Sayt test rejimida ishlamoqda

Алиқулов Меҳмонали Салоҳиддин ўғлининг 
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар. 
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Суғурта ташкилотларининг инвестицион фаолиятини такомиллаштириш йўллари», 08.00.07 – “Молия, пул муомаласи ва кредит” (иқтисодиёт фанлари). 
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2021.3.PhD/Iqt1294.
Илмий раҳбар: Xамидова Фарида Абдулкарим қизи, иқтисодиёт фaнлари номзоди, доцент.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент молия институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тошкент молия институти, DSc.03/30.12.2019.I.17.01.
Расмий оппонентлар: Жумаев Нодир Хосиятович, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор; Каримов Норбой Ғаниевич, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Г.В.Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университетининг Тошкент шаҳри филиали.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади Ўзбекистонда суғурта ташкилотларининг инвестицион фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган илмий таклиф ва амалий тавсиялар ишлаб чиқиш ҳисобланади.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
суғурта (қайта суғурталовчи) ташкилотлари инвестиция фаолиятини экстенсив тарзда ривожлантириш мақсадида уларнинг бўш пул маблағларини юридик шахслар томонидан чиқарилган облигацияларга жойлаштириш таклиф этилган;
суғурта ташкилотларида кутилмаган зарарларни олдини олиш ва молиявий барқарорлигини мустаҳкамлаш мақсадида захира жамғармасининг чекланган миқдорини суғурталовчининг устав фондининг 50 фоизигача ошириш таклиф этилган;
суғуртa тaшкилoтлaрининг ихтиёрида бўлган молиявий ресурсларни жойлаштириш жараёнида шаффофликни таъминлаш мақсадида очиқ танлов ўтказиш лозимлиги асосланган;
инвестицияларни суғурталаш бўйича хорижга қайта суғурталашга узатилаётган суғурта мажбуриятининг 15 фоизини ички қайта суғурталашга мажбурий қолдириш таклиф қилинган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши:
Суғурта ташкилотларининг инвестицион фаолиятини такомиллаштириш йўллари бўйича олинган илмий натижалар асосида:
суғурта (қайта суғурталовчи) ташкилотлари инвестиция фаолиятини экстенсив тарзда ривожлантириш мақсадида уларнинг бўш пул маблағларини юридик шахслар томонидан чиқарилган облигацияларга жойлаштириш таклифи Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг 2009 йил 3 июлдаги 68-сон буйруғи билан тасдиқланган “Суғурталовчи ва қайта суғурталовчининг инвестицион фаолияти тўғрисида”ги Низомга қўшимча ва ўзгартиришлар сифатида киритилди (Молия Вазирлиги ҳузуридаги Суғурта бозорини ривожлантириш агентлигининг 2021 йил 18 ноябрдаги КТ/16-02-37-14/1405-сон маълумотномаси). Натижада суғурталовчи (қайта суғурталовчи) ташкилотлари учун Капитал бозорида иштирок этиш ва инвестицион инструментлардан кенг фойдаланиш учун зарур меъёрий-ҳуқуқий база яратилган.
суғурта ташкилотларида кутилмаган зарарларни олдини олиш ва молиявий барқарорлигини мустаҳкамлаш мақсадида захира жамғармасининг чекланган миқдорини суғурталовчининг устав фондининг 50 фоизигача ошириш таклифи “Alskom” АЖ суғурта компанияси томонидан амалиётга жорий қилинди (“Alskom” АЖ суғурта компаниясининг 2021 йил 23-ноябрдаги 04-1552-сон маълумотномаси). Ушбу таклифни “Alskom” АЖ суғурта компанияси томонидан амалиётга жорий этилиши натижасида, суғурта ташкилотининг суғурта захира жамғармаси миқдори 2020 йил 42 млрд. сўмни ташкил қилиб, ўтган даврга нисбатан 113 фоизга ортган. 
суғуртa тaшкилoтлaрининг ихтиёрида бўлган молиявий ресурсларни жойлаштириш жараёнида шаффофликни таъминлаш мақсадида очиқ танлов ўтказиш лозимлиги асосланган. Мазкур таклиф “Alskom” АЖ суғурта компанияси томонидан амалиётга жорий қилинди (“Alskom” АЖ суғурта компаниясининг 2021 йил 23-ноябрдаги 04-1552-сон маълумотномаси). Ушбу таклифнинг амалиётга жорий қилиниши натижасида “Alskom” СКАЖ суғурта компаниясининг 2020 йилдаги 42 млрд. сўм маблағларининг юқори ставкаларда жойлаштирилишига эришилган. 
инвестицияларни суғурталаш бўйича хорижга қайта суғурталашга узатилаётган суғурта мажбуриятининг 15 фоизини ички қайта суғурталашга мажбурий қолдириш таклиф қилинган (“Alskom” АЖ суғурта компаниясининг 2021 йил 23-ноябрдаги 04-1552-сон маълумотномаси). Мазкур таклиф “Alskom” СКАЖ суғурта компанияси томонидан 2022 йил учун мўлжалланган Бизнес режасини ишлаб чиқиш лойиҳасига киритилган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish