Sayt test rejimida ishlamoqda

Хўжақулов Камолиддин Рамазоновичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертация ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи): «Маҳаллий иккиламчи углеводородлар асосида синтетик юқори ёғ кислоталарининг олиниши, хоссалари, технологияси ва уларнинг саноатда қўлланилиши», 02.00.08 – Нефть ва газ кимёси ва технологияси (техника фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2021.4.PhD/Т2455.
Илмий раҳбар: Фозилов Садриддин Файзуллаевич, техника фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Бухоро муҳандислик-технология институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Бухоро муҳандислик-технология институти, PhD.03/30.12.2019.Т.101.01.
Расмий оппонентлар: Худайбердиев Абсалом Абдурасулович, техника фанлари доктори, катта илмий ходим; Абдурахмонов Олим Рустамович, техника фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Тошкент давлат техника университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: парафин углеводородлари ва қуйи молекулали полиэтилен асосида синтетик юқори ёғ кислоталар олиш технологиясини ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
маҳаллий парафин углеводородлар таркибининг сифатий ва миқдорий таҳлили натижасида нормал тузилишга эга бўлган юқори молекулали С15-С30 парафин углеводородлари ва ҳалқали углеводородлар борлиги исботланган;
юқори молекулали С15-С30 парафин углеводородлари ва қуйи молекулали полиэтиленнинг юқори фракцияси С10-С20 асосида синтетик ёғ кислоталар олиш жараёнининг мақбул режими: ҳарорат 140-180оС, ҳаво узатиш тезлиги 1 кг хомашёга 0,4-0,6 л/с, реакция давомийлиги 4-6 соат ишлаб чиқилган;
парафинларни катализатор ёрдамида оксидланиш жараёнида, оптимал режим ҳарорат 180оС, ҳаво узатиш тезлиги 0,6 л/с, реакция вақти 6 соатда оксидат унуми максимум 82% ва олинган оксидат таркибида юқори молекулали карбон кислоталар миқдори С17-С20 фракциялари 13-15% эканлиги исботланган;
юқори молекулали С15-С30 парафин углеводородларини оксидлаш жараёнида махсулотнинг чиқши унумига ҳарорат, кислород миқдори ва реакция вақтининг таъсири қонуниятини аниқлашнинг математик модели ишлаб чиқилган;
юқори молекулали парафин углеводородларини оксидлаб юқори ёғ кислоталарини олиш технологиясининг ректификацияловчи колонналар сонини тўрттадан биттага қисқартириш ҳамда қувурли печ билан жихозлаш орқали такомиллаштирилган схемаси ишлаб чиқилган;
солидол ГОСТ-1033 таркибидаги табиий ёғ кислоталари ўрнига юқори молекулали парафин углеводородларидан олинган синтетик юқори ёғ кислоталарининг калцийли совунидан 20% гача қўшиш натижасида маҳсулотнинг қовушқоқлик самарадорлигининг ортиши ва таркибидаги сув миқдорининг камайиши исботланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши: 
Маҳаллий иккиламчи углеводородлар асосида синтетик юқори ёғ кислоталарини олиш технологияси ва уларни саноатда қўлланилиши бўйича олинган илмий натижалар асосида:
таркибидаги табиий ёғ кислоталари ўрнига юқори молекулали парафин углеводородларидан олинган синтетик юқори ёғ кислоталарининг калцийли совунидан 20% гача қўшиш натижасида антифрикцион композицион сурков модел мойи (солидол) “Бухоро таъмирлаш механика заводи” АЖда ишлаб чиқаришга жорий этилган (“Бухоро таъмирлаш механика заводи” АЖнинг 2021 йил 23 ноябрдаги 10.00/ПП-430 сон маълумотномаси). Натижада, намуна сифатида олинган намунанинг қовушқоқлик самарадорлиги 250 дан 260 га ортиши ва таркибидаги сув миқдорининг 2,5% дан 1,5% гача камайтириш имконини берган;
маҳаллий иккиламчи парафин углеводородлар асосида олинган синтетик юқори ёғ кислоталар таркибли ёғловчи композициялар “Узчармсаноат” уюшмаси таркибидаги “MEHAVAYA MODA”, “OMAD AZIZ”, “ИСЛОМ” МЧЖ корхоналарда амалиётга жорий этилган (“Узчармсаноат” уюшмасининг 2021 йил 21 сентябрдаги ФБ-7/2482-сон маълумотномаси). Натижада, маҳаллий хомашёлар асосида олинган синтетик юқори ёғ кислоталарини технологик жараёнда анъанавий ёғловчилар ўрнида қўллаш иқтисодий самарадорликка эришиш имконини берган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish