Sayt test rejimida ishlamoqda

Бугун мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламдаги демократик ислоҳотлар жаҳон ҳамжамияти томонидан эътироф этилмоқда. Хусусан, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш, фуқаролар учун ижтимоий аҳамиятга молик ахборотлардан фойдаланиш учун яратилган зарур шароитлар ўзининг ижобий баҳосини топиб улгурди десак, хато қилмаймиз. Буни Олий аттестация комиссияси фаолияти мисолида ҳам кўриш ва ишонч ҳосил қилиш мумкин. Бу борада ОАК “тезкор алоқа хизмати” фаолиятини алоҳида таъкидлаш керак.
ОАК веб-сайтида ташкил қилинган тезкор алоқа хизмати орқали келиб тушган саволлар ишчи гуруҳ томонидан кўриб чиқилиши йўлга қўйилган.
2021 йилда “тезкор алоқа хизмати” орқали 400 га яқин савол келиб тушиб, уларга масаланинг моҳиятидан келиб чиққан ҳолда тезкор жавоблар берилиши ташкил қилинди. Саволлар моҳиятига кўра, низомларга тушунтириш бериш, хорижий давлатларда илмий даража олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш, тегишли аттестация ҳужжатларини расмийлаштириш, малакавий имтиҳонлар ва ихтисосликлар каби масалалар юзасидан бўлган. Хусусан, олий таълимдан кейинги таълимнинг бир поғонали тизими жорий қилинган хорижий давлатларнинг халқаро рейтингларда биринчи 300 та ўриндан бирини эгаллаган олий таълим ташкилотлари томонидан берилган фалсафа доктори (PhD) ёки фан доктори (DSc) илмий даражаси тўғрисидаги ҳужжатлар мамлакатимизда фан доктори (DSc) сифатида тўғридан-тўғри тан олинишга оид кўплаб саволлар тушди ва уларга тегишли тушунтиришлар берилди.
“Тезкор алоқа хизмати” орқали келиб тушган саволларга асосланган ҳолда жойларда илмий жамоатчилик билан ўтказиладиган учрашувларда ҳам тушунтиришлар берилиши йўлга қўйилган. Масалан, 2021 йилда Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда Сирдарё, Жиззах, Бухоро, Самарқанд, Сурхондарё, Қашқадарё, Андижон, Наманган,  Фарғона, Тошкент вилоятларида 71 та учрашув ташкил этилди.
Таъкидлаш керакки, “тезкор алоқа хизмати” орқали келиб тушган саволлар ва таклифлар аттестация жараёнини ташкил қилишда эътиборга олинади. Мисол учун, диссертация мавзусини рўйхатдан ўтказиш ва “ОАК Бюллетени”да чоп этиш, диссертациялар асосий илмий натижаларини чоп этиш тавсия этилган илмий нашрлар рўйхатини бекор қилиш бўйича таклифлардан ОАКнинг янги низомлари лойиҳасини тайёрлашда фойдаланилди.
“Тезкор алоқа хизмати” орқали келиб тушган энг кўп савол бўйича ОАК ишчи гуруҳ тавсиясига асосан илмий даражалар берувчи илмий кенгашлар билан мақсадли ишлаш тадбирларини ташкил этиш йўлга қўйилган.
Олий аттестация комиссияси томонидан мурожаатларни ўз муддатида ва сифатли кўриб чиқиш бўйича амалга оширилаётган тадбирлар изчил давом эттирилади.

ОАК Ахборот  хизмати

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish