Sayt test rejimida ishlamoqda

Тўраев Лазиз Абдивали ўғлининг 
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи: “Маҳмуд Замахшарий илмий меросида “Рабиъ ал-аброр” асари муҳим манба сифатида”, 07.00.08 – Тарихшунослик, манбашунослик ва тарихий тадқиқот усуллари (тарих фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2019.2.PhD/Tar521.
Илмий раҳбар: Маннонов Абдураҳим Муталович, филология фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент давлат шарқшунослик университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Тошкент давлат шарқшунослик университети, DSC.03/30.12.2019.Fil/Tar.21.01.
Расмий оппонентлар: Исламов Зоҳиджон Маҳмудович, филология фанлари доктори, профессор; Худойберганов Равшан Турабович, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD), катта илмий ходим.
Етакчи ташкилот: ЎзР ФА Темурийлар тарихи Давлат музейи.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади Маҳмуд Замахшарий “Рабиъ ал-аброр” асарининг Тошкент ва хориж фондларидаги қўлёзма нусхаларини аниқлаш, уларнинг манбашунослик тадқиқини амалга ошириш, йирик қомусий манба эканлигини асослаш орқали асардаги баъзи тарихий, жуғрофий ва ижтимоий-фалсафий мавзуларни очиб беришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
Маҳмуд Замахшарий “Рабиъ ал-аброр” асарининг Ўзбекистон ва хориждаги 50 дан ортиқ қўлёзма нусхалари аниқланиб, улардан 35 таси илк бор тавсифланган ва илмий муомалага киритилган;
Тошкентда сақланаётган “Рабиъ ал-аброр” асарининг ноёб нусхаси манбашунослик нуқтаи назардан илк бор илмий муомалага олиб кирилган ҳамда унинг мукаммал нусха эканлиги асосланган;
“Рабиъ ал-аброр” асари Тошкент нусхасининг Шарқ қўлёзмалари тўпламининг II жилди 1783-тартиб рақамида берилган маълумотлар нотўғри эканлиги исботланиб, ушбу қўлёзма нусха 77 боб эмас, 98 бобдан иборат эканлиги аниқланган;
“Рабиъ ал-аброр” “муҳозара” услубида ёзилган асар сифатида ўтмишда яшаб ўтган алломаларнинг ижтимоий-ахлоқий қарашларини очиб беришда муҳим манба эканлиги исботланиб, асарда келтирилган Хоразм, Самарқанд, Бухоро, Макка, Мадина, Ҳижоз, Бағдод, Басра, Куфа, Хуросон, Шом, Нишопур, Исфаҳон сингари шаҳарларнинг ўрта асрлардаги тарихий-жуғрофий қиёфаси кўрсатилган ҳамда Ислом оламидаги ўрни далилланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Маҳмуд Замахшарийнинг илмий мероси, хусусан, “Рабиъ ал-аброр” асари ва унинг манбашунослик тадқиқи бўйича олинган натижалар асосида:
Маҳмуд Замахшарийнинг ёшлар таълим-тарбияси, одоб-ахлоқи, уларнинг маънавиятини, маърифатини юксалтиришга қаратилган ижтимоий-ахлоқий қарашлари бўйича олинган хулосалардан ПЗ-20170929561 рақамли “Ёшларда инновацион тафаккурни шакллантириш ва миллий ғояга содиқлик руҳини кучайтиришда маънавий-маърифий тарғибот механизмларини такомиллаштириш” лойиҳасида фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2020 йил 18 ноябрдаги 89-03-4815-сон маълумотномаси). Натижада, лойиҳада келтирилган алломанинг дидактик асарлари, хусусан “Рабиъ ал-аброр” асаридаги панд-насиҳатлар, ўгитлар ва ибратли сўзлар ёшларнинг миллий қадриятларга ҳурмат туйғусини кучайтиришга хизмат қилган;
“Рабиъ ал-аброр” асари қўлёзмасининг хориж олимлари назаридан четда қолаётган Тошкент нусхалари ҳамда хорижда сақланаётган асарнинг 30 дан ортиқ қўлёзма нусхаларининг тавсифи бўйича олинган хулосалар ва илмий янгиликлардан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан тайёрланган маълумотлар ва илмий тадқиқотларда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказининг 2021 йил 1 ноябрдаги 02/445-сон маълумотномаси). Натижада, ўрта асрларда яшаган алломаларининг илмий мероси билан боғлиқ марказ томонидан тайёрланган маълумотлар ва илмий тадқиқотларнинг бирламчи манбалар асосида ёритилишига ёрдам берган;
“Рабиъ ал-аброр” асарининг Тошкент нусхалари, асарнинг хориж нусхалари хусусидаги ҳамда асарда берилган турли ҳадислар, ҳаётий мақол-масаллар, фойдали маслаҳатлар, ибратомуз ҳикматлар ва шеърларда кўтарилган мавзуларнинг бугунги кундаги аҳамияти ҳақидаги таҳлилий фикрлар ва хулосалардан Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси “O‘zbekiston” телерадиоканали давлат муассасаси “Маданий-маърифий ва бадиий эшиттиришлар” муҳарриятининг “Миллат ва маънавият”, “Бедорлик” ва “Ўзбекистон ёшлари” радио эшиттиришларининг дастурларида фойдаланилган (Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси “O‘zbekiston” телерадиоканали давлат муассасасининг 2021 йил 2 ноябрдаги 04-25-1708-сон маълумотномаси). Натижада кўрсатувларнинг далилларга бой, сермазмун чиқишига ёрдам берган ҳамда “Рабиъ ал-аброр” асарида берилган эзгу ғоялар ва фазилатлар ёшларини маърифатли бўлишлари учун хизмат қилган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish