Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармон, қарор ва кўрсатмалари мамлакатимизда таълим ва илм-фан соҳаларини сифат жиҳатдан ривожлантиришда методологик асос бўлиб хизмат қилмоқда. 2017 йил 1 июлдан бошлаб олий таълимдан кейинги таълимда икки поғонали тизимининг жорий этилиши самарали илмий фаолият учун зарур шарт-шароитлар яратиш, иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш, соҳада халқаро интеграцияни жадал ривожлантириш каби йўналишларда катта имкониятлар яратди.
Шу ўринда хорижий давлатларда берилган илмий даражалар тўғрисидаги ҳужжатларни нострификациялаш ишларини алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз. Бугунги кунда хорижий давлатларда берилган илмий даражалар тўғрисидаги ҳужжатларни нострификациялаш тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, жумладан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори (25.07.2000 й., №283) билан тасдиқланган “Хорижий давлатларда илмий даража олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш ва нострификациялаш (эквивалентлигини қайд этиш) тартиби тўғрисида”ги низом асосида тартибга солинади. 2017 йилдан бошлаб мамлакатимизда олий таълимдан кейинги таълимнинг икки поғонали тизими жорий этилиши нострификациялаш жараёнига ҳам ижобий таъсир кўрсатди. Масалан, 2013-2016 йилларда хорижий олий таълим муассасалари томонидан берилган 7 та ҳужжат нострификация қилинган бўлса, 2017-2021 йилларда бу кўрсаткич 205 тани ташкил этди.
Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар шароитида самарали илмий-педагогик фаолият олиб бораётган иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш, илмий-педагогик соҳада халқаро интеграцияни ривожлантириш ва жаҳоннинг энг нуфузли олий таълим муассасаларида ёшларимиз таълими мотивациясини рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратилиб, мақсадли чора-тадбирлар амалга оширилди, жумладан:
хорижий давлатларда илмий даража олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни нострификациялаш муддатлари қайта кўриб чиқилиб, икки-уч ойдан бир ой муддатга туширилди;
ностификациялаш жараёнида илмий нашрларни рўйхатдан ўтказиш тартиби бекор қилинди;
олий таълимдан кейинги таълимнинг бир поғонали тизими жорий қилинган хорижий давлатларнинг халқаро рейтингларда биринчи 300 та ўриндан бирини эгаллаган олий таълим ташкилотлари томонидан берилган фалсафа доктори (PhD) ёки фан доктори (DSc) илмий даражаси тўғрисидаги ҳужжатлар мамлакатимизда фан доктори (DSc) сифатида тўғридан-тўғри тан олиниши йўлга қўйилди. Бугунги кунга қадар мазкур тартиб асосида физика-математика, техника, биология, кимё, геология-минералогия, қишлоқ хўжалиги, тиббиёт, сиёсий, иқтисодиёт, юридик, филология, педагогика, исломшунослик фанлари бўйича 74 та диплом фан доктори (DSc) сифатида тўғридан-тўғри тан олинди. Бу дипломлар Япония, Буюк Британия, Германия, Хитой Халқ Республикаси, АҚШ, Жанубий Корея, Бельгия, Канада, Италия, Малайзия, Нидерландия, Франция, Швеция, Испания, Дания, Швейцария, Норвегия каби ривожланган давлатларнинг олий таълим муассасалари томонидан берилгани эътиборга лойиқ;
хорижий давлатларда илмий даража олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш бўйича талаб этиладиган ҳужжатлар рўйхати 30 фоизга қисқартирилди. Ҳужжатларни тўғридан-тўғри тан олиниши шароитида диссертациялар ҳам талаб этилмайди.
Таъкидлаш керакки, мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий соҳалардаги сифат ўзгаришларига монанд равишда халқаро рейтингларда биринчи 300 та ўриндан бирини эгаллаган олий таълим ташкилотларида олинган илмий унвонлар тўғрисидаги ҳужжатлар олий таълим муассасалари ва илмий ташкилотлар кенгашларининг тавсиясига асосан Ўзбекистон Республикасида тўғридан-тўғри тан олиниш амалиёти йўлга қўйилди.
Нострификациялаш бўйича амалдаги тартиб-қоидани такомиллаштириш юзасидан илмий жамоатчилик билан келишилган ҳолда, қатор таклифлар ишлаб чиқилиб, улар низомларнинг янги таҳрири лойиҳаларига киритилди. Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг халқаро битимлари ва шартномалари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукуматининг ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда хорижий давлатларда мутахассисларни мақсадли тайёрлаш асосида олинган илмий даражалар ҳақидаги ҳужжатлар, “Эл-юрт умиди” жамғармаси орқали хорижий давлатларда мутахассислар мақсадли тайёрловидан ўтган муассасалар ҳамда халқаро эътироф этилган ташкилотларнинг рейтинги бўйича энг юқори олий таълим муассасаси қаторига кирган олий таълим муассасалари томонидан берилган илмий даражалар ҳақидаги ҳужжатлар, вазирлик ва идораларнинг йўлланмалари билан хорижий давлатлар томонидан ажратилган квота (грант)лар ҳисобидан хорижий давлатларда мутахассисларни мақсадли тайёрлаш асосида олинган илмий даражалар ҳақидаги ҳужжатларни тўғридан-тўғри тан олиш. Шунингдек, жараённи ОАКнинг идоравий ахборот тизимига қўшимча равишда бевосита Давлат хизматлари маркази ёки Ягона интерактив давлат хизматлари порталида рўйхатдан ўтган ҳолда ташкил қилиш каби таклифлар киритилди.
Нострификациялаш ишларини замонавий талаблар асосида ҳамда “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси”да белгилаб берилган мақсадлардан келиб чиқиб, такомиллаштириб бориш ишлари бундан буён ҳам изчил тарзда ташкил қилинади.
ОАК Ахборот хизмати