Sayt test rejimida ishlamoqda

Болтаев Мансуржон Сотиволдиевичнинг
фан доктори (DSc) диссертация ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Ўзбекистон Республикасида тиббий суғурта фаолиятини фуқаролик-ҳуқуқий тартибга солишни такомиллаштириш масалалари», 12.00.03 – Фуқаролик ҳуқуқи. Тадбиркорлик ҳуқуқи. Оила ҳуқуқи. Халқаро хусусий ҳуқуқ (юридик фанлар). 
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2021.2.DSc/Yu164.
Илмий маслаҳатчи: Окюлов Омонбай, юридик фанлар доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент давлат юридик университети. 
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тошкент давлат юридик университети, DSc.07/30.12.2019.Yu.22.01.
Расмий оппонентлар: Усманова Муборак Акмалджановна, юридик фанлар доктори, профессор; Синдаров Комил Ойдинович, юридик фанлар доктори, доцент; Мусаев Бекзод Турсунбоевич, юридик фанлар доктори, доцент.
Етакчи ташкилот: Ўзбекистон Республикаси Давлат Божхона қўмитасининг Божхона институти.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик. 
II. Тадқиқотнинг мақсади тиббий суғурта фаолиятини фуқаролик ҳуқуқий тартибга солиш соҳасидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини мувофиқлаштириш бўйича илмий-амалий таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
судьянинг ҳаёти ва соғлиғи давлатнинг махсус муҳофазасида бўлиши ҳамда республика бюджети маблағлари ҳисобидан давлат томонидан мажбурий тартибда суғурта қилиниши лозимлиги асосланган; 
суғурталовчи мулкий суғурта шартномаси бўйича тўланиши лозим бўлган суғурта товони ёки шахсий суғурта шартномаси бўйича суғурта пули миқдорини суғурта мукофотининг тўланган қисмига мутаносиб суммада чеклашга ва муддати ўтказиб юборилган суғурта бадали суммасини ҳисобга олишга ҳақлилиги асослаб берилган; 
суғурта шартномасида навбатдаги суғурта бадалини тўламаганлик учун суғурталовчининг суғурта шартномасини бекор қилишни талаб қилиш ҳуқуқи белгиланган бўлса ва бундай ҳолат юз берганда суғурталовчи ушбу ҳуқуқдан фойдаланмаганда, у суғурта товонини тўлашни рад этиши мумкин эмаслиги асослантирилган; 
тиббий суғурта шартномасининг тарафи ҳисобланган суғурталовчи фаолиятини лицензиялашда мурожаат қилишнинг электрон тартибини жорий этиш зарурлиги асосланган; 
тиббий суғуртани босқичма-босқич жорий этиш, аҳолининг кафолатланган ва сифатли тиббий ёрдам олиш имкониятларини кенгайтириш лозимлиги асослантирилган;
тиббий суғурта доирасида аҳолини тиббий муассасаларга йўналтириш кафолатланган пакет асосида амалга оширилиши зарурлиги асослаб берилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. 
Тиббий суғурта фаолиятини фуқаролик-ҳуқуқий тартибга солишни такомиллаштириш масалалари бўйича олиб борилган тадқиқот натижаларидан қуйидагиларда фойдаланилган: 
судьянинг ҳаёти ва соғлиғи давлатнинг махсус муҳофазасида бўлиши ҳамда республика бюджети маблағлари ҳисобидан давлат томонидан мажбурий тартибда суғурта қилинишига оид таклиф Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 28 июлдаги “Судлар тўғрисида”ги ЎРҚ-703-сон Қонунининг 84-моддасини ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитасининг 2021 йил 30 августдаги 25-сон маълумотномаси). Мазкур таклиф судьялар ҳаётини мажбурий тиббий суғурта қилишнинг ҳуқуқий асосларини белгилаш ҳамда мажбурий тиббий суғурта асосида судьяларни ижтимоий муҳофаза қилиш тизимини аниқлаштиришга хизмат қилган; 
суғурталовчи мулкий суғурта шартномаси бўйича тўланиши лозим бўлган суғурта товони ёки шахсий суғурта шартномаси бўйича суғурта пули миқдорини суғурта мукофотининг тўланган қисмига мутаносиб суммада чеклашга ва муддати ўтказиб юборилган суғурта бадали суммасини ҳисобга олишга ҳақлилигига оид таклиф Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2017 йил 29 ноябрдаги 45-сонли “Судлар томонидан суғурта шартномасидан келиб чиқадиган низоларни ҳал этишда қонун ҳужжатларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги қарорини ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий судининг 2021 йил 7 августдаги 11-39-21-сон маълумотномаси). Мазкур таклиф суғурта товони ва суғурта пулига нисбатан суғурта мукофотининг ўзаро нисбатини аниқлаш орқали тиббий суғурта шартномаси тарафлари ўртасидаги муносабатларни ҳуқуқий асосларини ўрнатишга хизмат қилган;
суғурта шартномасида навбатдаги суғурта бадалини тўламаганлик учун суғурталовчининг суғурта шартномасини бекор қилишни талаб қилиш ҳуқуқи белгиланган бўлса ва бундай ҳолат юз берганда суғурталовчи ушбу ҳуқуқдан фойдаланмаганда, у суғурта товонини тўлашни рад этиши мумкин эмаслиги тўғрисидаги таклиф Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2017 йил 29 ноябрдаги 45-сонли “Судлар томонидан суғурта шартномасидан келиб чиқадиган низоларни ҳал этишда қонун ҳужжатларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги қарорини ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий судиининг 2021 йил 7 августдаги 11-39-21-сон маълумотномаси). Ушбу таклиф суғурта товонини тўлаш тартибини белгилашга оид ташкилий-ҳуқуқий механизмларни аниқлаштиришга имкон берган; 
тиббий суғурта шартномасининг тарафи ҳисобланган суғурталовчи фаолиятини лицензиялашда мурожаат қилишнинг электрон тартибини жорий этишга оид таклиф Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2002 йил 27 ноябрдаги 413-сон қарори билан тасдиқланган “Суғурталовчи ва суғурта брокерларининг суғурта фаолиятини лицензиялаш тўғрисида”ги низомга Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 
31 декабрдаги 1060-сонли қарори билан киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларни ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 
14 сентябрдаги 12/21-37-сон маълумотномаси). Мазкур таклиф тиббий суғурта шартномаси субъектлари фаолиятини лицензиялаш тизимини соддалаштиришнинг ҳуқуқий механизмларини такомиллаштиришга хизмат қилган;
тиббий суғуртани босқичма-босқич жорий этиш, аҳолининг кафолатланган ва сифатли тиббий ёрдам олиш имкониятларини кенгайтириш ҳақидаги таклифлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 12 ноябрдаги “Соғлиқни сақлаш тизимини ташкил этишнинг янги модели ва давлат тиббий суғуртаси механизмларини Сирдарё вилоятида жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4890-сон қарорини ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2021 йил 10 сентябрдаги 16-09/11873-сон маълумотномаси). Ушбу таклиф аҳолининг барча қатламлари учун кафолатланган давлат тиббий суғуртасини жорий этишга оид муносабатларни барқарор ҳуқуқий тартибга солишга имкон яратган;
тиббий суғурта доирасида аҳолини тиббий муассасаларга йўналтириш кафолатланган пакет асосида амалга оширилиши тўғрисидаги таклифи Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 12 ноябрдаги “Соғлиқни сақлаш тизимини ташкил этишнинг янги модели ва давлат тиббий суғуртаси механизмларини Сирдарё вилоятида жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида” ПҚ-4890-сон қарори ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2021 йил 10 сентябрдаги 16-09/11873-сон маълумотномаси). Ушбу таклифнинг жорий этилиши тиббий суғурта шартномаси қўллаш доираси кенгайишига хизмат қилган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish