Sayt test rejimida ishlamoqda

Геллер Светлана Игоревнанинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Болаларда малабсорбция синдромида антимикроб пептидларнинг клиник-прогностик аҳамияти», 14.00.09 - Педиатрия (тиббиёт фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2019.1.PhD/Tib753.
Илмий раҳбарлар: Камилова Алтиной Турсунбаевна, тиббиёт фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт маркази.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Тошкент педиатрия тиббиёт институти, DSc.04/30.12.2019.Tib.29.01.
Расмий оппонентлар: Агзамова Шоира Абдусаломовна, тиббиёт фанлари доктори, профессор; Хаджиметов Абдугафур Ахатович, биологик фанлари доктори, профессори.
Етакчи ташкилот: Тошкент тиббиёт академияси.
Диссертациянинг йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: мальабсорбция синдроми бўлган болаларда антимикроб пептидларнинг клиник ва прогностик ролини аниқлаш ҳамда даволаш усулларини такомиллаштиришдан иборат
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
турли генезли мальабсорбция синдроми бўлган болаларда диарея синдроми ривожланишининг патологик жараён локализацияси ҳамда ингичка ичак мембранали ҳазм қилиш функциясига боғлиқ ҳолда ушбу синдромни даволашга турлича ёндашувларни талаб этувчи етакчи механизмлари исботланган;
муковисцидозли болаларда, айниқса, яллиғланиш олди цитокинлари юқори кўрсаткичлари билан бирикканда қон зардоби ҳужайралари ўтказувчанлигини оширувчи бактерицид оқсилга антитаналарда антимикроб пептидлар фаоллигининг юқори даражаси исботланган;
илк бор целиакия билан оғриган болаларда ичак шиллиқ қавати яллиғланиш маркери ҳисобланувчи, қон зардоби ҳужайралари ўтказувчанлигини оширувчи бактерицид оқсилга антитаналарнинг юқори кўрсаткичи билан бирга фекал β-дефензин 2 нинг ҳам сезиларли ўсиши исботланган;
тадқиқ этилган антимикроб пептидларнинг прогностик аҳамияти белгиланган, клиник амалиётда касалликнинг оғирлик даражасини баҳолаш учун улардан фойдаланиш имкониятлари асосланган;
касалликнинг оғирлиги ҳамда ингичка ичак ўтказувчанлигининг бузилиш даражасига боғлиқ ҳолда мальабсорбция синдроми бўлган болаларда L-глутамин нутрицевтлари ва оғиз сути билан даволашда озиқавий қўшимчаларга индивидуал ёндашувнинг самарадорлиги исботланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. 
Болаларда мальабсорбция синдромида антимикроб пептидларнинг клиник ва прогностик ролини аниқлаш бўйича олинган илмий натижалар асосида:
болаларда учрайдиган мальабсорбция синдромини самарали даволаш усулларини такомиллаштириш орқали амалга оширилган илмий натижалар асосида «Ичак тўсиғи ўтказувчанлигини баҳолаш асосида болаларда мальабсорбция синдромини дифференциал даволаш усули» услубий тавсияномаси тасдиқланган (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2021 йил 23 февралдаги 8-нр/142-сон маълумотномаси). Мазкур услубий тавсиянома болаларда мальабсорбция синдромининг ноинвазив диагностика усулларини ўзгартириш ва мальабсорбция синдроми билан кечадиган касалликларда озиқланишнинг оғир даражада бузилиши ривожланиши башоратларини аниқлаш, асосий терапия фонида мальабсорбция синдроми бўлган касалликларни комплекс даволашда L-глутамин ва оғиз сутидан узоқ муддатли фойдаланиш клиник кечишига таъсир қилиш, ингичка ичакнинг тузилмали ва функционал бузилишларини камайтириш имконини берган;
болаларда мальабсорбция синдромини ташҳислаш усулларини такомиллаштириш орқали олинган илмий натижалар асосида «Мальабсорбция синдроми бўлган болаларда ҳолатнинг оғирлик даражасини башоратлаш усули» услубий тавсияномаси тасдиқланган (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2021 йил 7 августдаги 8н-р/732-сон маълумотномаси). Мазкур услубий тавсиянома болаларда мальабсорбция синдроми ривожланишининг авж олиши ва асоратлари шаклланиш эҳтимолини  диагностик чора-тадбирлар ёрдамида жойларда камайтириш имконини берган;
болаларда мальабсорбция синдромида антимикроб пептидларнинг клиник ва прогностик аҳамиятини аниқлаш ва терапияни такомиллаштириш бўйича олинган илмий натижалар соғлиқни сақлаш амалиётига, жумладан, Ўзбекистон Республикаси Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт маркази, Тошкент вилояти кўп тармоқли болалар тиббиёт маркази, Жиззах вилоят кўп тармоқли болалар тиббиёт маркази, шунингдек, Бухоро ва Сирдарё вилоятлар кўп тармоқли болалар тиббиёт марказлари клиник амалиётига жорий этилган (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2022 йил 5 январдаги №08-09/82-сон маълумотномаси). Олинган тадқиқот натижалари клиник амалиётга жорий қилиниши мальабсорбция синдроми бўлган болалар ҳаёт сифатини яхшилаш, даволаш самарадорлигини ошириш, беморларнинг стационарга бўлиш частотасини 2,3 баравар камайтириш имконини берган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish