Sayt test rejimida ishlamoqda

Кучаров Жамшид Кулназаровичнинг 
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар:
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража берадиган фан тармоғи номи): “Амир Темур ва темурийлар даврида Бухоро воҳасидаги сиёсий, иқтисодий ва маданий ҳаёт (XIV асрнинг 70-йиллари – XV аср)”, 07.00.01 – Ўзбекистон тарихи (тарих фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В.2020.3.PhD/Tar729.
Илмий раҳбар: Ҳаитов Шодмон Аҳмадович, тарих фанлари доктори,профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Қарши давлат университети. 
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Қарши давлат университети. PhD.03/27.02.2021.Tar.70.05.
Расмий оппонентлар: Эргашева Юлдуз Алимовна, тарих фанлари доктори, профессор; Раҳмонов Камол Жамолович, тарих фанлари номзоди, доцент. 
Етакчи ташкилот: Навоий давлат педагогика институти.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади XIV асрнинг 70-йиллари – XV асрда, яъни Амир Темур ва темурийлар даврида Бухоро воҳасидаги сиёсий, иқтисодий ва маданий ҳаёт тарихини очиб беришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги: 
Бухоро воҳаси Амир Темур ва темурийлар даврида ўзига хос мавқега эга бўлиб, Самарқанд шаҳридан кейин иккинчи ўринда турганлиги, темурий шаҳзодаларнинг ҳокимият учун курашларда энг муҳим сиёсий воқеалар марказида бўлганлиги, Амир Темур ворислари Бухородан туриб, Самарқанд тахти учун кураш олиб борганлиги исботланган;
Амир Темур ворисларидан Мирзо Улуғбек сиёсий ҳокимиятни қўлга киритишда Бухоро асосий таянч бўлганлиги, унинг Бухоро шаҳрида туриб Хитой ва бошқа мамлакат элчиларини қабул қилганлиги, ўз элчиларини Бухородан четга юборганлиги, қишлаш учун Бухорога келиб яшаганлиги ва кўп бор қуш овини ташкил қилганлиги аниқланган;
Бухорода тасаввуф тариқатини Хожа Баҳоуддин Нақшбанд ва Муҳаммад Хожа Порсолар янги босқичга кўтарганлиги, адабий муҳитда ўнлаб “Бухорий” тахаллусли етук ижодкорлар Хўжа Исмат Бухорий, Низом Бухорий, Носир Бухорий, Сайфий Бухорий, Жаҳонгир Бухорий, Тоҳир Бухорийлар етишиб чиққанлиги, кейинги темурий ҳукмдорларнинг мамлакат бошқарувини қўлга олишида, ҳокимият тепасида туриб адолат билан сиёсат юритишида Бухоро уламолари маънавий ва ғоявий раҳнамолик қилганлиги, ҳукмдорлар ва халқ ўртасида улар воситачи сифатида муҳим мавқега эга бўлганликлари исботланган;
Амир Темур ва темурийлар даврида Бухоро воҳасида деҳқончилик ва чорвачилик, айниқса, қоракўлчилик соҳалари, ҳунармандчиликнинг металлсозлик, тўқимачилик, заргарлик, танга зарб қилиш тармоқлари ривожланганлиги, ички ва ташқи савдо-сотиқ соҳасида катта ютуқларга эришилганлиги исботланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Амир Темур ва темурийлар даврида Бухоро воҳасидаги сиёсий, иқтисодий ва маданий ҳаёт тарихини илмий тадқиқ этиш бўйича қўлга киритилган натижалар, хулосалар, таклиф ва тавсиялар асосида: 
Амир Темур ва темурийлар даври Бухоро воҳаси деҳқончилик ва чорвачилик, айниқса, қоракўлчилик соҳалари, ҳунармандчиликнинг металлсозлик, тўқимачилик, заргарлик, танга зарб қилиш тармоқлари ривожланганлиги, ички ва ташқи савдо-сотиқ соҳасидаги ютуқларга оид илмий изланишлари натижасида аниқланган маълумотлар, келтирилган далиллар Қашқадарё вилояти тарихи ва маданияти давлат музейи илмий фаолиятида фойдаланиш учун топширилган (Ўзбекистон Республикаси Туризм ва спорт вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос агентлигининг 2022 йил 8 январдаги 01-12/55-сон маълумотномаси). Натижаларнинг амалиётга қўлланилиши Ўзбекистонда туризм ва хизмат кўрсатиш тизимини ривожлантиришга, маданий меросимизни асраб авайлаш имкониятини яратган;
Бухоро воҳаси Амир Темур ва темурийлар даврида ўзига хос мавқега эга бўлиб, Самарқанд шаҳридан кейин иккинчи ўринда турганлиги, темурий шаҳзодаларнинг ҳокимият учун курашларда энг муҳим сиёсий  воқеалар марказида эканлиги, Амир Темур ворислари Бухородан туриб, Самарқанд тахти учун асосан курашлар олиб борганлигига доир илгари сурилган ғоялар, назарий хулосалар ва амалий таклифлардан Қашқадарё вилояти телерадиокомпанияси томонидан Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 685 йиллиги муносабати билан тайёрланган «Мулоқот» кўрсатувида кенг фойдаланилган (Қашқадарё телерадиокомпаниясининг 2021 йил 22 июндаги 12-15/193-сон маълумотномаси). Натижада Амир Темур ва темурийлар  даврида Бухоро шаҳри шаҳарсозлик ва меъморчилик ривожида муҳим ўрин тутганлигини асослаб бериш имконини берган; 
Мирзо Улуғбекнинг сиёсий ҳокимиятни қўлга киритишида Бухоро асосий таянч бўлганлиги, ушбу буюк олим ва адолатли ҳукмдорнинг мазкур шаҳарда туриб Хитой ва бошқа мамлакатларнинг элчиларини қабул қилганлиги, ўз элчиларини Бухородан четга юборганлиги, қишлаш учун Бухорога келиб яшаганлиги ва кўп бор қуш овини ташкил қилишига доир илмий хулосалардан, диссертацияда илгари сурилган энг муҳим илмий-назарий фикрлардан «O’zbekiston tarixi» телеканалида 2020 йил август ойида эфирга узатилган «Экспедиция» кўрсатувида фойдаланилган (O’zbekiston Milliy Teleradiokompaniyasi «O’zbekiston Teleradiokanali» Давлат унитар корхонасининг 2020 йил 17 декабрдаги 02-40-1312-сон маълумотномаси). Илмий натижаларнинг қўлланиши Мирзо Улуғбекнинг Бухорода қурилиш ишларига алоҳида эътибор қаратганлиги бўйича аниқ хулосалар чиқариш имконини берган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish