Sayt test rejimida ishlamoqda

Аймурзаева Лиза Гулмурзаевнанинг 
фалсафа доктори (PhD) диссертация ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи): «Бифункционал коагулянт-адсорбентни олиш технологияси ва уни  тўқимачилик саноати бўёқли оқава сувларини тозалашда қўллаш», 02.00.11 – Коллоид ва мембрана кимёси (техника фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2022.1.PhD/Т1516.
Илмий раҳбар: Жумаева Дилноза Жураевна, техника фанлари доктори.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Умумий ва ноорганик кимё институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Умумий ва ноорганик кимё институти, DSc.02/30.12.2019.K/T.35.01.
Расмий оппонентлар: Эргашев Ойбек Каримович, кимё фанлари доктори, профессор; Хаметов Замирбек Мухтарович, техника фанлари буйича фалсафа доктори (PhD).
Етакчи ташкилот: Тошкент давлат техника университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: Ангрен чипор рангли гили ва табиий мирабилит асосида фаоллаштирилган коагулянт-адсорбент олиш, ҳамда уларни тўқимачилик саноати бўёқли оқава сувларини адсорбцион ва коагуляцион усул ёрдамида тозалашда қўллаш технологиясини ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
Ангрен чипор рангли гили ва табиий мирабилит асосида 1:1,7 масса нисбатида, мос равишда 1-1,5 соат давомида 600 ± 50°С да иссиқлик билан ишлов бериш орқали коагулянт-адсорбент олишнинг мақбул усуллари ва шароитлари аниқланган; 
Ангрен чипор рангли гили ва табиий мирабилитнинг 650°С ҳароратда ўзаро таъсир механизми туфайли фаол метакаолинит формасида Аl2(SО4)3 ва Fe2(SО4)3 нинг ҳосил бўлиши аниқланган;
олинган коагулянт-адсорбент сиртининг турли табиатдаги адсорбатларга нисбатан сорбцион хоссаларининг аниқланиши натижасида коагуляция ва адсорбция жараёнинг комплекс бориши ҳисобидан уларнинг адсорбцион хусусиятлари 2,0 бараварга ошиши аниқланган;
сув муҳитидаги ифлосланган кичик заррачаларнинг йириклашуви алюминий ва темир сульфатларнинг гидратация пайтида коагуляция жараёни, шунингдек Ангрен чипор рангли гили юзасида адсорбция жараёни натижасида коагулянт-адсорбент-адсорбат тизимидаги ўзаро таъсир механизми аникланган; 
тўқимачилик корхоналарининг оқава сувларини тозалаш учун маҳаллий хомашёдан коагулянт-адсорбент олишнинг технологик схемаси ишлаб чиқилган;
тўқимачилик корхоналарининг рангли оқава сувларини коагулянт-адсорбент ёрдамида органик ва ноорганик аралашмалардан тозалашнинг технологияси ишлаб чиқилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши: 
Ангрен чипор рангли гили ва табиий мирабилит асосида модификацияланган коагулянт-адсорбентлар ишлаб чиқариш, ҳамда уларнинг сорбцион хусусиятларини аниқлаш бўйича олинган илмий натижалар асосида:
Ангрен чипор рангли гили ва табиий мирабилитни термокимёвий фаоллаш йўли билан коагулянт-адсорбент олиш технологияси «BOSTON MEGA TEKSTIL» МЧЖда амалиётга жорий этилган (Қорақалпоғистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитасининг 2021 йил 20 сентябрдаги 03-01/18-1-1996-сон маълумотномаси). Натижада, фаоллаштирилган коагулянт-адсорбентни ишлаб чиқишда импорт аналогларга нисбатан икки баравар арзон тан нархга эришиш имконини берган; 
ишлаб чиқилган коагулянт-адсорбент ёрдамида тўқимачилик саноати бўёқли оқава сувларини тозалаш технологияси «BOSTON MEGA TEKSTIL» МЧЖда амалиётга жорий этилган (Қорақалпоғистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитасининг  2021 йил 20 сентябрдаги 03-01/18-1-1996-сон маълумотномаси). Натижада, оқава сувларни бўёқлардан тозалаш даражасининг қиймати 90% га етиб, тозаланган сувни корхонанинг технологик циклга қайтиш имконини берган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish