Sayt test rejimida ishlamoqda

Каримова Мадина Ботиржоновнанинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон 

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Ўзбек аёллари турмуш тарзида ислом дини (Фарғона водийси мисолида)”, 07.00.07  – Этнография, этнология ва антропология (тарих фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2019.4.PhD/Tar67.
Илмий раҳбар: Адҳамжон Азимбаевич Аширов, тарих фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Андижон давлат университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Фанлар Академияси Тарих институти, DSc.02/30.12.2019.Tar.56.01.
Расмий оппонентлар: Дониёров Алишер Худайбердиевич, тарих фанлари доктори, профессор; Абдулаҳатов Нодирбек Ураимович, тарих фанлари номзоди, доцент.
Етакчи ташкилот номи: Ўзбекистон миллий университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади ўзбек аёллари кундалик турмуш тарзида ислом динининг тутган ўрни, хотин-қизлар иштирокида ўтказиладиган маросимларнинг тарихий асослари, ривожланиш босқичлари ва Фарғона водийсига хос хусусиятларини этнографик материаллар асосида очиб беришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
Фарғона водийси аёллари кундалик турмуш тарзида миллий ва исломий қарашларнинг уйғунлашуви мазмуни категориал муносабатда барқарор табиатга эга бўлган маросимий дунёқараш симбиози эканлиги очиб берилган;
ўзбек аёллари орасида кенг тарқалган Бибисешанба, Мушкулкушод, Мавлуд, Ашуро маросимлари (вақти, тартиби, рамзлар ва таомлар)да қадимги диний культлар ва исломий қарашлар, табиат ҳақидаги экологик билимлар ҳамда кундалик ҳаётдаги муаммолар ечимига қаратилган психологик қарашлар уйғунлашганлиги далилланган;
Фарғона вилояти Олтиариқ тумани Дўсти Худо пирим зиёратгоҳидаги Арғувон гули (Afghan redbud)нинг баҳорда пушти рангда очилиши муносабати билан ўтказиладиган “Гули армуғон” маросими табиат культи, аёл илоҳа (Анахита) билан бирга исломий анъаналар(қуръон оятларини ўқилиши, қурбонлик, зикр) қоришуви асосидаги аёлларга хос этнолокал маросим эканлиги аниқланган;
Фарғона водийсида Муҳаммад (с.а.в.) авлодлари билан боғлиқ Сафедбулон (Қирғизистон Республикаси Жалалабод вилояти Олабуқа тумани), Биби Убайда (Фарғона вилояти Бувайда тумани) ва Хожи Барор (Фарғона вилояти Охунбобоев тумани) зиёратгоҳларидаги хотин-қизлар билан боғлиқ турли ашёлар (тош, дарахт, кокил) ва аёл илоҳалар билан боғлиқ халқ оғзаки ижоди (ривоят, асотир, афсона) маълумотлари маҳаллий  аёлларга таскин, умид бериши каби руҳий-психологик таъсир этиши далилланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Ўзбек аёллари турмуш тарзида ислом дини (Фарғона водийси мисолида) мавзусидаги олиб борилган илмий тадқиқотлар асосида:   
Ўзбек аёллари турмуш тарзига таъсир этган сиёсий, ижтимоий-иқтисодий омилларнинг ислом дини ва “аёл муаммоси”, аёллар иштирокида ўтказилувчи маросимларнинг келиб чиқиши, муқаддас зиёратгоҳларнинг диний-маиший ҳаётда тутган ўрни ҳамда анъанавий урф-одат ва маросимларга оид тадқиқот натижаларидан Андижон вилоят тарихи ва маданияти давлат музейининг адабиёт ва халқ амалий санъат бўлими фондини шакллантиришда ҳамда кўргазма ташкил этишда фойдаланилган (Республика Маданият вазирлигининг 2021 йил 5 февралдаги 03-12-08-621-сон далолатномаси). Натижада Фарғона водийси аёллари иштирокида ўтказилувчи “Гули армуғон” маросими, зиёратгоҳлар билан боғлиқ қарашлар, аёллар зиёрати этнографик материаллар асосида тарғиб этилган;
Фарғона водийси аҳолисининг анъанавий урф-одат, маросимларига тегишли материалларнинг хулоса ва тавсияларидан Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузуридаги Малака ошириш марказининг Наманган минтақавий филиалида диний-маърифий соҳа ходимлари, хусусан, отинойилар ва жамоатчилик асосида фаолият юритадиган тарғиботчи аёл-қизлар учун ташкил этилган малака ошириш курслари ўқув дастурларини ишлаб чиқишда ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Андижон вилоят вакиллиги томонидан маҳаллий отинойилар ва хотин-қизлар учун ўтказилган “Қизлар одоби”, “Оила фароғат қасри”, “Глобаллашув жараёнида қизлар тарбияси” каби тадбирларда кенг фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2021 йил 26 мартдаги 02-03/1897-сон далолатномаси). Натижада аёллар турмуш маданиятини юксалтириш ҳамда мавжуд муаммоларни ҳал этиш йўлларини белгилаб олишга ёрдам берган;
ХХ аср давомида юз берган сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ўзгаришларнинг ўзбек аёллари турмуш тарзига таъсирига оид маълумотлардан “O‘zbekiston tarixi” телеканалининг “Etno…”  кўрсатувларининг сценарийларини тайёрлашда фойдаланилган (Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси “Ўзбекистон телерадиоканали” ДУКнинг 2021 йил 31 мартдаги 01-40-479-сон далолатномаси). Натижалар ислом ва аёл, ислом динида аёлга бўлган муносабат, муқаддас қадамжолар ҳамда зиёратгоҳларда аёллар зиёрати, оила ва ислом масалаларига хос тарихий қадриятлар, урф-одатлар ва миллий тарбия анъаналарини асраб-авайлаш, кенг аҳоли қатламларига тарғиб қилишга хизмат қилган. 

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish