Sayt test rejimida ishlamoqda

Бабаев Шарофжон Раҳматжоновичнинг 
фалсафа доктори (PhD) диссертация ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи): «Ер остида танлаб эритмага ўтказишда қолдиқ уран конидан олтинни ажратиб олиш технологиясини ишлаб чиқиш», 04.00.10 – Геотехнология (очиқ, ер ости ва қурилиш) (техника фанлари). 
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2022.1.PhD/Т1546.
Илмий раҳбар: Алиқулов Шухрат Шаропович, техника фанлари доктори, доцент.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Навоий давлат кончилик ва технологиялар университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Навоий давлат кончилик ва технологиялар университети, DSc.17/04.06.2021.T.06.02.
Расмий оппонентлар: Уринов Шерали Рауфович, техника фанлари доктори, доцент; Шарафутдинов Улуғбек Зиятович, техника фанлари доктори, доцент.
Етакчи ташкилот: Миллий технологик тадқиқотлар университети «МИСиС»нинг Олмалиқ шаҳридаги филиали.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади ер остида танлаб эритмага ўтказиш усули билан уран қолдиқ конларидан олтин ажратиб олишнинг кам заҳарли ва иқтисодий самарали технологияни ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
сув тўсиқли қатламларда мавжуд бўлган, сувли қумли-шағалли жинслар ва уран қумларидан 0,55 г/т гача олтинни ажратиб олишнинг фойдалилиги аниқланган;
олтинни ер остида танлаб эритмага ўтказишнинг сифат ўлчамлари ва геотехнологик параметрларини аниқлаш имконини берувчи қолдиқ уран қудуқларидаги руда намуналаридан олтинни ажратиб олиш кимёвий таҳлиллар услуби ишлаб чиқилган; 
олтинни энг юқори 96% гача ажратиб олишга эришиш ва ишлаб чиқариш самарадорлигини 40% гача ошириш имконини берувчи ер остида танлаб эритмага ўтказиш билан ураннинг қолдиқ конларидан олтинни ажратиб олишнинг технологик схемаси ишлаб чиқилган; 
қолдиқ уран конларидан олтин ажратиб олиш учун реагентларнинг мақбул концентрацияси аниқланиб, танлаб эритмага ўтказишнинг push-pull технологик тартиби ва эритувчилардан фойдаланган ҳолда, қолдиқ уран конларидан олтин ажратиб олишнинг технологик схемаси ишлаб чиқилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. 
Қолдиқ уран конларидан олтинниажратиб олиш технологиясини ишлаб чиқиш бўйича олинган илмий натижалар асосида:
ишчи эритмани қолдиқ уран қудуғига ҳайдашнинг технологик схемаси Навоий кон-металлургия комбинатининг 5-сон кон бошқармасида амалиётга жорий этилган (Навоий кон-металлургия комбинатининг 2021 йил 30 сентябрдаги 02-06-07/9557-сон маълумотномаси). Натижада, 0,55 мг/л концентрацияли олтин, 0,88 мг/л концентрацияли рух ва 0,58 мг/л концентрацияли диспрозийни танлаб эритмага ўтказиш имконини берган;
уран қолдиқ конларидан олтинни ажратиб олиш технологияси Навоий кон-металлургия комбинатининг 5-кон бошқармасида амалиётга жорий этилган (Навоий кон-металлургия комбинатининг 2021 йил 30 сентябрдаги 02-06-07/9557-сон маълумотномаси). Натижада, 96% гача олтин, 92% гача уран, 74% гача рух, 78% гача диспрозий ажратиб олиш ва уран қазиб олиш таннархини 40% гача камайтириш имконини берган. 

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish