Нишонов Неъматилла Асатиллаевичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Ўзгарувчан ўзаро таъсир коэффициентли ер ости полимер қувурларининг сейсмодинамикаси», 05.09.02–Асослар, пойдеворлар, ер ости иншоотлари. Кўприклар ва транспорт тоннеллари. Йўллар, метрополитенлар (техника фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2017.2.PhD/Т157.
Илмий раҳбар: Рашидов Турсунбой, техника фанлари доктори, профессор, академик.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Наманган муҳандислик-қурилиш институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Тошкент автомобиль йўлларини лойиҳалаш, қуриш ва эксплуатацияси институти, Тошкент шаҳридаги Турин политехника университети, DSc.27.06.2017.Т.09.01.
Расмий оппонентлар: Каюмов Абдубаки Джалилович, техника фанлари доктори, профессор; Тешабаев Зохиджон Рахматович, техника фанлари номзоди, доцент.
Етакчи ташкилот: Тошкент темир йўл муҳандислари институти.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: структураси бир жинсли бўлмаган грунтларда жойлашган ўзгарувчан ўзаро таъсир коэффициентлиер ости полимер қувурларини сейсмик кучлар таъсиридаги кучланганлик ҳолатини баҳолаш услубини ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
қувур тизимларига зилзила ва портлашлар таъсирини дифференциал баҳолаш мезонлари, сейсмик таъсирлардаги ер ости полимер қувурлари шикастланиш даражасининг прогнозлаш ва таснифлаш услублари ишлаб чиқилган;
грунтнинг намланганлигини ҳисобга олувчи қувур ўқи бўйлаб ўзгарувчан ўзаро таъсир коэффициенти аниқланган;
ўзгарувчан ўзаро таъсир коэффициентли ер ости полимер қувурларининг кучланганлик-деформацияланганлик ҳолатини ҳисоблаш услуби ишлаб чиқилган;
ихтиёрий йўналишдаги сейсмик юкланишлар таъсиридаги ер ости полимер қувурларининг кучланганлик-деформацияланганлик ҳолатини ҳисоблаш услуби ишлаб чиқилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Ер ости полимер қувурларини сейсмик кучлар таъсиридаги кучланганлик ҳолатини баҳолаш бўйича олинган илмий натижалар асосида:
ер ости қувурларининг сейсмик мустаҳкамлигини таъминлаш ва мавжуд ер ости иншоотларини зарарланиш даражасини камайтириш бўйича ишлаб чиқилган услублар Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги фаолиятида ер ости иншоотларини зилзила оқибатида зарарланиш даражасини баҳолашда жорий этилган (Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг 2017 йил 18 октябрдаги 2/4/15-2332-сон маълумотномаси). Илмий натижанинг қўлланилиши кучли зилзилалар оқибатини ва зарарланишларни камайтириш, жумладан, инсонлар ҳаёти хавфсизлигини ошириш, техник ресурсларни оқилона ва тўғри тақсимлаш имконини берган;
сейсмик ҳудудларда намланган грунтларда жойлашган ўзгарувчан ўзаро таъсир коэффициентли ер ости полимер қувурларини ҳисоблаш услуби «Сувсоз» давлат унитар корхонасининг лойиҳалаш ва қурилиш жараёнига жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитасининг 2017 йил 6 ноябрдаги 12184/10–05-сон маълумотномаси). Илмий натижанинг қурилиш объектига қўлланилиши орқали ресурс тежамкорликка, иш сифати ва меҳнат унумдорлигини 20% га ортишига ва ер ости қувурларининг хизмат муддатини 2 марта ошириш имконини берган;
структураси ўзгарувчан ва намланган грунтларда жойлашган ер ости полимер қувурларида ҳосил бўладиган кучланишларни аниқлаш услуби ва сейсмик ҳудудларда грунтнинг бир жинсли эмаслигини ҳисобга олиб, ер ости полимер қувурларига сейсмик таъсирларни камайтириш бўйича ишлаб чиқилган методик тавсиялар «KELAJAK-S» корхонасининг лойиҳалаш ва қурилиш ишлари учун жорий қилинган («Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитасининг 2017 йил 6 ноябрдаги 12184/10–05-сон маълумотномаси). Илмий натижанинг қурилиш объектида қўлланилиши полимер қувурларидан фойдаланиш эвазига 20–25% иқтисодий самарадорликка эришилган ва сейсмик хавфсизликни таъминлаш имконини берган.