Sayt test rejimida ishlamoqda

Арипова Шахноза Рахмановнанинг 
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Қовоқча (Cucurbita pepo L.) нав намуналарини танлаш ва уруғлик меваларини етиштиришнинг технологик элементларини такомиллаштириш”, 06.01.05 – Селекция ва уруғчилик ва 06.01.06 – Сабзавотчилик (қишлоқ хўжалиги фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2020.3.PhD/Qx616.
Илмий раҳбар: Дусмуратова Саодат Исмаиловна, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор ва Хакимов Рафиқжон Абдунабиевич, қишлоқ хўжалиги фанлари номзоди, катта илмий ходим.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Пахта селекцияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари илмий-тадқиқот институти, PhD.05/27.02.2020.Qx.42.02.
Расмий оппонентлар: Автономов Виктор Александрович, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор; Асатов Шухрат Исматович, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Ўсимликлар генетик ресурслари илмий-тадқиқот институти.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади баҳорги ва ёзги экиш муддатларида қовоқчанинг ихчам палакли, юқори маҳсулдор нав ва дурагайларини баҳолаш ва ажратиш; селекция учун қовоқчанинг навларини танлаш ҳамда эртаги маҳсулотни ва уруғлик меваларини кўчатдан ва уруғдан етиштириш усулларини қиёсий баҳолаш.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
Тошкент вилояти шароитида келиб чиқиши турли хил бўлган қовоқчанинг нав намуналари баҳорги ва ёзги экиш муддатларида ўрганилган, улар морфологик ҳамда хўжалик қимматли белгилари бўйича баҳоланган;
ўрганилган навлардан юқори маҳсулдорлиги, мева ранги (яшил ва тўқ-яшил), палак шакли (ихчам палакли) ва уруғ чиқишига кўра селекцияда фойдаланиш учун танлаб олинган;
қовоқчанинг 0044SQ (Голландия) ва BT+KB-001 (Туркия) намуналаридан ихчам палакли, юқори маҳсулдор, мевалари чўзинчоқ, тўқ яшил рангли LH-1916 (Вириди) ва мевалари думалоқ, оч яшил рангли LZ-2513 (Орбита) тизмалари аналитик селекция усули билан яратилган;
эртаги маҳсулот ва уруғлик меваларни олиш мақсадида баҳорги муддатда истиқболли қовоқча тизмаларини уруғидан ва кўчатидан экишнинг мақбул муддати кўчатидан етиштириш усулида 1-10 апрел, уруғдан етиштиришда 1 апрел эканлиги аниқланган;
қовоқчани экиш усуллари ва муддатларининг ўсимликларнинг фазалараро ривожланишига ҳамда уруғлик мевалар ҳосилдорлиги ва уруғ маҳсулдорлигига таъсири аниқланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Тошкент вилоятида қовоқча нав намуналарини танлаш ва уруғлик меваларини етиштиришнинг технологик элементларини такомиллаштириш бўйича тадқиқотлар натижасида:
қовоқчанинг янги яратилган истиқболли LZ-2513 (Орбита номи билан, NAP 20200087) ва LH-1916 (Вириди номи билан, NAP 20200088) тизмаларига патент олиш учун ҳужжатлар шакллантирилган ҳамда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги интеллектуал мулк Агентлигига талабномалар топширилган (Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2020 йил 29 декабрдаги 02/029-4677-сон маълумотномаси). Янги навларнинг ҳосилдорлиги қиёсий Унумдор навига нисбатан 12,4-25,8% га юқори бўлган ва рентабеллик даражаси 43,5-52,3 % ни ташкил этган;
«Қовоқча (Сucurbita pepo L.) мевалари ва уруғларини етиштириш технологияси бўйича тавсиянома» тасдиқланган (Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2020 йил 29 декабрдаги 02/029-4677-сон маълумотномаси). Натижада ушбу тавсиялар бугунги кунда фермер ва деҳқон хўжаликлари, томорқа эгалари қовоқчани етиштириш ва ундан юқори ҳосил олишда қўлланма сифатида фойдаланмоқда;
Тадқиқот натижалари 2019-2020 йй. жами 13,4 га, шундан Самарқанд вилоятида - 3,5 га, Андижон вилоятида - 5 га, Наманган вилоятида - 0,9 га ва Тошкент вилоятида - 4 га сабзавотчиликка ихтисослашган фермер хўжаликлари майдонларида жорий этилган. (Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2020 йил 29 декабрдаги 02/029-4677-сон маълумотномаси). Натижада бир гектар майдондан 7,8-12,5 млн.сўм даромад олинган ва рентабеллик 43,5-73,5 фоизни ташкил этган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish