Sayt test rejimida ishlamoqda

Хўжагелдиев Чоршанби Пардаевичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Суғориладиган қишлоқ хўжалиги ерлари унумдорлигини оширишни рағбатлантириш», 08.00.04-Қишлоқ хўжалиги иқтисодиёти (иқтисодиёт фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2019.4.PhD/Iqt1151.
Илмий раҳбар: Алтиев Абдурашид Султанович, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Термиз давлат университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: “Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти” миллий тадқиқот университети, Dsc.I.03/30.01.2020.I.10.03.
Расмий оппонентлар: Хасанов Шавкат Турсунқулович, иқтисодиёт фанлари доктори; Нарбаев Шарафатдин Кенгешович, иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD), доцент.
Етакчи ташкилот: Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади суғориладиган қишлоқ хўжалиги ерлари унумдорлигини оширишни рағбатлантириш бўйича илмий таклиф ва амалий тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги: 
деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари даромад ва харажатларини режалаштириш ва прогнозлаштириш мақсадида ерларни бонитировкалаш  хизматларини жорий этиш механизми асосланган; 
қишлоқ хўжалиги корхоналарида маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини тупроқ унумдорлиги даражаси, дифференциал ер рентаси турларининг шаклланиш омиллари  ва фойданинг ўзаро боғлиқлик хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда режалаштириш тавсия этилган;
экин ерларининг табақаланган балл-бонитет даражасига мос ер солиғи ставкаларини ҳисоблаш ва ер унумдорлигини ошириш харажатларини маҳаллий бюджетдан молиялаштириш орқали иқтисодий рағбатлантириш механизмлари такомиллаштирилган;
ер ижараси ҳуқуқини гаровга қўйишда қишлоқ хўжалиги корхоналарининг кредит тўловига лаёқатлилик даражасини “лаёқатсиз” (0,0-0,2), “ўрта лаёқатли” (0,2-0,6), “юқори лаёқатли” (0,6-1,0) мезонларига кўра баҳолаш таклиф этилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. 
Суғориладиган қишлоқ хўжалиги ерлари унумдорлигини оширишни рағбатлантириш бўйича олинган илмий натижалар асосида: 
деҳқон хўжаликлари, томорқа ер эгалари фойдаланишидаги ер майдонларининг бонитет балини аниқлаш механизмини йўлга қўйиш юзасидан таклифи Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси томонидан амалиётга жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитасининг 2020 йил 6 июндаги 03-05-6302-сон маълумотномаси). Натижада деҳқон хўжаликлари, томорқа ер эгалари фойдаланишидаги ер майдонларида етиштириладиган ҳосил, даромад ва харажатларини аниқлаштириш ҳамда оптималлаштириш, шунингдек қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш прогнозларининг ишончлилигини ошириш имкониятлари яратилган ҳамда ушбу ерларда ҳосилдорлик ўртача 5-6 фоизга ошиши, 0,01 га ердан қўшимча 352 минг сўм даромад олиниши асосланган; 
фермер хўжаликлари ишлаб чиқариш фаолиятини режалаштиришни нафақат тупроқ унумдорлигини, балки дифференциал ер рентаси шаклланишининг бошқа омилларини ҳам ҳисобга олган ҳолда амалга ошириш ва шундан келиб чиққан ҳолда шартнома режаларини белгилашни такомиллаштириш бўйича таклифи Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазирлиги тизим ташкилотлари фаолиятига жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2019 йил 5 декабрдаги 05/040-4086-сон маълумотномаси). Натижада Сурхондарё вилояти фермер хўжаликларида бонитет бали ҳамда дифференциал ер рентаси шаклланишини ҳисобга олган ҳолда режалаштириш асосида жами даромад ўртача 1 гектарга 1456 минг сўмга ошган, жами харажатлар эса 756 минг сўмга камайишига эришилган; 
суғориладиган қишлоқ хўжалиги ерлари унумдорлигини оширишни молиявий тизимлар орқали рағбатлантириш механизмини жорий этиш бўйича ишлаб чиқилган таклифи Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазирлиги тизим ташкилотлари фаолиятига жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2019 йил 5 декабрдаги 05/040-4086-сон маълумотномаси). Натижада вилоятдаги суғориладиган қишлоқ хўжалиги ерлари унумдорлигини оширишда маҳаллий бюджетлар иштироки кучайтирилган ҳамда фермер хўжаликларида экинлар ҳосилдорлиги ўртача 3-5 фоизга ошган ва қўшимча 2428,0 млн. сўмлик даромад олинган;  
фермер хўжалигининг ер участкасига ижара ҳуқуқи қийматини баҳолаш услубиётини такомиллаштириш, шунингдек, деҳқон хўжаликлари ҳамда томорқа ер эгаларининг ерга эгалик ҳуқуқини гаровга қўйиб, узоқ муддатли ипотека кредити олиш механизмини шакллантириш бўйича таклифи Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазирлиги тизим корхоналари фаолиятига жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2019 йил 5 декабрдаги 05/040-4086-сон маълумотномаси). Натижада тижорат банклари билан фермер ва деҳқон хўжаликлари, томорқа ер эгалари ўртасида суғориладиган ерлар унумдорлигини оширишни кўзда тутувчи лойиҳаларни молиялаштириш механизмини самарали йўлга қўйиш таъминланган. 

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish