Sayt test rejimida ishlamoqda

Наралиева Насибахон Мамановнанинг 
фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган тармоғи номи): «Фарғона водийсида алоҳида аҳамиятга эга ботаник ҳудудларни танлаш ва антропоген омиллар таъсирида бўлган ноёб турларни сақлаб қолиш тамойиллари», 03.00.10 – Экология (биология).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2021.3.DSc/В80.
Илмий маслаҳатчи: Мадумаров Толибжон Абдумаликович, биология фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Андижон давлат университети. 
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Қорақалпоқ табиий фанлар илмий-тадқиқот институти, DSc.02/30.04.2021.В.79.01.
Расмий оппонентлар: Мамбетуллаева Светлана Матмуратовна, биология фанлари доктори, профессор; Ёзиев Лутфулло Хабибуллаевич, биология фанлари доктори, профессор; Батошев Авазбек Рисқулович, биология фанлари доктори.  
Етакчи ташкилот: Ўзбекистон миллий университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади Фарғона водийсида алоҳида аҳамиятга эга бўлган ботаник ҳудудларни белгилаш, антропоген омиллар таъсири остида қолган ноёб турларни сақлаб қолиш тамойилларини ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
Фарғона водийсида антропоген омилларнинг таъсири остида қолган табиий ҳудудлар аниқланган ва антропоген омилларнинг таъсир кўлами очиб берилган; 
илк бор фан учун Tulipa intermedia Tojibaev & J.J. de Groot., Ўзбекистон флораси учун Pseudosedum ferganensis Boriss., Euphorbia alaica (Prokh.) Prokh., Фарғона водийси флораси учун Atraphaxis compacta Ledeb., Tulipa vvedenskyi Botschantz. янги тур сифатида аниқланган; 
илк бор Фарғона водийси ҳудудида 7 та ноёб ва эндем турларнинг, Allium michaelis F.O. Khass. & Tojibaev, Asparagus ferganensis Vved., Dorema microcarpa Korovin., Limonium ferganense Ik.-Gal., Lamyropappus schakaptaricus (B. Fetsch.) Knorring & Tamamsch., Mogoltavia sewerzovii (Regel) Korovin, Corydalis paniculigera Regel et Schmalh. янги ўсиш маконлари топилган;  
Фарғона водийси флорасида тарқалган  28 оила, 69 туркумга мансуб 166 ноёб ва эндем ўсимлик турларининг замонавий конспекти тузилган ва уларнинг тарқалишини акс эттирувчи ГАТ хариталари яратилган;
илк бор алоҳида аҳамиятга эга ботаник ҳудудларни аниқлаш бўйича қўлланиладиган методик тавсиялар Марказий Осиё табиий-географик шароитларидан келиб чиққан ҳолда модификация қилинган; 
модификациялаштирилган методлар ва критерийлари асосида Ўзбекистонда илк бор Чуст-Поп адирлари бедленди, Чотқол тоғ тизмасининг жанубий ҳудудлари  ва Шоҳимардонсой дарёси ҳавзаси алоҳида аҳамиятга эга ботаник ҳудуд сифатида асосланган. 
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. 
Фарғона водийсининг алоҳида аҳамиятга эга ботаник ҳудудлари бўйича олинган илмий натижалар асосида: 
Фарғона водийси флорасида тарқалган 166  ноёб ва эндем ўсимлик турларининг “турлар рўйхати”, замонавий конспекти, ГАТ хариталари, дала тадқиқотлари давомида йиғилган гербарий намуналари бўйича олинган маълумотлар Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасида амалиётга жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг 2021 йил 30 августдаги 03.03/1-1284-сон маълумотномаси). Натижада, Андижон вилояти юксак ўсимликлари кадастрини тайёрлаш ҳамда Фарғона водийсида тарқалган Ўзбекистон Қизил китобига киритилган ўсимлик турларининг замонавий электрон каталоги яратиш, шунингдек, Фарғона водийсида учрайдиган ноёб ва эндем ўсимлик турларини аниқлаш, таҳлил қилиш ҳамда илмий асосланган маълумотлар тайёрлаш имконини берган; 
фан учун илк бор аниқланган Tulipa intermedia Tojibaev & J.J. de Groot., Ўзбекистон флораси учун биринчи марта келтирилган Pseudosedum ferganensis Boriss., Euphorbia alaica (Prokh.) Prokh., Фарғона водийси флораси учун аниқланган Atraphaxis compacta Ledeb., Tulipa vvedenskyi Botschantz. ҳамда янги ўсиш жойлари топилган 7 та ноёб ва эндем турлар бўйича маълумотлар Ботаника институтининг “Миллий гербарий” амалиётига жорийлаштирилган (Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, 2021 йил 10 августдаги 4/1255-2206-сон маълумотномаси). Натижада, 166 ноёб ва эндем ўсимликларнинг 800 та гербарий намуналари Ўзбекистон табиий флораси турларини тўр тизимли хариталаш (grid mapping) ва Ўзбекистон флораси фондини янги турлар билан бойитиш имконини берган; 
алоҳида аҳамиятга эга ботаник ҳудудларга ҳуқуқий мақом бериш бўйича “Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тўғрисида”ги  Қонуннинг I боби 5-моддасига, VIII-боби 35-моддасига ўзгартишлар ҳамда VIII бобга янги модда киритиш таклифи Қонунчилик палатасида ўрганилган ва муҳокама учун қабул қилинган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати, Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитасининг 2021 йил 4 октябрдаги, №10-11/2 сонли маълумотномаси). Натижада, Ўзбекистонда экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича қонунчилик тизимида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг, шунингдек биологик хилма-хилликни сақлаб қолишнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш, қонун хужжатларини даврий янгилаш имконини берган. 

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish