Sayt test rejimida ishlamoqda

Абдуллаҳ Курудирек (Abdullah Kurudirek)нинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Таьлим жараёнида ноевклид геометрияси элементларидан фойдаланиш методикаси», 13.00.02 – Таьлим ва тарбия назарияси ва методикаси (математика) (педагогика фанлари).
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент давлат транспорт университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Математика институти, DSc.02/30.12.2019.FM.86.01 (Бир марталик Илмий кенгаш).
Илмий раҳбар: Артикбаев Абдуллаазиз, физика-математика фанлари доктори, профессор. 
Расмий оппонентлар: Заитов Адилбек Атаханович, физика-математика фанлари доктори, профессор; Хакимов Отабек Норбўта ўғли, физика-математика фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD), катта илмий ходим.
Етакчи ташкилот: Ўзбекистон миллий университети 
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади умумий ўрта таълим мактабларида геометрия фанига ноевклид геометриялари тушунчаларини киритиш йўли билан ўқувчиларни фанга қизиқишини орттиришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
текисликка мавжуд содда ноевклид геометриясига доир тушунчалар мактаб геометрия дарслиги усулларига мос равишда баён этилган ҳамда «масофа» ва «метрика» атамалари орасидаги умумийлик ва бир-биридан фарқи содда мисоллар билан тушунтирилган;
Галилей геометриясидаги циклнинг Евклид геометриясидаги айлана уринмаси ва кесувчиси билан боғлиқ хоссалари кўрсатилган;
учбурчак тенглигига доир биринчи ва иккинчи аломатнинг ўринли, ҳамда учинчи аломатнинг бажарилмаслиги ёрдамида ўқувчиларга теорема исботини ўргатиш усули такомиллаштирилган;
ноевклид геометрия элементларидан фойдаланиб, ўқувчиларни математикага қизиқтириш усули ишлаб чиқилган.
IV. Тадқиқот натижаларини жорий қилиниши. Таълим жараёнида ноевклид геометрияси элемантларидан фойдаланиш методикаси бўйича олинган натижалар асосида:
текисликда мавжуд содда ноевклид геометриясига доир тушунчалар ҳамда масофа ва метрика атамалари орасидаги умумийлик ва бир-биридан фарқлиликка оид содда мисоллар Ироқнинг Сулаймания шахридаги халқаро кембриж типидаги мактабда (https://www.facebook.com/USGirls.H) ўтказилган тўгаракларларда ўқувчиларнинг текисликда мавжуд ноевклид геометриялар ҳақидаги билимларни шакллантиришда фойдаланилган (Сулаймания шахридаги махсус қизлар ўрта мактабининг 2022 йил 4 январдаги 02-сон маълумотномаси, Ироқ республикаси).  Натижада 9-синф ўқувчиларида  ноевклид геометрияларнинг мактаб геометрия фанидаги асосий тушунчаларига яқин мавзуларни аниқлашни имконини берган;
Галилей геометриясидаги циклнинг Евклид геометриясидаги айлана уринмаси ва кесувчиси билан боғлиқ хоссалар ва Таксикаб геометриясига оид тушунчалардан 2013-2015 йилларда таълим соҳасида олиб борилган тадқиқот лойиҳаларида ва махсус ихтисослашган мактабларда ўтказилган «ноевклид геометрияси» мавзусида тўгаракларда фойдаланилган (Тишк халқаро университетининг 2022 йил 3 январдаги 58-сон маълумотномаси, Ироқ республикаси). Натижада юқори синф ўқувчиларида ноевклид геометриялар ҳақида тасаввурини пайдо қилиш ва бу геометрияни назарияда ва амалиётда солиштириш имконини берган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish