Аёл эъзоз ва эҳтиром этилган жамият барча замонларда ҳам юксак ўринда бўлган. Президентимиз таъбири билан айтганда, ҳар қандай жамият ва давлатнинг қай даражада халқпарвар ҳамда адолатли экани, унинг хотин-қизларга бўлган муносабати ва ғамхўрлиги билан белгиланади. Шу мезондан келиб чиқилса, бизнинг давлатимиз халқпарвар ҳамда адолатли экани комил ишонч билан эътирофга муносиб. Хусусан, илм-фан ва таълим тизимда хотин-қизлар учун яратилган шароитлар таҳсинга сазовор. Аёллар таълимига берилаётган алоҳида эътибор туфайли ўтган йили олий ўқув юртларига қабул қилинган талабаларнинг 60 фоизини хотин-қизлар ташкил этди. Бундан олти йил аввал олийгоҳларда 110 минг нафар хотин-қиз таҳсил олган бўлса, бугунги кунда уларнинг сони 400 минг нафарга етди.
Олий таълимдан кейинги таълим тизимида ҳам хотин-қизларнинг салмоғи ортиб, улар эришаётган натижалар йил сайин юксалиб бормоқда. Масалан, ўтган 2021 йилда 2327 нафар талабгор фан доктори ва фалсафа доктори илмий даражаларида тасдиқланган бўлса, шулардан 869 нафарини хотин-қизлар ташкил қилди.
Айни дамларда юртимиз бўйлаб байрам шукуҳи кезаркан, Ўзбекистон Республикаси Олий аттестация комиссиясида ҳам 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан байрам тадбири ташкил қилинди. Унда ОАК тизимида фаолият юритаётган аёл ходималарнинг меҳнатлари эътироф этилиб, уларга байрам туҳфалари тақдим қилинди.
ОАК Ахборот хизмати