Бугун юртимизда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Янги Ўзбекистонда рақамли иқтисодиётни шакллантириш борасидаги саъй-ҳаракатлар ва эришилаётган натижалар алоҳида эътирофга лойиқдир.
Шу ўринда айтиш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 3 июлдаги “Ўзбекистон Республикасида рақамли иқтисодиётни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”, 2018 йил 21 ноябрдаги “Рақамли иқтисодиётни ривожлантириш мақсадида рақамли инфратузилмани янада модернизация қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”, 2018 йил 13 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси давлат бошқарувига рақамли иқтисодиёт, электрон ҳукумат ҳамда ахборот тизимларини жорий этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”, 2020 йил 5 октябрдаги “Рақамли Ўзбекистон – 2030” стратегиясини тасдиқлаш ва уни самарали амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонлари ҳамда 2020 йил 28 апрелда қабул қилинган “Рақамли иқтисодиёт ва электрон ҳукуматни кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорлари рақамли иқтисодиётни шакллантиришда дастурул-амал вазифасини ўтамоқда.
Давлатимиз раҳбари ҳузурида 2020 йилнинг 30 апрель куни ўтказилган йиғилишда олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар аттестацияси жараёнини рақамлаштириш, яъни “Электрон ОАК” тизимини жорий қилиш вазифаси белгилаб берилган эди. Шунга асосан, қолаверса юртимизда кечаётган кенг кўламли ислоҳотларга мувофиқ тарзда олий малакали илмий ва илмий педагог кадрларни аттестациядан ўтказиш тизимида илмий-ташкилий, дастурий-техник ва экспертиза чора-тадбирлари амалга оширилиб, аттестация жараёни тўлиқ рақамлаштирилди.
“Электрон ОАК” доирасида қуйидаги ахборот тизимлари ишлаб чиқилди:
- “Илмий даражалар комплекс-таҳлилий ахборот тизими”;
- “Илмий унвонлар комплекс-таҳлилий ахборот тизими”;
- “Илмий даражалар берувчи илмий кенгашлар ягона портали”;
- “Корпоратив электрон ҳужжатлар айланиш комплекс-таҳлилий ахборот тизими”;
- “Диссертациялар жамоавий электрон экспертизаси ахборот тизими”;
“Электрон ОАК” тизимининг қуйидаги хусусиятларини алоҳида таъкидлаш лозим:
биринчидан, ахборот тизими олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар аттестация жараёнини миллий даражада ташкил қилишда мутлақо янги тизим ҳисобланади;
иккинчидан, аттестация ишларининг кириб келгани, жараёндагиси ва тасдиқланганларининг электрон жилди яратилади;
учинчидан, мазкур тизим аттестация жараёнига оид ахборотлар оқимини тартибга солиш билан бир қаторда, олдиндан белгиланган йўналишлар (белгилар) бўйича таҳлилий-ахборот маълумотларини тизимлаштириш ва умумлаштирилган ҳисоботларни автоматлаштирилган ҳолда шакллантириш имкониятини яратади;
тўртинчидан, илмий кенгашлар фаолияти шаффофлиги, маълумотлар базасининг тўлалиги ва тезкорлигини янада ошириш, маълумотлар комплексини унификациялаш ва уларни олишда қулайлик яратиб, талабларнинг ягоналигини таъминлашга хизмат қилади.
2021 йилда “Электрон ОАК” тизими орқали:
-10 843 аттестация иши (илмий даражалар ва илмий унвонлар, диссертация ҳимояси ҳақида ОАК веб-сайтида эълон қилиш бўйича маълумотлар) қабул қилинди;
-10 614 та ёзишма амалга оширилди;
-2 та ахборот тизими – илмий унвонлар ва илмий даражалар бўйича 30 мингдан ортиқ доимий равишда ўсиб борувчи маълумотлар базасига эга бўлган идоравий ахборот тизимлари “Давлат фуқаролик хизмати ягона электрон ахборот-таҳлилий тизими дастурий-аппарат комплекси”га интеграция қилинди.
“Электрон ОАК” доирасида ишлаб чиқилган ахборот тизимлари қуйидаги натижаларга эришишга хизмат қилмоқда:
- илк бор жаҳон ва миллий даражада илмий даражалар ва илмий унвонлар бўйича аттестация ишларини қабул қилиш, жўнатиш, экспертиза жараёнини рақамлаштирилган тарзда амалга ошириш;
- барча аттестация жараёнини узлуксиз ва онлайн шаклда ташкил қилиш;
- аттестация жараёнини “субъект-субъект ўртасидаги тўғридан-тўғри муносабатлар” тамойилидан “субъект-субъект ўртасидаги рақамлаштирилган муносабатлар” тамойилига ўтказиш;
- таълим муассасалари ва илмий ташкилотлар, илмий даражалар берувчи илмий кенгашлар ва ОАК ўртасидаги барча ҳужжат алмашишни корпоратив электрон ҳужжатлар айланиш комплекс-таҳлилий ахборот тизими асосида амалга ошириш;
- моддий ва молиявий ресурсларни иқтисод қилиш ҳамда соғлом илмий муҳитни ривожлантириш.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, “Электрон ОАК” тизими соҳа фаолиятининг сифат ва натижадорлиги ҳамда аттестация жараёнининг шаффофлигини таъминлашда, шунингдек, унинг иштирокчилари масъулиятини оширишда муҳим аҳамият касб этади. Бундан ташқари, аттестация жараёнини рақамлаштириш орқали талаб қиладиган қимматли вақтни тежаш, ҳар қандай кўринишдаги оворагарчиликларга барҳам беришга эришилади.
Улуғбек Мамадалиев
Ўзбекистон Республикаси Олий аттестация комиссияси
Ахборот хизмати раҳбари