Sayt test rejimida ishlamoqda

Аҳмедова Гулчеҳра Ўскиновнанинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Ўзбекистоннинг жанубий ҳудудларида бахшичилик анъаналарининг этномаданий жараёнлари тарихи (ХIХ асрнинг иккинчи ярми - ХХI аср бошлари)”, 07.00.07 –“Этнография, этнология ва антропология” (тарих фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2020.2.PhD/Тар.690.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Термиз давлат университети.
Илмий раҳбар: Турсунов Сайпулла Нарзуллаевич, тарих фанлари доктори, профессор.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса, ИК рақами: Термиз давлат университети, PhD.03/30.12.2019.Тar.78.02.
Расмий оппонентлар: Убайдуллаева Барно Машрабжоновна, тарих фанлари доктори; Рахмонов Фахриддин Шаймардонович, тарих фанлари номзоди, доцент.
Етакчи ташкилот: Андижон машинасозлик институти.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади Ўзбекистоннинг жанубий ҳудудларида ХIХ асрнинг иккинчи ярми – ХХI аср бошларида бахшичилик анъаналарининг этномаданий жараёнларга таъсирини очиб беришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
Ўзбекистоннинг жанубий ҳудудларида шаклланган бахшичилик мактаблари репертуаридан жой олган достонларда уруғ-аймоқчилик, оилавий, хўжалик, маросим, урф-одат ва анъаналар каби этнографик маълумотлар жамланганлиги аниқланган;
 “Алпомиш” достонида учрайдиган Жийдали Бойсун, Товканинг қўрғони, Ойнакўл, Чилбир чўл, Алпомишнинг чоҳи, Бойчиборнинг охури каби топономик номлар, қўнғирот, қалмоқ, қорақалпоқ, найман, тотор, жуз, қатағон, нўғай каби этник муносабатлар, “бешик керти”, “қарши қуда”, “этак йиртиш”, “чилла”, “совчилик”, “қалин”,  дўст тутиниш каби урф-одат ва анъаналарга боғлиқ жараёнлар мавжудлиги далилланган;
бахшичилик мактаблари репертуаридан ўрин олган достонлар асосида Ўзбекистоннинг жанубий ҳудудлари аҳолисининг ялоқ қизартар, ит ириллатар каби оилавий, чилла, мезон, юлдуз ўнглаш, янги ой каби тақвимий, от, бўри, туя култи каби мифологик ва қўш ҳайдаш, чўпончилик, чўлиқ, аркар, дахмарда, ҳашар, кашта тикиш, ўрмак каби хўжалик, жаҳр, фол кўрсатиш, суст хотин, бахшига боқтириш, халослаш, суқ, кирна каби анъана ва маросимлари, оқ суяк, тиркаш, боболтака, ганош, чиркаш, чиллик, беш тош, олиш каби халқ ўйинлари мавжудлиги аниқланган;
Чироқчи, Шаҳрисабз, Қамай ва Шеробод достончилик мактабларининг тарихий тараққиёти ва этнохудудий хусусиятларининг ривожланиш босқичлари далилланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Мавзу юзасидан ишлаб чиқилган илмий хулоса ва таклифлар асосида:
Ўзбекистоннинг жанубий ҳудудларида шаклланган достончилик мактаблари атрофида жамланган бахши-шоирлар ва уларнинг репертуарларидан жой олган достонлар, Қашқадарё ва Сурхон-Шеробод воҳалари бахшичилик мактаблари анъаналарининг ҳар иккала воҳа аҳолиси маънавиятидаги ўрни, достонларда акс этган этнографик маълумотлардан фойдаланилди (Ўзбекистон Республикаси Маънавият ва маърифат маркази вазирлигининг 2021 йил 16 ноябрдаги 02/08/1454-сон маълумотномаси). Натижалар “Термиз” давлат музей - қўриқхонасининг “Халқ амалий санъати ва этнографияси” бўлимидаги бахшичиликга оид мавжуд экспонатларни музейга ташриф буюрувчиларга тушунтиришда, музей йўл кўрсаткичларини янгилашга, телерадио эшитиришлар орқали бахшичилик санъатини тарғиб қилишга хизмат қилган;
Ўзбекистоннинг жанубий ҳудудларида ХIХ асрнинг иккинчи ярми – ХХI аср бошларида бахшичилик анъаналарининг этномаданий жараёнларга таъсирини ўрганиш, Ўзбекистоннинг жанубий ҳудудларида бахшичилик анъаналари билан боғлиқ этнографик маълумотлардан “Ўзбекистон тарихи” телеканалининг “Тақдимот” кўрсатуви сценарийсини ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг 2021 йил 3 декабрдаги 01-10-1808-сон маълумотномаси). Натижалар ўзбек миллий бахшичилик мактаблари ва достончилик анъаналарини асраб-авайлаш, ривожлантириш, кенг тарғиб қилиш, шунингдек ёш авлод қалбига ватанпарварлик, инсонийлик ҳамда маданий ва маънавий меросга ҳурмат туйғуларини кучайтиришга хизмат қилган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish