Sayt test rejimida ishlamoqda

Эрназарова Гулноза Муродовнанинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Ўзбек тили минералогия терминларининг лингвистик тадқиқи”, 10.00.01-Ўзбек тили (филология фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2021.1.PhD/Fil795.
Диссертация бажарилган муассаса: Навоий давлат педагогика институти.
Илмий раҳбар: Лутфуллаева Дурдона Эсоновна, филология фанлари доктори, профессор.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Қарши давлат университети, DSc.03/30.12.2021.Fil.70.01.
Расмий оппонентлар: Жабборов Хўжамурод, филология фанлари доктори, доцент; Аҳмедова Наргиза Шихназаровна, филология фанлари номзоди, доцент.
Етакчи ташкилот:  Самарқанд давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади ўзбек тилидаги минералогия терминларининг лексик-семантик, когнитив, структур-деривацион ва лингвопоэтик хусусиятларини очиб беришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
ўзбек тили минералогия терминларида синонимиянинг юзага келиши уни кашф этган кишилар номи билан аталиши, турли хоссаларига кўра номланиши, минералогияга оид мавжуд билимларнинг такомиллашуви ёки инсон томонидан қайта англаниши натижасида янги терминларнинг ҳосил бўлиши аниқланган;
ўзбек тили минералогия терминологиясининг ўз қатлами ўзбекча ва умумтуркий терминлардан, ўзлашма қатлам эса араб, форс-тожик, рус тили ва рус тили орқали юнон-грек, лотин, француз, немис ва бошқа Европа тилларидан  ўзлашган терминлардан таркиб топганлиги очиб берилган;
бадиий матнларда минералогия терминлари билан ҳосил қилинган  метафоралар муҳим тасвирий восита бўлиб қолмасдан, нутқни безаш, ҳис-туйғуни, фикрни образли ифодалаш воситаси даражасига кўтарилиши далилланган;
бадиий матнга метафорик маъноларда қўлланган минералогия терминларини киритиш орқали тасвир объектига мос равишда бебаҳо сўз, насл-насаб, мазмун-моҳият, турли-туман ранг, беғуборлик, мусаффолик каби поэтик тасвир яратилиши аниқланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Ўзбек тили минералогия терминларининг лингвистик тадқиқи масалларини ёритиш жараёнида олинган илмий натижалар асосида:
ўзбек тили минералогия терминологиясининг ўз қатлами ўзбекча ва умумтуркий терминлардан, ўзлашма қатлам эса араб, форс-тожик, рус тили ва рус тили орқали юнон-грек, лотин, француз, немис ва бошқа Европа тилларидан  ўзлашган терминлардан таркиб топганлигига доир илмий хулосаларидан ФА-Ф1-ГООЗ рақамли “Ҳозирги қорақалпоқ тилида функционал сўз ясалиши” номли фундаментал лойиҳада фойдаланилган (ЎзР ФА Қорақалпоғистон бўлимининг 2021 йил 2 апрелидаги 1701/42-сон маълумотномаси). Натижада  минералогия терминларининг  диахрон ва синхрон шакллари, қайси тилдан келиб чиққанлигини аниқлашга  доир маълумотлар билан бойитиш имконини берган;
минералогия терминларида синонимиянинг юзага келиши уни кашф этган кишилар номи билан аталиши, турли хоссаларига кўра номланиши, минералогияга оид мавжуд билимларнинг такомиллашуви ёки инсон томонидан қайта англаниши натижасида янги терминларнинг ҳосил бўлиши аниқланганлигига доир хулосаларидан ФА-Ф1-ГООЗ рақамли “Ҳозирги қорақалпоқ тилида функционал сўз ясалиши” номли фундаментал лойиҳада фойдаланилган (ЎзР ФА Қорақалпоғистон бўлимининг 2021 йил 2 апрелидаги 1701/42-сон маълумотномаси). Натижада минералогия илмий терминологиясини такомиллаштириш орқали  ўтмишда қўлланган бой материалларга мурожаат қилиш ва лисоний жиҳатдан ўрганиш зарурлиги ҳақидаги  хулосаларни бойитиш имконини берган;  
бадиий матнга метафорик маъноларда қўлланган минералогия терминларини киритиш орқали тасвир объектига мос равишда бебаҳо сўз, насл-насаб, мазмун-моҳият, турли-туман ранг, беғуборлик, мусаффолик каби поэтик тасвир яратиш хусусидаги илмий хулосалардан Навоий вилоят телерадиокомпанияси адабий-бадиий, маънавий-маърифий дастурлари сценарийсини тайёрлашда фойдаланилган (Навоий вилояти телерадиокомпаниясининг 2021 йил 22 март 01-02/95-сон маълумотномаси). Натижада инсон ҳаётида муҳим ўрин тутган ва саноатнинг турли соҳаларида асосий материал сифатида ишлатилувчи минераллар, уларни ифодаловчи бирликларнинг адабий тил ривожидаги ўрни хусусидаги замонавий қарашларни оммалаштиришга хизмат қилиши ҳамда илмий аҳамиятини оширишга имкон берган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish