Sayt test rejimida ishlamoqda

Уроков Камолиддин Худойбердиевичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Самарқанд вилояти шароитида қорамоллар фасциолёзи ва дикроцелиозини эхинококкоз билан аралаш кечиши», 03.00.06 – Зоология (ветеринария фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам В2022.1.PhD/V9.
Илмий раҳбарлар: Салимов Бури Салимович, ветеринария фанлари доктори, профессор; ветеринария фанлари доктори, профессор Даминов Асадулло Сувонович.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Самарқанд ветеринария медицинаси институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Самарқанд ветеринария медицинаси институти, DSc.06/30.12.2019.V.12.01.
Расмий оппонентлар: Юлдашев Нурбек Эргашович ветеринария фанлари доктори, катта илмий ходим; Авезимбетов Шавкат Досумбетович, ветеринария фанлари номзоди, доцент.
Етакчи ташкилот: Ветеринария илмий-тадқиқот институти.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади Самарқанд вилоятининг суғориладиган ва тоғолди-тоғ ҳудудларида қорамолларнинг жигар трематодалари (Fasciola hepatica, Fasciola gigantica, Dicrосоеlium dendriticum)нинг эпизоотологик ҳолати ва уларнинг эхинококкоз (Exinococcus larva) билан аралаш кечишини, паразитоценотик муносабатларини очиб бериш ҳамда уларга қарши профилактик чора-тадбирларини ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
турли ёшдаги қорамолларда фасциолёз, дикроцелиоз ва эхинококкознинг кечиши, тарқалиши йилнинг фаслларига, биоэкологик омилларга ва ҳудуднинг географик-иқлим шароитига бевосита боғлиқлиги, эпизоотологик ҳолати ва мавсумий динамикаси аниқланган;
Fasciola hepatica нинг биологик тараққиётида Lymnaea thiesseae моллюскасининг иштирок этиши илк бор аниқланган;
Самарқанд вилояти шароитида илк бор қорамолларнинг жигар трематодозларини эхинококкоз билан аралаш кечиши аниқланган;
фасциолёзга носоғлом ҳудудларда сурункали фасциолёзга қарши «Альбендазолли» антгельминтикларни, ўткир фасциолёзга қарши эса «Бронтел 10%» ёки «Роленол» препарати қўлланилганда юқори самара бериши аниқланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Самарқанд вилояти шароитида қорамоллар фасциолёзи ва дикроцелиозини эхинококкоз билан аралаш кечиши бўйича олиб борилган илмий тадқиқот натижалари асосида:
«Қишлоқ хўжалик ҳайвонларининг жигар трематодозлари, уларни даволаш ва олдини олиш чора-тадбирлари бўйича тавсиянома», «Самарқанд ва Навоий вилоятлари хўжаликларида қорамоллар парамфистоматозини даволаш ва олдини олиш бўйича ветеринария тадбирлари» ва «Қишлоқ хўжалик ҳайвонлари фасциолёзи ва уларнинг оралиқ хўжайинларининг биологияси ва экологиясига оид тавсиялар» тасдиқланган ва ветеринария амалиётига жорий қилинган (Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитасининг 2021 йили 25 октябрдаги №02/23-345-сон маълумотномаси). Ушбу тавсияларни қўлланилиши эвазига қорамолларни трематодозлар билан зарарланишининг олдини олиш ва уларга ўз вақтида қарши курашиш имконияти яратилган;
қорамолларнинг сурункали фасциолёзида альбендазол таркибли препаратларни (албенол-100, броватриол, левазол болюс) йўриқномасида белгиланган миқдорларда оғиз орқали қўллаш жорий қилинган (Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитасининг 2021 йили 25 октябр даги №02/23-345-сон маълумотномаси). Натижада қўлланилган препаратлар сурункали фасциолёзни даволашда юқори, ўткир фасциолёзда эса қисман самара бериши аниқланган;
қорамолларнинг ўткир фасциолёзига қарши бир йилда икки марта «Роленол» ва «Бронтел 10%» препаратларини қорамолнинг ҳар 10 кг тирик вазнига 0,5 мл миқдорда (мускул орасига ёки тери остига) қўллаш жорий қилинган (Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитасининг 2021 йили 25 октябрдаги №02/23-345-сон маълумотномаси). Натижада қорамоллар фасциолёзида ушбу препаратларнинг самарадорлиги юқори эканлиги аниқланиб, сарфланган бир сўмга, харажатлар қоплами 49,10 сўмни ташкил қилган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish