Sayt test rejimida ishlamoqda

Мустапова Хилолахон Исломовнанинг 
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон 

I. Умумий маълумотлар
Диссертацияси мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража берадиган фан тармоғи номи): “Ҳиндистон ташқи сиёсатида Марказий Осиё вектори”, 23.00.04 – Халқаро муносабатлар, жаҳон ва минтақа тараққиётининг сиёсий муаммолари (сиёсий фанлар).
Диссертацияси мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2018.1.PhD/Ss40.
 Илмий раҳбар: Саидолимов Саидхон Талъат ўғли, сиёсий фанлар доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент давлат шарқшунослик университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тошкент давлат шарқшунослик университети, Dsc.03/30.12.2019.Ss/tar/21.02.
Расмий оппонентлар: Рахимов Мирзохид Акромович, тарих фанлар доктори, профессор; Умаров Хайрулла Пайзуллаевич, сиёсий фанлар номзоди, доцент.
Етакчи ташкилот: Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади Ҳиндистон ташқи сиёсатида Марказий Осиё  векторининг шаклланиши ва ривожланиш тенденцияларини, Ҳиндистоннинг минтақа давлатлари билан сиёсий, иқтисодий ва маданий алоқаларини ёритиш ҳамда ушбу муносабатлар ривожланишига тўсқинлик қилаётган омилларни аниқлашдан иборат. 
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
Ҳиндистоннинг минтақа даражасидаги давлатдан жаҳон даражасидаги нуфузли давлатга айланишининг сиёсий – Жанубий Осиё, Жануби-Шарқий Осиё, Ҳинд океани минтақаси каби устувор йўналишларга доир ташқи сиёсий дастурлари, иқтисодий – протекционизмдан воз кечиш,  инвестицион муҳит яратиш сингари асослари  ҳамда минтақавий сиёсатнинг йирик кўринишларидан бири бўлган «Шарққа назар» (Look Еast) концепциясидан «Шарқ сари қадам» (Act East) концепциясига трансформацияси асосланган;
Марказий Осиёга нисбатан Ҳиндистон ташқи сиёсати минтақадаги геосиёсий жараёнлар, етакчи давлатларнинг минтақадаги геостратегик манфаатларининг янги конфигурацияси вужудга келиши шароитида фаоллашувининг геосиёсий – Осиёдаги янги куч маркази сифатида минтақа давлатларига нисбатан таъсирни ошириш, хавфсизликни таъминлаш билан боғлиқ кўп томонлама ҳамкорликда етакчилик қилиш; геоиқтисодий – минтақада хом-ашё ва ресурслар борасида ўз манфаатларини илгари суриш каби хусусиятлари очиб берилган;
Ҳиндистон маданий алоқалар Кенгаши (The Indian Council for Cultural Relations) ва Ҳинд  маданият  маркази (Indian Cultural Centre) томонидан Марказий Осиё давлатларида, жумладан Ўзбекистонда Ҳиндистон миллий  маданиятини кенг тарғиб этиш имкониятлари яратилаётгани очиб берилган; 
Ҳиндистон ва Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, инвестициявий ва гуманитар соҳалардаги алоқаларни мустаҳкамлаш ҳамда минтақада хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш борасида “Марказий Осиёга боғланиш сиёсати”, “Ҳиндистон-Марказий Осиё мулоқоти” ҳамда “Ҳиндистон-Марказий Осиё саммити” каби мулоқот гуруҳлари ташаббускор ва ҳамкорлар учун очиқлик каби хусусиятларга эгалиги асосланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. 
Ҳиндистон ташқи сиёсатида Марказий Осиё векторининг шаклланиш ва ривожланиш жараёнларини тадқиқ этиш натижасида ишлаб чиқилган илмий хулоса ва таклифлардан: 
Ҳиндистон ва Ўзбекистон давлатлари ўртасидаги маданий-гуманитар ҳамкорликни кучайтиришга доир хулоса, таклиф ва тавсиялардан Ўзбекистон Республикаси  Вазирлар  Маҳкамаси  ҳузуридаги Миллатлараро  муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасининг илмий-амалий тадбирларида, шунингдек, маданий ҳамкорлик доирасида миллий-маданий марказлар ва дўстлик жамиятлари, жумладан «Ўзбекистон– Ҳиндистон» дўстлик жамиятининг тадбирлар режаси ва йўл хариталарини ишлаб чиқишда фойдаланилган (Қўмитанинг 2021 йил 7 июлдаги  14-07-1387-сон  маълумотномаси). Натижада миллий-маданий марказлар, дўстлик жамиятларининг фаолиятини ривожлантириш учун методологик асос бўлиб хизмат қилган;
Ҳиндистон ташқи сиёсатининг асосий йўналишлари ва концептуал асослари шаклланиши, «Шарққа назар» (Look Еast) концепциясининг “Шарқ сари қадам” (Act East) концепциясига трансформациясига оид илмий хулосалардан Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигининг 2015–2017 йилларда бажарилган А 1-191-рақамли “Хорижий тиллардаги тарихий асарларнинг илмий тадқиқи ва танқидий таҳлили асосида Шарқ мамлакатлари тарихига оид замонавий ўқув адабиётларини яратиш” мавзусидаги амалий лойиҳада фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2020 йил 9 июндаги 89-03-1971-сон маълумотномаси). Натижаларнинг қўлланиши Ҳиндистоннинг Марказий Осиё мамлакатлари билан алоқаларининг ривожланиш тенденцияларини ёритиб беришга хизмат қилган;
тадқиқот натижаларидан Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан 5А121101 – “Халқаро муносабатлар ва замонавий сиёсий жараёнлар” мутахассислиги бўйича таълим беришда қўллаш тавсия этилган “Хорижий Шарқ ва Ғарб мамлакатларидаги ижтимоий-сиёсий жараёнлар” дарслигини тайёрлашда фойдаланилган. Ушбу дарсликнинг “Жанубий Осиё ва Осиё Тинч океани минтақаларида ижтимоий-сиёсий жараёнлар” бобидаги “Жанубий Осиёда ижтимоий-сиёсий жараёнларнинг хусусиятлари” мавзусининг Ҳиндистон ташқи сиёсатига оид қисмини шакллантиришда, Ҳиндистоннинг ташқи сиёсий ташаббусларига доир илмий хулосаларига мурожаат қилинган (Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2020 йил 30 декабрдаги 89-03-5614-сон маълумотномаси). Натижада мазкур дарслик орқали соҳага оид янги маълумотларнинг кенгайишига, талабаларда мавзу бўйича янги билим ва кўникмаларнинг шаклланишига хизмат қилган; 
диссертацияда келтирилган Ҳиндистоннинг Марказий Осиё республикалари ижтимоий-иқтисодий ҳаётидаги иштирокини кенгайтиришга йўналтирилган сиёсий, иқтисодий, стратегик шериклик, ахборот технологиялари, таълим, тиббиёт соҳасидаги ҳамкорлик, халқлар ва цивилизациялар ўртасидаги мулоқот, минтақавий ҳамкорликни қамраб олган «Марказий Осиёга боғланиш сиёсати» («The Connect Central Asia policy») ва унинг Ҳиндистон-Марказий Осиё муносабатларига таъсири ҳамда ушбу сиёсатнинг амалий натижаларига оид хулосалардан Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг «Ўзбекистон тарихи» телеканали ижодкорлари «Ўзбекистоннинг хорижий давлатлар билан ҳамкорлиги масалалари» мавзусидаги кўрсатувларнинг сценарийларини тайёрлашда фойдаланишган. Хусусан, «Тақдимот» кўрсатувида тадқиқотчининг диссертацияда келтирилган энг муҳим илмий-назарий фикрларидан фойдаланилган (Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси «Ўзбекистон телерадиоканали» давлат унитар корхонасининг 2019 йил 19 ноябрдаги  02-40-2398-сон маълумотномаси). Натижада Марказий Осиё давлатлари ва Ҳиндистон ўртасидаги алоқаларнинг ривожланиш тарихи, сиёсий, иқтисодий, маданий, фан-таълим соҳасидаги ҳамкорликнинг истиқболлари ҳақидаги маълумотлар кўрсатувлар савияси ва таъсир доирасининг ўсишига хизмат қилиб, маълумотлар қамровини оширган. 

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish