Sayt test rejimida ishlamoqda

Шарипов Фазлиддин Галиевичнинг 
фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Ўзбек замонавий морфологик назариясининг шаклланиши, тараққиёт тенденциялари ва истиқболлари”, 10.00.01 – Ўзбек тили ихтисослиги (филология фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2019.1.DSc/Fil151.
Илмий маслаҳатчи: Тожиев Ёрмат, филология фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Гулистон давлат университети. 
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Гулистон давлат университети, PhD.03/27.02.2020.Fil.91.02 (бир марталик илмий кенгаш).
Расмий оппонентлар: Менглиев Бахтиёр Ражабович, филология фанлари доктори, профессор; Искандарова Шарифа Мадалиевна, филология фанлари доктори, профессор; Ўразбоев Абдулла Дурдибаевич, филология фанлари доктори.
Етакчи ташкилот номи: Самарқанд давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг  мақсади  ўзбек илмий морфологиясининг тараққиёт босқичлари, грамматик категориялар, сўз ясалиши ҳамда ўзбек замонавий морфологиясининг янги амалий босқичи масалаларини очиб беришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги қуйидагилардан иборат:
ўзбек тилшунослигининг ўрта асрларда шаклланиб, аввало, ҳинд, сўнгра араб ва форс тиллари грамматикалари таъсирида тараққий этганлиги, ўзбек назарий морфологиясининг илдизлари ҳам шу даврда яратилган луғатларда мужассамлашганлиги ҳамда унинг ХХ асрнинг 40-50 йилларида рус тилшунослиги таъсири ва андозавийлиги асосида мустақил тизимли таълимот даражасига кўтарилганлиги асосланган;
ўзбек тилшунослигига систем-структур методнинг кириб келиши билан морфологик категориялар ва шакллар сирасида миллий тилимизнинг агглютинатив хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда морфологияда ўзгаришлар қилинганлиги, лисон ва нутқнинг аниқ, изчил фарқланганлиги, умумий, оралиқ, хусусий, ёндош, ҳамроҳ грамматик маъно-тушунчаларнинг ўрнашганлиги, қарашлилик, ўзгаловчи ва ҳаракат тарзи каби янги категориялар очилганлиги, грамматик шаклларда категориал ва нокатегориал жиҳатлар янгича асосда фарқланганлиги аниқланган;
янги сўзлар шаклланишида сўз ясалиши ва деривациянинг фарқланиши сабаб, ясама сўз ва ясалган сўз, сўз ясаш қолипи ва ҳосиласи тушунчаларида янгича қараш юзага келганлиги ва оммалашгани, сўз ясалишининг оний ҳодиса эканлигига эътибор қаратилиб, шу маънода эволюция натижаси бўлган қўшма сўзларнинг ясалма эканлиги ҳақидаги фикрларда архаиклашув жараёни кетаётганлиги, бу ўзгаришларнинг морфология учун ҳам муҳим қараш эканлиги исботланган;
ўзбек тилининг миллий корпусини яратиш, таржима дастурларини ишлаб чиқиш, морфологик анализаторни яратиш, морфологик-автоматик анализатор дастурини тузиш морфологик луғатларсиз амалга ошмаслиги, морфологик шакллар луғати яратилишига олиб келган синтетик-формал-структур-аналитик шакллар узлуксиз занжир эканлиги асосланган;
ўзбек тили грамматик категориялари ҳамда сўз туркумлари тизимидаги айрим ўзига хос отларга хос қарашлилик-тегишлилик – поссесивлик категорияси мавжудлиги масаласи, ўзбек тили келишиклар тизими масаласи, уларнинг сони муаммосини ҳал қилиш, юклама ва модал сўзлар муносабатига аниқлик киритиш каби ҳолатлар аниқланган. 
IV. Тадқиқот  натижаларининг  жорий  қилиниши. Ўзбек замонавий морфологик назариясининг шаклланиши, тараққиёт тенденциялари ва истиқболлари мавзусини ўрганиш бўйича олинган натижалар асосида:
ўзбек тилшунослигининг шаклланиши, тараққиёт босқичлари, ҳар бир босқич, йўналиш асосчилари ва давомчилари, етакчи олимларнинг фундаментал илмий қарашлари, шунингдек, мунозарали ҳамда бир-бирини инкор этувчи жиҳатлари, ўзбек тилшунослигининг синтезлашган (универсал-интеграцион) тасниф методи асосида ривожланишининг зиддиятли ва ўзига хос хусусиятларининг аниқланиши, ўзбек тили морфологиясининг систем-структур босқичини чуқурроқ ўрганиш алоҳида ўрин тутиши, кейинги босқич – ўзбек замонавий морфологиясининг янги амалий босқичига ўтиш зарурати каби масалаларга оид диссертация натижалари ва илмий хулосаларидан 2018–2020-йилларда бажарилган BV-Atex-2018 (143) рақамли “Кўзи ожиз шахслар учун компьютер техникасидан фойдаланиш, матнларни ўқиш ва ёзиш имконини берувчи ўзбек тилига асосланган гапирувчи дастурий таъминот ва овозли синтезаторини ишлаб чиқиш” амалий грант лойиҳаси асосида “UzNutq Sinteztor” номли компьютер дастури (Тошкент, 2020) маълумотлар базасини тайёрлашда фойдаланилган (Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг 2021 йил 15 сентябрдаги 04/1-1570-сон маълумотномаси). Натижада ўзбек тили қурилишига синхрон-формал, систем-структур, субстанусиал тасниф усулларини синтезлаштирган ҳолда бугунги кун илмий қарашлари асосида ёндашув, етакчи олимларнинг илмий-назарий қарашлари замонавий тилшунослик тараққиёти учун назарий манбалар бўйича тавсифий маълумотлар кенгайган;
замонавий морфологияда сўз туркумлари таснифининг такомиллашиш жараёнининг лингвистик тадқиқотлар сирасида татбиқ этилиши, грамматик категориялар талқини, сўз ясалиши муаммолари талқини ва унинг стандартлашуви ҳақидаги илмий маълумотлардан Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Қорақалпоғистон бўлими Қорақалпоқ гуманитар фанлар илмий-тадқиқот институтида 2015–2017-йилларда бажарилган FA-FI-G003 “Ҳозирги қорақалпоқ тилида функционал сўз ясалиши” фундаментал лойиҳани бажаришда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Қорақалпоғистон бўлими 2021 йил 29 сентябрдаги 17-01/174-сон маълумотномаси). Натижада лойиҳа материаллари сўз ясалиши, сўз ясалиши қолипи, ясама сўз ва ясалган сўз каби морфология учун ҳам муҳим бўлган янги илмий манба ва маълумотлар билан бойиган;
лексик бирликлар ясалишининг морфологияга алоқадор лингвистик асослари ҳақидаги илмий маълумотлардан Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Қорақалпоғистон бўлими Қорақалпоқ гуманитар фанлар илмий-тадқиқот институтида 2015–2017-йилларда бажарилган FA-A-G007 “Қорақалпоқ нақл-мақоллари лингивистик тадқиқот объекти сифатида” мавзудаги амалий илмий лойиҳани бажаришда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Қорақалпоғистон бўлими 2021 йил 29 сентябрдаги 17-01/174-сон маълумотномаси). Натижада лойиҳа материаллари мақол ва маталлардаги лексик бирликларнинг ясалиши каби янги илмий манба ва маълумотлар билан бойиган; 
лисон ва нутқнинг фарқланиши ҳамда тилга система сифатида ёндашувнинг ўзбек тилшунослигига таъсири, шунингдек, грамматик шакл ясовчилар лисон ва нутқ сатҳида, сўзларнинг морфологик  гуруҳлари, категориялари каби илмий-назарий муаммоларни ёритишда 5220100 – Филология ва тилларни ўқитиш (ўзбек тили) бакалавриат таълим йўналиши учун мўлжалланган «Ҳозирги ўзбек тили» дарслигида фойдаланилган (Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2021 йил 15 сентябрдаги 02-1567-сон маълумотномаси). Натижада ушбу дарсликдаги лисон, нутқ, тил муносабати, тил сатҳлари,  тил бирликлари талқинига оид маълумотлар назарий ва амалий жиҳатдан бойиган; 
Абдурауф Фитрат, Ғози олим Юнусов, Қаюм Рамазон сингари маърифатпарвар зиёлилар томонидан ўзбек тилшунослигининг морфология бўлимига оид асосли фикрлар билдирилган бўлиб, шартли равишда «илмий ўрганишга киришиш» даври дейилган, ушбу давр бўйича Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг “O‘zbekiston tarixi” телеканалида 2021 йилда эфирга узатилган “Taqdimot” ва “Mavzu” кўрсатувлари сценарийларини тайёрлашда самарали фойдаланилган (Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси “O‘zbekiston tarixi” телеканалининг 2021 йил 1 ноябрдаги 02-40-1702-сон маълумотномаси). Натижада мазкур телекўрсатув учун тайёрланган материаллар илмий фактик жиҳатлари бойитилган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish