Sayt test rejimida ishlamoqda

Джолдасова Сахипжамал Джалгасовнанинг 
фан доктори (DSс) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Ўзбекистонда миграция соҳасини ҳуқуқий тартибга солишни такомиллаштириш”, 12.00.02 – Конституциявий ҳуқуқ. Маъмурий ҳуқуқ. Молия ва божхона ҳуқуқи (юридик фанлар).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2019.1.DSc/Yu95.
Илмий консультант: Мухамедов Ўткирбек Хазраткулович, юридик фанлар доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Академияси.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Академияси, DSc.31/30.12.2019.Yu.25.02.
Расмий оппонентлар: Рузметов Хайрулло Ибодуллаевич, юридик фанлар доктори; Рўзиев Зафар Райимович, юридик фанлар доктори, профессор; Ахмедова Сорахон Толипжановна, юридик фанлар доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади Ўзбекистонда миграция соҳасини ҳуқуқий тартибга солишни тaкoмиллaштиpишга қаратилган таклиф ҳамда тавсияларни ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
аҳолини рўйхатга олиш дастурида шахснинг фуқаролиги, яшаш жойи (турган жойи) ҳамда ички ва ташқи миграцияга оид маълумотларни акс эттириш мамлакатнинг миграция жараёнининг реал ҳолатини аниқлаш учун зарурлиги асослаб берилган;
чет эллик иш берувчи томонидан меҳнат мигранти сифатида Ўзбекистон фуқаросини ишга жойлаштириш рад этилган ҳолларда юборувчи ташкилотга ушбу фуқарони ишга жойлаштириш ёки Ўзбекистон Республикасига қайтаришни таъминлаш бўйича чораларни кўриш мажбуриятини юклаш зарурати асосланган;
ғайриқонуний миграция оқибатида одам савдосидан жабрланган чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахсга нисбатан ушбу жиноятни содир этишда айбдор шахслар бўйича суд қарори чиқарилгунига қадар депортация чораларини қўлламаслик халқаро стандартларга мувофиқлиги асослаб берилган;
чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахснинг Ўзбекистон Республикасида бўлиш қоидаларини бузганлиги учун жиноий жавобгарликни бекор қилиш ҳамда Ўзбекистон Республикасидан маъмурий тарзда чиқариб юбориш жазо чорасини қўллаш зарурати асослантирилган;
Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг хорижга чиқиш биометрик паспорти ва идентификацияловчи ID-картасини, шунингдек Ўзбекистонда доимий чет эл фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахснинг идентификацияловчи ID-картасини олишга доир мурожаатлари бўйича Ягона интерактив давлат хизматлари портали ёки давлат хизматлари марказлари орқали электрон хизмат кўрсатиш тизимини жорий этиш зарурати асослантирилган;
чет эл фуқароларига ваколатли давлат органига мурожаат қилмасдан “e-visa.gov.uz” портали орқали “E-visa.uz” тизими ёрдамида электрон визани расмийлаштириш тартибини йўлга қўйиш зарурати асослантирилган;
чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга “Фахрий фуқаро” мақомининг берилиши мамлакатимизда қулай инвестиция муҳитининг яратилишига ва дунёда Ўзбекистоннинг ижобий имижи шаклланишига хизмат қилиши асосланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. 
Ўзбекистонда миграция соҳасини ҳуқуқий тартибга солишни такомиллаштириш бўйича олинган илмий натижалар асосида:
аҳолини рўйхатга олиш дастурида шахснинг фуқаролиги, яшаш жойи (турган жойи) ҳамда ички ва ташқи миграцияга оид маълумотларни акс эттириш мамлакатнинг миграция жараёнининг реал ҳолатини аниқлаш учун зарурлиги ҳақидаги таклифдан Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 16 мартдаги “Аҳолини рўйхатга олиш тўғрисида”ги қонунининг 21-моддаси биринчи қисмининг еттинчи, саккизинчи ва ўн еттинчи хатбошиларини ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитасининг 2021 йил 2 февралдаги 04/02-20-сон маълумотномаси). Ушбу таклифнинг жорий этилиши аҳолини рўйхатга олиш тизимини такомиллаштиришга хизмат қилган;
чет эллик иш берувчи томонидан меҳнат мигранти сифатида Ўзбекистон фуқаросини ишга жойлаштириш рад этилган ҳолларда юборувчи ташкилотга ушбу фуқарони ишга жойлаштириш ёки Ўзбекистон Республикасига қайтаришни таъминлаш бўйича чораларни кўриш мажбуриятини юклашга доир таклифдан Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 20 октябрдаги “Аҳоли бандлиги тўғрисида”ги қонунининг 104-моддаси олтинчи, еттинчи қисмларини ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитасининг 2020 йил 30 декабрдаги 04/3-05-66-сон маълумотномаси). Ушбу таклифнинг инобатга олиниши хориждаги Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизмларини такомиллаштиришга хизмат қилган;
ғайриқонуний миграция оқибатида одам савдосидан жабрланган чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахсга нисбатан ушбу жиноятни содир этишда айбдор шахслар бўйича суд қарори чиқарилгунига қадар депортация чораларини қўлламасликка доир таклифдан Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 17 августдаги “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги қонуни 27-моддасининг иккинчи қисмини ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитасининг 2020 йил 25 декабрдаги 06/1-05/3628-сон маълумотномаси). Ушбу таклифнинг жорий этилиши одам савдосидан жабрланган чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқлари кафолатланишига хизмат қилган;
чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахснинг Ўзбекистон Республикасида бўлиш қоидаларини бузганлиги учун жиноий жавобгарликни бекор қилиш ҳамда Ўзбекистон Республикасидан маъмурий тарзда чиқариб юбориш жазо чорасини қўллашга доир таклифлардан Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 2 ноябрдаги “Чет эл фуқароларининг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг Ўзбекистон Республикасида вақтинча бўлиш қоидаларини бузганлиги учун жавобгарлиги либераллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги қонунининг 2-моддаси, 3-моддасининг 2, 3-бандларини ишлаб чиқишда фойдаланилган (Қонунчилик палатаси Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитасининг 2021 йил 11 январдаги 10/1-3629-сон маълумотномаси). Ушбу таклифнинг татбиқ этилиши чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқларини кафолатлашга ҳамда мамлакатда инвестиция ва туризм муҳитининг яхшиланишига хизмат қилган;
Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг хорижга чиқиш биометрик паспорти ва идентификацияловчи ID-картасини, шунингдек Ўзбекистонда доимий чет эл фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахснинг идентификацияловчи ID-картасини олишга доир мурожаатлари бўйича Ягона интерактив давлат хизматлари портали ёки давлат хизматлари марказлари орқали электрон хизмат кўрсатиш тизимини жорий этишга доир таклифлардан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 5 январдаги “Фуқароларнинг хорижга чиқиш биометрик паспортини олиш учун ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали ариза юбориш бўйича давлат хизмати кўрсатишнинг маъмурий регламентини тасдиқлаш тўғрисида”ги 5-сон қарорининг 3-банди иккинчи ва тўртинчи хатбошиларини, 2022 йил 6 январдаги “Фуқароликни расмийлаштириш соҳасида айрим давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентларини тасдиқлаш тўғрисида”ги 8-сон қарорининг 1-банди иккинчи хатбошисини ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Юридик таъминлаш бошқармасининг 2022 йил 13 январдаги 12/21-02-сон маълумотномаси). Мазкур таклифларнинг жорий этилиши хорижга чиқиш тартибини янада такомиллаштиришга, шахсни ва фуқароликни тасдиқловчи ҳужжатларни расмийлаштиришда аҳолига қулай шароитлар яратиш, бюрократик тўсиқлар ва коррупция ҳолатларининг олдини олишга хизмат қилган;
чет эл фуқароларига ваколатли давлат органига мурожаат қилмасдан “e-visa.gov.uz” портали орқали “E-visa.uz” тизими ёрдамида электрон визани расмийлаштириш тартибини йўлга қўйишга доир таклифдан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 21 октябрдаги “Ўзбекистон Республикаси ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги 885-сон қарори иловасининг 1-банди “б” кичик банди ўн саккизинчи хатбошисини ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Юридик таъминлаш бошқармасининг 2020 йил 17 ноябрдаги 12/20-22-сон маълумотномаси). Ушбу таклифнинг инобатга олиниши Ўзбекистонда қулай инвестиция муҳитининг яратилишига хизмат қилган;
чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга “Фахрий фуқаро” мақомининг берилишига доир тартибни жорий этиш ҳақидаги таклифдан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 5 августдаги “Фахрий фуқаро” мақомини бериш тартиби тўғрисида”ги 648-сон қарорининг 1-иловаси тўртинчи бандини ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Юридик таъминлаш бошқармасининг 2020 йил 17 ноябрдаги 12/20-22-сон маълумотномаси). Ушбу таклифнинг инобатга олиниши жаҳонда Ўзбекистон Республикасининг ижобий имижи шаклланишига хизмат қилган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish