Sayt test rejimida ishlamoqda

Буриева Хайрия Амануллаевнанинг
фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон 

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Тошкент шаҳрининг 1917 – 2007 йиллардаги топонимияси ва унинг тарихий аспектлари”, 07.00.01. – Ўзбекистон тарихи (тарих фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2021.3.DSc/Tar4.
Илмий раҳбар: Рахимов Мирзохид Акрамович, тарих фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ўзбекистоннинг энг янги тарихи масалалари бўйича Мувофиқлаштирувчи-методик марказ.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Ўзбекистон миллий университети, DSc.03/30.12.2019.Tar.01.04.
Расмий оппонентлар: Ражабов Қаҳрамон Кенжаевич, тарих фанлари доктори, профессор; Исмоилова Жаннатхон Хамидовна, тарих фанлари доктори, профессор; Миракмалов Мирали Туронбоевич, география фанлари доктори (DSc), доцент.
Етакчи ташкилот номи: Тошкент давлат педагогика университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади Тошкент шаҳрининг 1917-2007 йиллар тарихий топонимиясини, жой номларининг топонимик хусусиятларини аниқлаш ҳамда уларнинг сиёсий, иқтисодий, маданий, этник жараёнлар таъсирида ўзгариб бориш омилларини очиб беришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
Тошкент микротопонимларининг даврийлик омиллари, хусусан 1917 – 1940 йилларда шаклланган район, кўча, маҳалла ҳамда хўжалик ижтимоий, маданий муассасаларнинг номланишида коммунистик мафкура таъсирининг кучли бўлганлиги, 1941-1965 йилларда, хусусан Иккинчи жаҳон уруши йиллари эвакуация ҳисобига районлар, завод ва фабрикалар сони кўпайиши, янги топонимик объектларга уруш қаҳрамонларининг номи берилиши топонимлар таркибини ўзгартирганлиги, 1966-1991 йилларда Тошкент зилзиласидан кейин шаҳарнинг тикланиши билан интернационал номлар, иқтисодий-ижтимоий соҳага оид янги мавзелар ва объектлар сони кўпайганлиги, 1991-2007 йилларда пойтахтдаги аксарият туман, маҳалла, кўча ва топонимик объектларнинг номлари тартибга солиниб, уларда тарихийлик, миллийлик ва ўлка табиати билан боғлиқлик аспектлар акс этганлиги исботланган;  
1917-1991 йилларда Тошкент шаҳри ҳудудидаги шаҳар туман, маҳалла, кўчалар, ишлаб чиқариш объектлари, ижтимоий, маданий муассасаларнинг номларида шахс исмларига атаб қўйилган номлар салмоғи юқори бўлганлиги, кейинги ўринда иқтисодий ва ижтимоий ҳаётни акс эттирувчи номлар ҳамда тартиб рақамлари билан ифодаланган топонимлар бўлганлиги, учинчи ўринда ҳудуд табиати, географик жой номлари, этник гуруҳлар, тарихий воқеалар ва маданий-маънавий омиллар билан боғлиқ жой номларининг топонимик гуруҳлари мавжуд бўлганлиги аниқланган;
1920-1930 йилларда республикалар бошқарувининг марказлаштирилиши оқибатида Тошкент микротопонимларида  “советлаштириш” аспектларининг пайдо бўлиб тоборо кучайиб борганлиги, шаҳар янгича маъмурий тузилмалар – район ва кварталларга бўлинганлиги, айни вақтда маҳаллалар сони кескин қисқариб, 2,5 баробарга камайиб, 70% маҳалла номлари совет мафкурасига мос тарзда ўзгартирилганлиги, 1932 йилги маҳалла қўмиталари тўғрисидаги Низомига кўра уларга юридик мақоми берилмаганлиги ҳамда ҳуқуқ ва ваколатлари чекланганлиги аниқланган; 
Тошкент зилзиласидан сўнг ўтган 20 йил давомида шаҳар ҳудудининг кенгайиб, мавжуд 6 та районлар сони 10 тага етгани, катта кўчалар сони 1300 дан зиёд бўлганлиги, аҳолининг табиий ўсиши ҳамда шаҳарни қуриш ишларига Иттифоқнинг турли ҳудудларидан миграция қилинган аҳоли ҳисобига юз берган механик кўпайиши билан боғлиқ ҳолда иқтисодий-ижтимоий соҳалар кўлами анча кенгайиб, йирик саноат объектлари сони 200 та, савдо корхоналари 3174 та, тиббий муассасалар 185 та, таълим ва тарбия даргоҳлари 1100 тага етганлиги, уларни шаҳар топонимикасига таъсир кўрсатиб, шаҳар микротопонимлари сонининг кескин ошиб, улар таркибида шаҳар хўжалигини акс эттирувчи номлар салмоғи ортганлиги аниқланган; 
мустақиллик йиллари Тошкент жой номларига оид ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар шаҳар микротопонимларини тартибга солиш ва жой номларида тарихийлик ҳамда миллийлик жиҳатларини аск эттириш муҳим рол ўйнаб, пойтахтдаги 5 та туман, 207 та маҳалла, 1200 дан ортиқ кўчаларга янги номлар берилганлиги, хусусий мулкчиликнинг 50 дан зиёд турлари муассаса ва ташкилотларнинг номларида учраши аниқланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. “Тошкент шаҳрининг 1917 – 2007 йиллардаги тарихий топонимияси ва унинг тарихий аспектлари” номли илмий тадқиқот жараёнида эришилган натижалардан қуйидагилар амалга оширилди:
ўзбек халқининг Иккинчи жаҳон уруши ғалабасига қўшган ҳиссасида Тошкент аҳолисининг кўрсатган жасорати шаҳарнинг уруш йилларида эвакуация этилган ишлаб чиқариш, илм-фан ва маданият объектларини қабул қилиб, фаолиятини йўлга қўйиши, эвакуация қилинган аҳолига уй-жой, озиқ-овқат, яшаш ва меҳнат қилиш шароитлари яратиб бериши, жангчиларга моддий ва тиббий ёрдам кўрсатишига доир натижалардан Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ҳузуридаги Ўзбекистоннинг энг янги тарихи масалалари бўйича Мувофиқлаштирувчи-методик марказда бажарилган Ц-НИ 27 “Ўзбек халқининг Иккинчи жаҳон урушида фашизм устидан қозонилган ғалабага қўшган ҳиссаси тўғрисидаги китоб-альбомни тайёрлаш” мавзусидаги мақсадли-амалий лойиҳасини бажаришда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг 2021 йил 21 майдаги 3/1255-1479-сон маълумотномаси). Натижада, Тошкент шаҳрида Иккинчи жаҳон уруши йилларида амалга оширилган эвакуация тадбирларига оид янги архив манбалари илмий муомалага киритилган; 
ХХ аср 80-йилларида совет ҳукумати томонидан амалга оширилган қайта қуриш сиёсатининг Тошкент шаҳри иқтисодий-ижтимоий ва маданий ҳаётига таъсири ҳамда унинг натижасида ишлаб чиқаришнинг барча соҳаларида кечган инқироз ҳолати сабаблари, омиллари ва кечиш жараёнлари билан боғлиқ натижалардан  Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ҳузуридаги Ўзбекистоннинг энг янги тарихи масалалари бўйича Мувофиқлаштирувчи-методик марказида амалга оширилган ПЗ-20170928749 “Ўзбекистоннинг мустақилликка эришишининг тарихий ижтимоий-иқтисодий ва маданий омиллари” мавзусидаги амалий тадқиқот лойиҳасини бажаришда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг 2021 йил 21 майдаги 3/1255-1479-сон маълумотномаси). Натижада Ўзбекистонда қайта қуриш ҳамда ўтиш даврининг мураккаб тарихий жараёнлари ва уларнинг шаҳар топонимияси билан боғлиқлиги масалалари китобхонлар оммасига етказиб берилган; 
Тошкент шаҳрида фаолият юритган маъмурий идоралар, иқтисодий-ижтимоий объектлар, маданий муассасаларнинг номланиши ва тарихи билан боғлиқ натижалардан Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг «Yoshlar» каналида “Тошкент дарвозалари”, “Тошкент ариқлари”, «Toshkent» каналида “Менинг шаҳрим”, «Dunyo bo’ylab» каналида “Дарё бўйлаб”, «Mahalla»  каналида “Ватан ичра”, «Madaniyat va ma’rifat» каналида “Тошкент маҳаллалари”, «O’zbekiston tarixi» каналида “Тарихдан ҳикоялар”, “Аслида қандай?”, “Тошкент тилсимлари” каби кўрсатувларида фойдаланилган (Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг 2020 йил 24 ноябрдаги 04-15/2760-сон маълумотномаси). Бу ўсиб келаётган ёш авлодни Тошкент шаҳри бой ва сермазмун тарихга эга эканлиги, турли тарихий даврларда ривожланиб келгани шаҳар жой номларида бевосита акс этиб келганлиги ҳақидаги маълумотларга эга бўлишларига, уларда Ватанга муҳаббат, жой номлари ва ўлка тарихига миллийлик ва тарихийликни сақловчи қадрият сифатида ҳурмат билан қараш туйғуларини шаклланишида муҳим маънавий-маърифий омил вазифасини ўтаган; 
Тошкент шаҳрининг XX – XXI асрлар тарихини ўзида акс эттирувчи тарихий манбалар ва уларни таснифлаш, таҳлил қилиш билан боғлиқ назарий билимлардан Ўзбекистоннинг энг янги тарихи масалалари бўйича Мувофиқлаштирувчи-методик марказ томонидан Ўзбекистон Миллий университети Тарих факультети, ЎзР ФА Тарих институти, ЎзР ФА Шарқшунослик билан ҳамкорликда олий ўқув юртлари талабалари учун нашр этилган “Манбашунослик” дасрлигини тайёрлашда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикасининг Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2018 йил 27 мартдаги 274-сонли буйруғи, Сертификат №274-015). Бу талабаларда Ўзбекистоннинг мустақиллик даврида Тошкент шахар кўчаларининг номланиши, унда миллийликка эътибор берилганлиги ҳақидаги маълумотларга эга бўлишларида хизмат қилган;  
Тошкентнинг энг янги даври тарихини яратишда муҳим саналган архив ҳужжатларини тарихий тадқиқотларда қўллаш услубларига доир билимлар ҳамда улар асосида шаҳар жой номларининг турлари, маъноси, миқдори, ўзгариши сабаблари, тарихий жараёнлар билан боғлиқлиги омилларини аниқлаш каби натижалардан Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ҳузуридаги Ўзбекистоннинг энг янги тарихи масалалари бўйича Мувофиқлаштирувчи-методик марказ томонидан Ўзбекистон Миллий университети Тарих факультети “Манбашунослик ва архившунослик” кафедраси билан ҳамкорликда олий таълим талабалари учун тайёрланган “Архившунослик” дарслигини яратишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикасининг Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2017 йил 28 июндаги 434-сон буйруғи. Сертификат №434-147). Натижада дарсликнинг архившунослик ва архив ҳужжатлари билан ишлаш услублари, архив соҳалари, архивлар тарихига бағишланган бўлимлари ёзилган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish