Sayt test rejimida ishlamoqda

Ахмедов Жамолиддин Давроновичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража берадиган фан тармоғи номи): «Фуқаролик ишларини судда кўришда далилларни баҳолашнинг процессуал масалалари», 12.00.04 – Фуқаролик процессуал ҳуқуқи. Иқтисодий процессуал ҳуқуқи. Ҳакамлик жараёни ва медиация ихтисослиги бўйича (юридик фанлар).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2019.1.PhD/Yu247.
Илмий маслаҳатчи: Эсанова Замира Нормуротовна, юридик фанлар доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги университети, Dsc 32/30.12.2020.Yu.74.01.
Расмий оппонентлар: Аминжонова Матлюба Ахмедовна, юридик фанлар доктори, доцент; Хабибуллаев Давлатжон Юлчибоевич, юридик фанлар номзоди, профессор.
Етакчи ташкилот: Ўзбекистон Республикаси Божхона қўмитаси Божхона институти.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади фуқаролик ишларини судда кўришда далилларни баҳолашнинг процессуал масалаларини такомиллаштириш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.
III.Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
ишда иштирок этувчи шахслар судгача бўлган жараёнда нотариал тартибда далилларни таъминлаш чораларини кўришга ҳақли эканлиги асослантирилган;
тарафлар ва учинчи шахслар тушунтиришлари деганда иш учун аҳамиятга эга ҳолатлар ҳақидаги маълумотларни судга билдириш эканлиги, тарафлар, учинчи шахслар ва улар вакилларининг тушунтиришлари оғзаки тарзда ҳам, ёзма кўринишда ҳам берилиши ҳамда видеоконференцалоқа йўли билан олиниши мумкинлиги асослантириб берилган;
ишда иштирок этувчи шахслар томонидан тақдим этилган чет давлатдан олинган ҳужжатлар, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда легализация қилинган ҳоллардагина суд томонидан ёзма далил деб тан олиниши мумкинлиги ва уларга умумий асосларда баҳо берилиши асослантирилган;
аудио ёки видеоёзувни тақдим этган ёки уни талаб қилиб олиш тўғрисида илтимоснома берган шахс, ёзув қачон, ким томонидан ва қандай шароитларда (ҳолатларда) амалга оширилганлигини кўрсатиши шартлиги асослантирилган;
ҳар бир далил алоқадорлик, мақбуллик ва ишончлилик нуқтаи назаридан, далиллар мажмуи эса – етарлилик нуқтаи назаридан баҳоланиши лозимлиги, далилларга баҳо бериш мантиқий, ҳақиқий ҳолатга мувофиқ бўлиши, баҳо бериш натижалари эса суд ҳужжатида акс эттирилиши, агар суд ҳужжат қалбаки деган хулосага келса, уни далиллар қаторидан чиқариши лозимлиги асослаб берилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. 
Фуқаролик ишларини судда кўришда далилларни баҳолашнинг процессуал масалалари бўйича олинган натижаларидан қуйидагиларда фойдаланилган: 
ишда иштирок этувчи шахслар судгача бўлган жараёнда нотариал тартибда далилларни таъминлаш чораларини кўришга ҳақли эканлигига оид таклиф Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 76-моддаси иккинчи қисмда ўз ифодасини топган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитасининг 2021 йил 7 декабрдаги 05/1-01-207-сон маълумотномаси). Ушбу таклиф далилларни таъминлаш чораларини такомиллаштиришга хизмат қилган;
тарафлар ва учинчи шахслар тушунтиришлари деганда, ушбу шахслар ва уларнинг вакиллари томонидан иш учун аҳамиятга эга ҳолатлар ҳақидаги маълумотларни судга билдириш эканлиги, оғзаки тарзда ҳам ва ёзма кўринишда ҳам берилиши ҳамда видеоконференцалоқа тизимидан фойдаланиш йўли билан олиниши мумкинлигига оид таклиф Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 19.12.2020 йилдаги 35-сон «Судлар томонидан фуқаролик ишлари бўйича далиллар ва исботлашга оид қонун нормаларини қўллаш амалиёти тўғрисида»ги қарорини ишлаб чиқишда инобатга олинган (Ўзбекистон Республикаси Олий судининг 2021 йил 26 ноябрдаги 11-81-21-сон маълумотномаси). Мазкур таклиф далил сифатида тарафлар ва учинчи шахсларнинг тушунтиришлари шакли ва уларни олиш усулларини такомиллаштиришга хизмат қилган;
ишда иштирок этувчи шахслар томонидан тақдим этилган чет давлатда олинган ҳужжатлар, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда легализация қилинган ҳоллардагина суд томонидан ёзма далил деб тан олиниши мумкинлиги ва уларга умумий асосларда баҳо берилиши ҳақидаги таклиф Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2020 йил 19 декабрдаги 35-сон «Судлар томонидан фуқаролик ишлари бўйича далиллар ва исботлашга оид қонун нормаларини қўллаш амалиёти тўғрисида»ги қарорида ўз аксини топган (Ўзбекистон Республикаси Олий судининг 2021 йил 26 ноябрдаги 11-81-21-сон маълумотномаси). Ушбу таклиф чет давлатларда олинган ҳужжатларни далил сифатида тан олиш ва уларга баҳо беришнинг процессуал тартибини аниқлаштириш имконини берган;
ишда иштирок этувчи шахслар томонидан судга тақдим этилган, иш учун аҳамиятга эга бўлган маълумотларни ўзида сақлаган аудио ёки видеоёзувлар, электрон почта ёки бошқа ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда амалга оширилган ёзишмалар суд томонидан бошқа далиллар мажмуида баҳоланиши лозимлигига оид таклиф Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2020 йил 19 декабрдаги 35-сон «Судлар томонидан фуқаролик ишлари бўйича далиллар ва исботлашга оид қонун нормаларини қўллаш амалиёти тўғрисида»ги қарорида акс эттирилган (Ўзбекистон Республикаси Олий судининг 2021 йил 26 ноябрдаги 11-81-21-сон маълумотномаси). Мазкур таклиф аудио ёки видеоёзувларни далил сифатида баҳолаш механизмларини аниқлаштиришга хизмат қилган;
ҳар бир далил алоқадорлик, мақбуллик ва ишончлилик нуқтаи назаридан, далиллар мажмуи эса – етарлилик нуқтаи назаридан баҳоланиши лозимлиги, далилларга баҳо бериш мантиқий, ҳақиқий ҳолатга мувофиқ бўлиши, баҳо бериш натижалари эса суд ҳужжатида акс эттирилиши, агар суд ҳужжат қалбаки деган хулосага келса, уни далиллар қаторидан чиқариши Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2020 йил 19 декабрдаги 35-сон «Судлар томонидан фуқаролик ишлари бўйича далиллар ва исботлашга оид қонун нормаларини қўллаш амалиёти тўғрисида»ги қарорида ўз аксини топган (Ўзбекистон Республикаси Олий судининг 2021 йил 26 ноябрдаги 11-81-21-сон маълумотномаси). Ушбу таклиф далилларга баҳо бериш мезонларини аниқлаш ва уларни қўллашнинг процессуал тартибини такомиллаштиришга хизмат қилган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish