Sayt test rejimida ishlamoqda

Жуманов Элбек Эркинович
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Ўзбек халқ эртакларида эпик формулалар», 10.00.08 – Фольклоршунослик (филология фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2021.1.PhD/Fil1686. 
Диссертация бажарилган муассаса номи: Ўзбекистон миллий университети.
Илмий маслаҳатчи: Раҳмонов Насимхон, филология фанлари доктори, профессор.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: ЎзР ФА Ўзбек тили, адабиёт ва фольклори институти, Dsc.02/30.12.2019.Fil.46.02 
Расмий оппонентлар: Алламбергенов Кенесбай, филология фанлари доктори, профессор; Расулова Зебинисо Жалолиддиновна, филология фанлари номзоди.
Етакчи ташкилот: Алишер Навоий номидаги Давлат адабиёт музейи.
Диссертация йўналиши: назарий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади ўзбек халқ эртакларидаги эпик формулаларнинг тарихий асосларини архаик мифология, диний эътиқодий тасаввурлар, магик мазмундаги ибтидоий маросимлар ва инонч-эътиқодлар билан алоқадорлигини асослаб беришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
эпик формулалар эртакларнинг инициал, медиал ва финал қисмларида келувчи композицион элементлар мажмуи эканлиги, улар ҳар бир фольклор жанрида ўзига хос тарзда турғун бирикмалар кўринишида ифодаланиши асосланган;
эпик формулаларнинг халқ насрида тутган ўрни, тасвир ва баён жараёнида барча турдаги эртакларда бажарган ғоявий-эстетик функцияси, эртакларнинг композицияси қурилишида мазкур формулаларнинг роли ва уларнинг бошқа халқ насридан фарқлантириб турувчи муҳим элемент эканлиги ойдинлаштирилган; 
ўзбек халқ эртакларидаги эпик формулалар воситасида ҳаёт воқеликлари, инсон руҳий кечинмалари ҳамда уларнинг замон ва маконга, маросимларга ва муқаддас рақамларга, ирим-сиримларга, удумларга муносабати, халқ насрига оид эпос, афсона жанрлари билан  боғлиқ жиҳатлари очиб берилган;
ўзбек халқ эртакларидаги стереотипларни ҳосил қилувчи бирикмалар юзага келтирган бошланғич, ўрталиқ  ва якуний формулалар каби элементлар аниқланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Ўзбек халқ эртакларидаги эпик формулалар тадқиқи бўйича олинган илмий натижалар асосида:
эртаклардаги эпик формулаларнинг генезиси, мифологик илдизлари ва поэтикасига доир илмий-назарий натижаларидан Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Қорақалпоғистон бўлими Қорақалпоқ гуманитар фанлар илмий-тадқиқот институтида бажарилган ФА-Ф-1-005 рақамли «Қорақалпоғистон фольклоршунослиги ва адабиётшунослиги тарихини тадқиқ этиш» мавзусидаги фундаментал илмий лойиҳани бажаришда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Қорақалпоғистон бўлимининг 2021 йил 11 ноябрдаги 17.02/266-сон маълумотномаси). Натижада Қорақалпоқ халқ оғзаки ижодиётидаги насрий асарлар таркибидаги сайёр бирикмаларнинг илмий изоҳларини тайёрлашга, хусусан, эртаклардаги эпик формулаларнинг ўзига хос хусусиятлари ва асардаги аҳамиятига доир материалларни такомиллаштиришга эришилган;
эртакларнинг илк намуналаридаги стереотипларнинг шаклланишига сабаб бўлувчи омиллар тарихига доир илмий хулосалардан Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида бажарилган ПЗ 20170927147 рақамли «Қадимги даврлардан XIV асргача бўлган туркий ёзма манбалар тадқиқи» мавзусидаги ЎзР Инновацион вазирлигининг илмий-амалий гранти бажарилишида фойдаланилган. (Алишер Навоий номидаги ўзбек тили ва адабиёти университетининг 2021 йил 18 июндаги 01-1094-сон маълумотномаси). Натижада қадимда эртакчилик анъаналарининг шаклланишида формулаларнинг ўрни кўрсатиб берилган;
ўзбек халқ эртаклари ва эртакчилик анъаналарини кенг омма орасида тарғиб қилишда тадқиқотнинг илмий-назарий хулосаларидан Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси «Madaniyat va ma’rifat» телеканалининг «Боқий Наврўз», «Халқ достонлари» ва «Ўзбекистон – боқий достоним» кўрсатувларида фойдаланилган (Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясининг 2021 йил 17 июндаги 01-16/120-сон маълумотномаси). Натижада халқ эртакларидаги анъаналарнинг таълим-тарбиядаги аҳамиятини кенг тарғиб қилишга эришилган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish