Sayt test rejimida ishlamoqda

Юлдашев Джахонгир Хайитовичнинг 
фан доктори (DSс)диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини ҳуқуқий тартибга солишни такомиллаштириш”, 12.00.02 – Конституциявий ҳуқуқ. Маъмурий ҳуқуқ. Молия ва божхона ҳуқуқи (юридик фанлар).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2020.4.DSc/Yu150.
Илмий консультант: Исмаилов Исамиддин, юридик фанлар доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Академияси.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Академияси, DSc.31/30.12.2019.Yu.25.02.
Расмий оппонентлар: Маматов Худоёр Тешаевич, юридик фанлар доктори, профессор; Якубов Шухрат Умматалиевич, юридик фанлар доктори, профессор; Асадов Шавкат Ғайбуллаевич, юридик фанлар доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси Божхона институти.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигини тартибга солувчи қонунчиликни такомиллаштиришга қаратилган таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
амалдаги қонунчиликда Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигига умумий, соддалаштирилган ва алоҳида тартибда қабул қилиш асослари, шартлари ва тартибини мустаҳкамлаш орқали фуқароликка доир ишларни юритишнинг дифференциал ёндашувини татбиқ этиш зарурати асосланган;
Ўзбекистон Республикасида доимий яшаш фактини доимий рўйхатдан ўтганлик тўғрисидаги белгининг мавжудлиги билан тасдиқлаш имкони бўлмаган ҳолларда шахснинг фуқароликка мансублигини суд орқали ҳал этиш тартибини жорий этиш зарурати асосланган;
ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум этилган шахслар фуқаролигининг ўзгариши бола фуқаролигининг ўзгаришига сабаб бўлмаслиги, бола ўз хоҳишига кўра фуқаролигини ўзгартирган ҳолларда ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум этилган ота-онасининг розилиги талаб этилмаслигига доир ҳуқуқий механизмларни ишлаб чиқиш лозимлиги исботланган;
хорижий давлатлар ҳудудида ота-онаси қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг ҳуқуқий мақомини аниқлаш ва белгилаш борасидаги вазифаларнинг Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик ваколатхона ва консуллик муассасалари томонидан амалга оширилиши лозимлиги асослантирилган;
оталик ёки оналикнинг белгиланиши ёхуд тан олиниши Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини олишнинг алоҳида асоси эканлиги исботлаб берилган;
Ўзбекистонда доимий яшовчи фуқаролар ва фуқаролиги йўқ шахсларнинг Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигига қабул қилиш ва фуқароликдан чиқишга доир мурожаатлари бўйича Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали онлайн шаклда хизмат кўрсатиш тизимини жорий этиш зарурати асослантирилган;
Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигига қабул қилишда давлат тилини мулоқот қилиш даражасида билиш шарти татбиқ этилмайдиган шахслар рўйхатига мамлакатда умумий ўрта таълим олган, муомала лаёқатига эга бўлмаган ва I гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларни киритиш зарурати асослантирилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. 
Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини ҳуқуқий тартибга солишни такомиллаштириш бўйича олинган илмий натижалар асосида:
амалдаги қонунчиликда Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигига умумий, соддалаштирилган ва алоҳида тартибда қабул қилиш асослари, шартлари ҳамда тартибини белгилашга доир таклифлардан Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 13 мартдаги “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида”ги ЎРҚ-610-сон қонунининг 
18-моддасини ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикасининг Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасининг 2020 йил 20 августдаги 06/2-06/1339 вх-сон маълумотномаси). Ушбу таклифнинг инобатга олиниши фуқароликка доир ишларни юритиш турларининг қонунчиликда мустаҳкамланишига хизмат қилган;
Ўзбекистон Республикасида доимий яшаш фактини доимий рўйхатдан ўтганлик тўғрисидаги белгининг мавжудлиги билан тасдиқлаш имкони бўлмаган ҳолларда шахснинг фуқароликка мансублигини суд тартибида ҳал этишнинг ҳуқуқий механизмларини белгилашга доир таклифдан Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 13 мартдаги “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида”ги ЎРҚ-610-сон қонунининг 5-моддаси учинчи қисмини ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикасининг Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасининг 2020 йил 20 августдаги 06/2-06/1339 вх-сон маълумотномаси). Ушбу таклифнинг инобатга олиниши шахснинг фуқароликка доир ҳуқуқлари кафолатини оширишга хизмат қилган;
амалдаги қонун ҳужжатларида ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум этилган шахслар фуқаролигининг ўзгариши бола фуқаролигининг ўзгаришига сабаб бўлмаслигини белгиловчи, бола ўз хоҳишига кўра фуқаролигини ўзгартирган ҳолларда ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум этилган ота-онасининг розилиги талаб этилмаслигини назарда тутувчи қоидани мустаҳкамлашга доир таклифлардан Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 13 мартдаги “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида”ги ЎРҚ-610-сон қонунининг 32-моддаси учинчи қисмини ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикасининг Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасининг 2020 йил 20 августдаги 06/2-06/1339 вх-сон маълумотномаси). Илмий натижаларнинг жорий этилиши боланинг фуқароликка доир ҳуқуқларини кафолатлашнинг ҳуқуқий механизмларини такомиллаштиришга хизмат қилган;
хорижий давлатлар ҳудудида ота-онаси қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжати бўлмаган ҳолларда, уларнинг Ўзбекистон фуқаролигига мансублигини тасдиқлаш, уларга шахсини тасдиқловчи ва мамлакатга қайтиб келиш ҳуқуқини берувчи ҳужжатларни расмийлаштириш ва бериш вазифасининг Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик ваколатхона ва консуллик муассасалари томонидан амалга оширилишини қонун ҳужжатларида белгилашга доир таклифлардан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 7 январдаги “Хорижда ота-онаси қарамоғидан маҳрум бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг болаларини Ўзбекистон Республикасига қайтариш тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги 6-сон қарори 2-банди олтинчи хатбошисини ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Юридик таъминлаш бошқармасининг 2020 йил 29 майдаги 12/20-5-сон маълумотномаси). Таклифларнинг жорий этилиши хорижий давлатлар ҳудудида ота-онаси қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг ҳуқуқий мақомини аниқлаштириш ва белгилаш амалиётини такомиллаштиришга хизмат қилган;
оталик ёки оналикнинг белгиланиши ёхуд тан олинишини Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини олишнинг алоҳида асоси сифатида этироф этишга доир илмий хулосалардан Ўзбекистон Республикаси ИИВ Академияси ўқув жараёнида фойдаланиш учун тавсия этилган “Халқаро стандартлар ва айрим хориж давлатлари қонунчилигида фуқароликни ҳуқуқий тартибга солиш масалалари” номли ўқув қўлланмани тайёрлашда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2021 йил 31 майдаги 237-сон буйруғига асосан берилган 237-513-сон гувоҳнома). Илмий тавсияларнинг татбиқ этилиши юридик олий таълим муассасалари талабалари (курсантлари), профессор-ўқитувчилари, тадқиқотчилари, шунингдек амалиёт ходимларининг фуқаролик олиш асосларига доир билим ҳамда кўникмаларини ривожлантиришга хизмат қилган;
Ўзбекистонда доимий яшовчи фуқаролар ва фуқаролиги йўқ шахсларнинг Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилиш ва фуқароликдан чиқишга доир мурожаатлари бўйича Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали онлайн шаклда хизмат кўрсатиш тизимини жорий этиш ҳақидаги таклифдан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 6 январдаги “Фуқароликни расмийлаштириш соҳасида айрим давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентларини тасдиқлаш тўғрисида”ги 8-сон қарори 1 ва 2-бандларининг учинчи хатбошиларини ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Юридик таъминлаш бошқармасининг 2022 йил 22 январдаги 12/21-05-сон маълумотномаси). Ушбу таклифнинг инобатга олиниши Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигига доир давлат хизматлари кўрсатиш тизимининг самарадорлигини оширишга ҳамда шахснинг фуқароликка доир ҳуқуқларини кафолатлашга хизмат қилган;
Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигига қабул қилишда давлат тилини мулоқот қилиш даражасида билиш шарти татбиқ этилмайдиган шахслар рўйхатига мамлакатда умумий ўрта таълим олган, муомала лаёқатига эга бўлмаган ва I гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларни киритиш ҳақидаги таклифдан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 10 мартдаги ПФ-6185-сон фармони билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги масалаларини кўриб чиқиш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 14-бандини ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси ИИВнинг 2021 йил 17 майдаги 22/13208-сон маълумотномаси). Мазкур таклифнинг инобатга олиниши фуқароликка қабул қилиш шартларининг мақбуллаштирилишига хизмат қилган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish