Жаҳон тажрибасида илмий тадқиқот ва нашр ишларида плагиатга жиддий эътибор билан қаралади. Бунинг учун махсус дастурлар ишлаб чиқилиб, IT-технологиялардан самарали фойдаланилиши муҳим аҳамият касб этади.
Диссертациялар бажарилган олий таълим ва илмий ташкилотлар, илмий кенгашлар томонидан тегишли низом талабларига кўра, плагиатнинг олдини олиш ва аниқлаш бўйича мақсадли тадбирлар ташкил қилиниб келинмоқда. Хусусан, 2016 йилнинг май ойидан бошлаб, плагиат ҳолатларини аниқлаш бўйича чекланган “Component” дастури ишга туширилган. Унда бир тилдаги матнлар солиштирилган ва материаллар интернет тармоғидаги очиқ манбалар асосида қиёсланган.
2022 йил 1 январдан “Электрон ОАК” тизимининг жорий қилиниши доирасида замонавий талаблар асосида плагиат ҳолатини аниқлаш имконини берувчи янги ахборот тизими ишлаб чиқилиб, амалиётга жорий қилинди.
Ушбу тизим мазкур йўналишда яратилган дастурларга оид илғор дастурий-техник ечимларни ўзида акс эттирган ҳолда, жумладан, қуйидаги устунликларга эга:
бир вақтнинг ўзида матнни бир қанча тилларга (ўзбек, рус, инглиз ва ҳ.к.) таржима қилган ҳолда плагиат ҳолатини аниқлайди;
доимий ўсиб борувчи 885 млн.дан ортиқ манбалар базасига эга;
тизимни кенгайтириш ва интеграциялаш имконияти мавжуд.
Шу ўринда таъкидлаш керакки, плагиат унинг фоиз миқдори юқорилиги билан эмас, балки ўзга манбалардан олинган материалларга у ёки бу шаклда ҳавола берилганлиги билан аниқланади.
Айни кунларда “Электрон ОАК” тизими доирасида “Диссертациялар жамоавий электрон экспертизаси ахборот тизими” орқали илмий жамоатчилик иштирокида диссертацияларни электрон экспертизадан ўтказиш ҳам йўлга қўйилмоқда.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, плагиатга қарши ахборот тизими замонавий талаблар асосида доимий равишда такомиллаштириб борилади.
ОАК Ахборот хизмати