Бугун Янги Ўзбекистонда рақамли иқтисодиётни шакллантириш борасида муайян натижаларга эришилмоқда. Ушбу жараёнда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида рақамли иқтисодиётни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”, “Рақамли иқтисодиётни ривожлантириш мақсадида рақамли инфратузилмани янада модернизация қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”, “Ўзбекистон Республикаси давлат бошқарувига рақамли иқтисодиёт, электрон ҳукумат ҳамда ахборот тизимларини жорий этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”, “Рақамли Ўзбекистон – 2030” стратегиясини тасдиқлаш ва уни самарали амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонлари ҳамда “Рақамли иқтисодиёт ва электрон ҳукуматни кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорлари дастуруламал вазифасини ўтамоқда.
Соҳада кечаётган кенг кўламли ислоҳотларга мувофиқ тарзда олий малакали илмий ва илмий педагог кадрларни аттестациядан ўтказиш жараёни рақамлаштирилиб, “Электрон ОАК” тизими доирасида “Илмий даражалар комплекс-таҳлилий ахборот тизими” ҳам ишлаб чиқилди. Бу орқали илмий даражалар бўйича аттестация иши ҳужжатларини қабул қилишдан бошлаб, уларни меъёрий-техник ва илмий экспертизадан (масофавий тарзда) ўтказиш, тартиб-қоида бўйича кўриб чиқиш ва илмий даражада тасдиқлашгача бўлган жараён электрон шаклда ташкил этилиши йўлга қўйилди. Мазкур ахборот тизимининг қуйидаги хусусиятларини таъкидлаш мақсадга мувофиқ:
биринчидан, ахборот тизими илмий даражалар бўйича аттестация ишларини миллий даражада ташкил қилишда мутлақо янги тизим ҳисобланади;
иккинчидан, илмий даражалар бўйича аттестация ишларининг электрон жилди автоматик тарзда яратилади;
учинчидан, мазкур тизим илмий даражаларга оид ахборотлар оқимини тартибга солиш билан бирга олдиндан белгиланган йўналишлар (белгилар) бўйича таҳлилий-ахборот маълумотларини тизимлаштириш ва умумлаштирилган ҳисоботларни шакллантириш имкониятига эга.
“Илмий даражалар комплекс-таҳлилий ахборот тизими”ни амалиётга жорий қилиш натижасида 2021 йил якуни бўйича қуйидагилар натижаларга эришилди:
-илмий даражалар бўйича аттестация ишларини рўйхатга олишга сарфланадиган вақт 100 фоизга қисқарди, қоғоз сарфи ўрта ҳисобда йилига 1,8 тоннага тежалди, вилоятларда жойлашган таълим муассасалари ва илмий ташкилотлардан келиб-кетиш учун хизмат сафари билан боғлиқ харажатлар камида 190 млн. сўмга иқтисод қилинди;
-диссертация ҳимояси ҳақидаги маълумотларни ОАК веб-сайтида эълон қилиш бўйича барча аттестация ишлари тизим орқали қабул қилинди;
-барча аттестация ҳужжатлари меъёрий-техник ва илмий экспертизадан электрон тарзда ўтказилди;
-илмий даражаларда тасдиқланганлар тўғрисидаги доимий ўсиб борувчи маълумотлар базасига эга булган идоравий ахборот тизими “Давлат фуқаролик хизмати ягона электрон ахборот-таҳлил тизими” дастурий-аппарат комплексига интеграция қилинди.
Шу ўринда қайд этиш лозимки, аттестация жараёнига оид амалдаги тартиб-қоидани такомиллаштириш, жумладан, фалсафа доктори (PhD) ва фан доктори (DSc) илмий даражалари бўйича давлат намунасидаги дипломларни электрон шаклда тақдим этишни Давлат хизматлари марказлари ва Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали амалга ошириш бўйича ҳам чора-тадбирлар белгиланган. Ҳозирда мазкур йўналишда тегишли ишлар олиб борилмоқда.
Илмий даражалар комплекс-таҳлилий ахборот тизимини бошқа ахборот тизимларига интеграциялаш ва тизимни замонавий талаблар асосида такомиллаштириб бориш ишлари изчил тарзда ташкил қилинади.
ОАК Ахборот хизмати