Sayt test rejimida ishlamoqda

Тўраева Дилдора Анваровнанинг 
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар. 
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи): “Ўзбек тилидаги шахсий ёзишмаларда ноадабий унсурларнинг ҳудудий хосланиши”, 10.00.11 – Тил назарияси. Амалий ва компютер лингвистикаси (филология фанлари). 
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2020.1.PhD/Fil.1247.
Илмий раҳбар: Менглиев Бахтиёр Ражабович, филология фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи: Қўқон давлат педагогика институти, PhD.03/04.06.2021.Fil.132.01.
Расмий оппонентлар: Зияев Авазжон Ихтиёрович, филология фанлари доктори (DSc), доцент; Хайруллаев Хуршид Зайниевич, филология фанлари доктори, доцент.
Етакчи ташкилот: Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади суд-ҳуқуқ тизимида муаммоли деб топилган шахсий ёзишмалардаги ноадабий лингвистик бирликларни очиб бериш ва ҳудудий хосланишини асослашдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
ўзбек тилида шахсий ёзишмалардаги ноадабий лексик унсурларнинг вульгар, шевага оид сўзлар каби турлари, уларнинг индивидуал, ҳудудий ифода хусусиятлари, психик таъсир даражаси, коррупция, шахсни обрўсизлантириш, таҳдид, даъват, туҳмат, таклиф каби суҳбат мавзулари, семантик блоклаш, контекстуал ҳамда квазисинонимик каби лингвистик экспертиза мезонлари аниқланган;   
ўзбек тилидаги шахсий ёзишмаларнинг мавзуси ва суҳбат йўналишини аниқлаш учун лингвистик экспертиза сифат ва миқдор усулига ҳамда синтактик-семантик таҳлил тамойилларига асосланиши далилланган;      
ўзбек тилидаги ноадабий грамматик ва фонетик унсурларнинг, лингвистик ва экстралингвистик омиллар шаклларининг лингвистик экспертизада маълумотлар базаси сифатида фойдаланилиши далилланган; 
муаммоли ёзишмаларда ноадабий грамматик ва фонетик унсурларнинг қўлланишига кўра функционал, мавзуий, семантик, ҳудудий хослиги далилий хусусиятлар каталоги бўйича берилиб, уларнинг ифодавийлиги шахсий ёзишмалар мисолида исботланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Ўзбек тилидаги шахсий ёзишмаларда ноадабий унсурларнинг ҳудудий хосланиши юзасидан эришилган илмий натижалар асосида: 
қардош туркий тиллар қаторида ўзбек тили матнларида лингвистик экспертиза ўтказиш жараёни билан боғлиқ тадқиқот натижаларини замонавий тилшунослик нуқтаи назаридан лингвистик тадқиқотлар сирасида илмий-таълимий жараёнга татбиқ этиш; шахсий ёзишмалардаги ноадабий унсурларга доир терминларни фанга олиб кириш; шахсий ёзишмалардаги ноадабий лексик, грамматик ва фонетик унсурларни аниқлаш методларини; муаммоли ёзма матнлар муаллифини аниқлашда лингвистик экспертиза асосий воситалардан бири эканлигини илмий асослаш ва тасдиқлаш; шахси номаълум ёзишмалар муаллифини аниқлаш мезонларини; ўзбек тилидаги шахси номаълум ёзишмаларда қўлланган ноадабий унсурларни таҳлил қилиш орқали матн муаллифининг ҳудудий мансублигини аниқлашнинг назарий ва амалий асосларини ишлаб чиқиш юзасидан хулосалардан Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Қорақалпоғистон бўлими Қорақалпоқ гуманитар фанлар илмий-тадқиқот институти томонидан олиб борилган ФА-Ф1-Г003 “Ҳозирги қорақалпоқ тилида функционал сўз ясалиши” (“Функциональное словообразование в современном каракалпакском языке”); ФА-А1-Г007 “Қорақалпоқ нақл-мақоллари лингвистик тадқиқот объекти сифатида” мавзуларидаги фундаментал ва илмий-амалий лойиҳаларда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Қорақалпоғистон бўлимининг 2021 йил 25 августдаги 17-01/234-сон маълумотномаси). Натижада шахси номаълум ёзишмалар муаллифини ноадабий унсурларни қўллаш даражасига кўра аниқлаш мезонлари такомиллаштирилган; 
суд экспертиза тизимида шахсий ёзишмалардаги инсон обрў-эътиборига путур етказувчи вулгар ва қарғиш сўзларга доир, муаммоли ёзма матнларнинг анонимик хусусиятлари ва эгасини аниқлаш, матн муаллифининг ҳудудий мансублигини очиш ва лингвистик экспертизада қўлланадиган инсон феъл-атвори табиатини намоён этувчи терминлардан ОТ-2019-42 рақамли “Ўзбек ва инглиз тилларининг электрон (Инсон қиёфаси, феъл-атвори табиат ва миллий тимсоллар тасвири) поэтик луғатини яратиш” мавзусидаги амалий грант лойиҳасида фойдаланилган (Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг 2021 йил 27 сентябрдаги 04/1-1756-сон маълумотномаси). Натижада суд экспертиза, лингвистик экспертиза, хатшунослик экспертизаси тизимида қўлланилувчи инсон феъл-атворига оид терминлар лойиҳани бойитиш учун хизмат қилган;
лингвистик экспертизада турли кўринишдаги конфликтли матнлардаги шахс нутқининг характерли хусусиятларини аниқлаш, лингвистик экспертизанинг бир объекти саналган аноним хатларда нутқнинг хосланиши, нутқий вазиятни юзага келтирувчи омиллар ва ушбу омилларнинг роли ва аҳамияти масаласига ойдинлик киритиш, шунингдек, янги соҳа сифатида лингвистик экспертизани ўрганиш, тадқиқ этиш ва турли конфликтли матнларни лингвистик экспертиза қилиш ҳақидаги хулосалардан 2021 йил 20 октябрь куни “Маданият ва маърифат” телеканалининг “Бугуннинг гапи”  кўрсатувида  дастурлар сценарийсини тузишда фойдаланилган (Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси “Маданият ва маърифат” телеканали давлат муассасасининг 2021 йил 20 октябрдаги 01-16/207-сон маълумотномаси). Натижада амалий тилшунослик ва суд-ҳуқуқ тизимида янгилик сифатида лингвистик экспертизанинг моҳияти, амалий аҳамияти, вазифалари ва жамият тараққиётидаги ўрни масалалари ҳақидаги маълумотлар жамоатчиликка етказилган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish