Sayt test rejimida ishlamoqda

Исақова Замирахон Руҳитдиновнанинг 
фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража берилган фан тармоғи номи): “Ирфон ва унинг Шарқ фалсафий тафаккури ривожидаги ўрни (X-XIII асрлар)”, 09.00.03 – Фалсафа тарихи (фалсафа фанлари). 
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2021.1.DSc/Fal79.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Наманган давлат университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи ИК рақами: Самарқанд давлат университети, DSc.03/30.12.2019.F.02.02 рақамли илмий кенгаш асосидаги Бир марталик илмий кенгаш.
Илмий маслаҳатчи: Тураев Бахтиёр Омонович, фалсафа фанлари доктори, профессор.
Расмий оппонентлар: Каримов Соҳибназар Каримович, фалсафа фанлари доктори, доцент; Нуритдинов Маҳмудходжа Низамович, фалсафа фанлари доктори, профессор; Мадаева Шаҳноза Омонуллаевна, фалсафа фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Ўзбекистон халқаро ислом академияси.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятна молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади X-XIII асрларда Шарқ фалсафий тафаккури ривожида ирфон муаммосининг фалсафий асосларини онтологик, эпистемологик, антропологик, аксиологик қиёсий жиҳатдан очиб беришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
X-XIII асрлар Шарқ фалсафий тафаккури ривожида “басират”, “илҳом”, “кашф”, “фаросат”, “қалб” истилоҳлари ирфон илмининг моҳиятини акс эттиришда бирламчи омил бўлиб хизмат қилгани Абу Али ибн Синонинг “Ал-ишорот ват-танбеҳот” (Ишоралар ва танбеҳлар), Абу Ҳомид Ғаззолийнинг “Ар-рисола ал-ладуния” (Ладун ҳақида рисола), Ҳаким Термизийнинг “Илм ул-авлиё” (Авлиёлик илми), “Маърифат ул-асрор” (Сирлар маърифати) каби асарлари мисолида исботланган; 
фалсафий билимлар тизимида ирфон (гўзал ахлоқ, пок ишқ ва ирфоний адабиёт)нинг ночизиқли маънавий-руҳий ҳодиса сифатида жамият келажаги ва ижтимоий барқарорлигини таъминлаш ва мураккаб илмий-концептуал муаммолар (ҳар қандай зулм ва адолатсизлик, жаҳолат ва нодонликка қарши илм-маърифат билан курашиш)ни ҳал этишда субстанционал асос вазифасини бажаргани аниқлаштирилган; 
ориф, ўзининг акмеологик даражасига кўра, башарият учун юксак идеал  эканлиги ахлоқ, қалб ва руҳ тарбияси орқали инсонда қудратли бирлик туйғусини вужудга келтирадиган шукроналик, бағрикенглик, соғлом тафаккур, руҳий хотиржамлик, кечиримлилик, муросасозлик, миннатдорлик каби ирфоний билиш хусусиятлари воситасида исботланган; 
плюралистик ёндашув, мустақил фикрлаш, иродани чиниқтириш, тафаккурни юксалтириш, дунё халқлари илғор маданиятини танқидий ўзлаштириш каби ирфонийлик ва дунёвийликнинг уйғунлиги тамойилини таълим тизими модернизациясига йўналтирилиши соғлом ижтимоий муҳит яратишга хизмат қилиши далилланган;
жамият маънавий муҳитини соғломлаштириш, инсон руҳияти, ахлоқи ва маънавиятидаги бўшлиқни орифларнинг ҳаёти, ҳикматли сўзлари, асарларига мурожаат қилиш орқали инсоннинг танаси, жони ва руҳининг бир бутунлигига эришиш мумкинлиги фалсафий жиҳатдан асосланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Шарқ фалсафий тафаккури ривожида ирфоннинг ўрни тадқиқи бўйича олинган илмий-тадқиқот натижалари асосида: 
X-XIII асрлар Шарқ фалсафий тафаккури тараққиётида ирфоннинг ўзига хос хусусиятлари, ирфоннинг таркибий қисмлари, басират, илҳом, кашф, фаросат, қалб таснифига доир илмий-назарий хулосалари, таклиф-тавсияларидан Ўзбекистон Мусулмонлар идораси тасарруфидаги Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан нашр этилган “Термизлик икки аллома”, “Ҳаким Термизий йўлининг бошланиши”, Ҳаким Термизийнинг “Нафс одоби”, “Нафс риёзати”, “Касб тирикчилик баёни”, Абу Исо Термизийнинг “Сунани Термизий” асарлари таржималарини тайёрлашда ва архив қўлёзмалари фондларини бойитишда фойдаланилган (Ўзбекистон Мусулмонлар идорасининг 2021 йил 13 июлдаги 2218-сон маълумотномаси). Натижада халқимиз дунёқарашида аждодлар меросига ҳурмат туйғусини шакллантиришга, интеллектуал салоҳиятли ёшларни аждодларга муносиб ворислар этиб тарбиялашга хизмат қилган;
фалсафий билимлар тизимида ирфон илмининг ночизиқли маънавий-руҳий ҳодиса сифатида жамият келажаги, унинг барқарорлигига оид мураккаб илмий-концептуал муаммоларни ҳал этишда “калит” вазифасини ўташига доир таклиф-тавсияларидан Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази таркибидаги кутубхона ва архив қўлёзмалари фондларини бойитишда фойдаланилган (Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг 2021 йил 30 июндаги 381/21-сон маълумотномаси). Натижада халқимиз қалбида ислом, тасаввуф, ирфон илми ва ислом динининг инсонпарварлик моҳиятини теран англаш, тасаввуф ва тариқатларнинг инсон маънавиятини юксалтириб, камолотга етакловчи умуминсоний қадриятлар манбаси эканини англашга хизмат қилган;
ориф, унинг акмеологик (ахлоқий камолот) даражасига кўра, башарият учун юксак идеал эканлиги ирфоний билиш хусусиятлари ҳамда инсон руҳияти, ахлоқи ва маънавиятидаги бўшлиқни тасаввуф алломаларининг ҳаёти, ҳикматли сўзлари, асарларига мурожаат қилиш орқали тўлдириш борасидаги таклиф ва хулосаларидан 2021 йил 26 мартдаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-5040-сон Қарорнинг 8-бандида белгиланган “Ёшларни ислом дини ва фалсафаси, бошқа диний конфессияларга нисбатан ҳурмат-эҳтиром ва бағрикенглик руҳида тарбиялаш, миллатлараро тотувлик ва ўзаро меҳр-оқибат муҳитини янада мустаҳкамлаш бўйича маънавий-маърифий тадбирларни амалга оширишда, миллий давлатчилик тарихи ва буюк аждодларнинг бой маънавий меросини ўрганиш, уларнинг инсонпарварлик ғояларини ҳаётга кенг татбиқ этиш бўйича қўшма дастур” ҳамда 12-бандидаги “Узлуксиз маънавий тарбия концепцияси” асосида таълим тизими бўғинларида узлуксиз тарбияни йўлга қўйиш мақсадида татбиқ этиладиган чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқишда фойдаланилган (Республика Маънавият ва маърифат марказининг 2021 йил 4 августдаги 02/08-891-сон маълумотномаси). Натижада ёшлар онги, шуури ва тафакккурида креатив дунёқарашни шакллантириш, шу орқали мамлакатимизда Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этишдек улуғ мақсадни амалга оширишга хизмат қилган; 
“ирфонийлик ва дунёвийлик уйғунлиги” (плюралистик ёндашув, мустақил фикрлаш, иродани чиниқтириш, тафаккурни юксалтириш, дунё халқлари илғор маданиятини танқидий ўзлаштириш) тамойилини таълим тизими модернизациясига йўналтириш орқали соғлом ижтимоий муҳит яратиш концепциясида илгари сурилган илмий-назарий таклиф ва тавсияларидан П3-20170930192 рақамли амалий лойиҳаси доирасида бажарилган “Тасаввуфга кириш” дарслигини тайёрлашда фойдаланилган (Ўзбекистон халқаро ислом академиясининг 2021 йил 29 июндаги 02-1340-сон маълумотномаси). Натижада талабалар онги ва тафаккурида тасаввуф тарихи, таълимоти, ғоялари, тариқатларнинг қадимдаги ва ҳозирги ҳолатлари, минтақавий хусусиятлари, глобаллашув шароитида тариқатларнинг фаоллашуви, сохта сўфийлик, тариқатчилик, бугунги кунда тасаввуфга тўғри муносабат шакллантиришга хизмат қилган;
инсон руҳияти, ахлоқи ва маънавиятидаги бўшлиқни тасаввуф алломаларининг ҳаёти, ҳикматли сўзлари, асарларига мурожаат қилиш орқали тўлдиришга доир тавсия ва хулосаларидан Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан нашр этилган “Ўрта аср Шарқ алломалари энциклопедияси”, “Ўрта асрларда яшаган машҳур самарқандлик алломалар”, “Иброҳим Саффор Бухорий”, “Кешлик алломалар”, “Uzbekistan a land of multifarious Geniuses” асарларининг мазмунини тўлдиришда ва архив қўлёзмалари фондларини бойитишда фойдаланилган (Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказининг 2021 йил 28 июндаги 02/264-сон маълумотномаси). Натижада ёш авлодда ислом дини, тасаввуф ва ирфон ҳақида, эътиқод эркинлиги, динлараро бағрикенглик борасидаги дунёқарашни кенгайтиришга, дин ниқоби остидаги бузғунчи экстремистик оқимларнинг даъволари соф исломга зид эканлиги ҳақидаги тушунчалари ривожланишига ҳамда мазкур оқимларнинг даъволарига қарши зарба бериш кўникмаларини тарбиялашга хизмат қилган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish