энергетика вазирлиги Ўзэнергоинспекциянинг 2021 йил 25 июндаги №01/01-1392 сонли маълумотномаси). Натижада умумкорхона ва цех миқёсида технологик меъёр кўрсаткичларини юқори аниқликда ҳисоблаш имконини берган;
электр энергияси истеъмолини прогнозлашнинг математик модели ва алгоритми “WBM ROMITEX” МЧЖ пахта-тўқимачилик кластерига жорий қилинган (“Ўзтўқимачилик” уюшмасининг 2021 йил 24 августдаги №04/13-2473 сонли маълумотномаси). Натижада корхонада электр энергияси истеъмолини келгуси давр учун юқори аниқликда ҳисоблаш, жарима санкцияларини истисно қилиш ҳисобидан кутилаётган йиллик иқтисодий самарадолик 178 000 140 (бир юз етмиш саккиз миллион бир юз қирқ) сўмни ташкил этган;
махсулот бирлигига тўғри келадиган солиштирма сарф кўрсаткичига таъсир этувчи асосий факторларни ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилган математик модел ва алгоритм “WBM ROMITEX” МЧЖ пахта-тўқимачилик кластерига жорий қилинган (“Ўзтўқимачилик” уюшмасининг 2021 йил 24 августдаги №04/13-2473 сонли маълумотномаси). Натижада махсулот бирлигига тўғри келадиган солиштирма электр энергияси сарфини ҳисоблаш аниқлигини ошириб, хатолигини 3%гача камайтириш имконини берган;
электр энергиясидан оқилона фойдаланиш бўйича электр энергиясини тежаш тадбирлари “MAXAM CHIRCHIQ” АЖга жорий қилинган (“Ўзкимёсаноат” АЖнинг 2021 йил 24 августдаги №023-3-3056 сонли маълумотномаси). Натижада электр энергиясини тежаш тадбирларининг жорий этилиши электр энергиясини 3,1%га ёки суткасига 612 000 кВтсоатга тежаш ва мос равишда бир йилда 275 400 000 (икки юз етмиш беш миллион тўрт юз минг) сўм иқтисодий самарадорликка эришиш имконини берган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish