Sayt test rejimida ishlamoqda

Кебайтули Гулибанумунинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Ўзбек тилида истак гапларнинг семантик-синтактик структураси ва прагматик хусусиятлари”, 10.00.01 – Ўзбек тили (филология фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам:  B2021.4.PhD/Fil2039.
Илмий раҳбар: Усмонова Шоира Рустамовна, филология фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент давлват шарқшунослик университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти, DSc.02/30.12.2019.Fil.46.03.
Расмий оппонентлар: Лутфуллаева Дурдона Эсоновна, филология фанлари доктори, профессор; Умурзоқова Марҳабо Эгамбердиевна, филология фанлари бўйича фалсафа доктори.
Етакчи ташкилот: Ўзбекистон  миллий  университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади ўзбек тилидаги истак гапларнинг моҳиятини очиб бериш, семантик-синтактик структураси ҳамда прагматик хусусиятларини аниқлашдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
истак феноменининг фанлараро мазмун-моҳияти асосида тилшуносликда истак категориясининг муайян тил воситалари орқали эксплицит ва имплицит тарзда ифодаланиши очиб берилган;
ўзбек тилидаги истак гапларнинг семантик-синтактик тузилиши, қурилиш модели белгиланган ҳамда истак ифодаловчи лексик, грамматик воситалари аниқланиб, уларнинг гап қурилишида махсус синтактик структура орқали воқеланиши аниқланган;
ўзбек тилидаги реал ва ирреал истак гапларнинг семантик-синтактик тузилиши, субъект нутқида реаллашган ифоданинг воқеликка мос келиши ёки мос келмаслиги каби фарқли хусусиятлари аниқланиб, ўзбек тилидаги истак гапларда субъектнинг воқеликка нисбатан салбий ёки ижобий баҳонинг турли коннотатив грамматик шакллар орқали реаллашуви далилланган;
истак гапларда тасдиқ-инкор, содда-мураккаблик белгилари асосида пресуппозицион воситалар ҳисобига шакл ва мазмун номутаносиблигининг юзага келиши очиб берилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Ўзбек тилидаги истак гапларнинг семантик-синтактик ва прагматик хусусиятлари тадқиқи юзасидан олинган илмий натижалар асосида:
ўзбек тилидаги истак гапларнинг семантик-синтактик хусусиятлари бўйича чиқарилган хулосалардан Хитой Халқ Республикаси Пекин Марказий миллатлар университети Академик тадқиқотлар бўлими лойиҳалари бўйича PX167201960 “Масофавий таълимни ташкиллаштириш ва ислоҳ қилиш” мавзусидаги илмий тадқиқот лойиҳасида фойдаланилган (Хитой Халқ Республикаси Пекин Марказий миллатлар университетининг 2021 йил 6 ноябрдаги PX167201960-сон маълумотномаси). Олинган натижалар Хитой Халқ Республикаси Пекин Марказий миллатлар университети (Minzu university of China)да ўзбек тили ўқитиш, ҳамда хитойликлар учун “Ўзбек тили” дарслигини тайёрлашда хизмат қилган;
истак гапларнинг семантик-синтактик ва прагматик хусусиятлари ҳақидаги назарий қарашлардан Швециянинг Уппсала университети Тилшунослик, филология ва туркий тиллар бўлимида “Ўзбек тилшунослиги” фанини ўқитишда фойдаланилган (Швеция Уппсала университетининг 2021 йил 2 декабрдаги маълумотномаси). Нутқда истак орқали сўзловчи муносабатининг ифодаланиши билан боғлиқ натижалар “Ўзбек тилшунослиги” ва “Ўзбек тили” фанлари бўйича маъруза ва амалий машғулотларнинг назарий ва амалий жиҳатдан бойишига хизмат қилган;
гапнинг коммуникатив мақсадга кўра турларини белгилашда истак гапларнинг аҳамияти ҳақидаги натижалардан 2019-2020, 2020-2021 ўқув йиллари давомида Марказий Миллатлар университети, Пекин чет тиллари университети, Шанхай чет тиллари университети, Шимоли-ғарбий Миллатлар университети, Синьцзян университети, Хенан Луоянг Чет тиллари институти 0502 – Ўзбек тили бакавлариат йўналиши ўқув дастурларига жорий қилиниб, “Ўзбек тили” дарслиги нашр қилинган. Мазкур дарслик 2019 йили Пекин олий таълим муассасаларининг “Юқори сифатли бакалавриат дарслиги” унвонига сазовор бўлган (Хитой Халқ Республикаси Марказий Миллатлар университети нашриёти, масъулияти чекланган жамияти 2021 йил 17 ноябрдаги маълумотномаси). Натижада “Ўзбек тили” фани бўйича маъруза ва амалий машғулотлар материалларининг назарий ва амалий жиҳатдан бойишига эришилган;
ўзбек тилида истакнинг ифодаланиши ҳақидаги маълумотлардан Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси “O‘zbekiston” телерадиоканали ДУК “Маданий-маърифий ва бадиий эшиттиришлар” муҳарририяти томонидан тайёрланган “Бедорлик”, “Миллат ва маънавият” радиоэшиттиришлар сценарийларида (2021 йил октябрь ва ноябрь ойлари) самарали фойдаланилган (Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг 2021 йил 17 ноябрдаги 04-25-1740-сон маълумотномаси). Тадқиқотдаги ўзбек тилида истак гапларнинг семантик тузилиши, синтактик структураси ҳамда истак гапларда реал ва ирреал истакнинг ифодаланишига бағишланган таҳлилий фикрлар ва назарий хулосалар радио ижодкорларига яқиндан илмий манба сифатида ёрдам берган.  

Yangiliklarga obuna bo‘lish