Sayt test rejimida ishlamoqda

Эрназарова Гулбохор Исоковнанинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Ҳозирги ўзбек шеъриятида тасаввуф анъаналари”, 10.00.02 – Ўзбек адабиёти (филология фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2020.1.PhD/Fil.1114.
Илмий раҳбар: Ҳасанов Шавкат Аҳадович, филология фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Самарқанд давлат университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Самарқанд давлат университети, DSc.03/30.12.2019.Fil.02.03.
Расмий оппонентлар: Юсупова Дилнавоз Раҳмоновна, филология фанлари доктори, доцент; Сабирдинов Акбарали Ғафурович, филология фанлари доктори, доцент.
Етакчи ташкилот: Бухоро давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади тасаввуф анъаналари, мумтоз моҳият категорияларидан иборат тизимнинг ҳозирги ўзбек шеъриятида тутган ўрнини, бадиий-эстетик тафаккур такомилидаги аҳамиятини очиб беришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
янги ўзбек шеърияти поэтикасида фалсафий-тасаввуфий ғоя ва тимсолларга издошлик анъанаси символизм, барокко, анъанавий бўлмаган композицион комбинациялар сингари модернистик услублар билан уйғунлашиб кетаётганлиги, бадиий тасвирда жавонмардлик, риндона, дарвешона, ошиқона каби сўфиёна талқинларнинг мустаҳкам қарор топганлиги исботланган;  
фалсафий-тасаввуфий таълимот ва уни  ифода этишда муҳим саналган туш, хаёл, завқ, илҳом тушунчалари ҳамда шариат, тариқат, ҳақиқат, маърифат борасидаги сўфиёна қарашларнинг талқинлари давр руҳига мувофиқ ва қонуний тарзда ҳозирги шеърият поэтикасидан муҳим ўрин тутганлиги асосланган;
замонавий лирика тадрижий такомилида мумтоз моҳият категорияларидан иборат тизимнинг шоирлар поэтик услубига таъсири натижасида шеъриятда олам ва одам муносабатларининг синтезлашув жараёни далилланган;
ҳозирги шеъриятнинг мумтоз моҳиятга ворисийлигини акс эттирган руҳ тарбияси, комиллик, ишқ, маърифат, ҳақиқат каби маърифий-ирфоний ғоялар ва шарқона дунёқараш, сўфиёна оҳанглар, арбайнчилик анъаналари сингари бадиий-эстетик жиҳатлар бугунги давр ёшларининг маънавий-ахлоқий тарбиясида бирламчи асосга эга эканлиги очиб берилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Ҳозирги ўзбек шеъриятида тасаввуфий талқин муаммосини тадқиқ этиш ва мазкур муаммонинг илмий-назарий асосларини ишлаб чиқиш, илмий-амалий натижаларини белгилаш асосида:  
ҳозирги ўзбек шеъриятида акс этаётган тасаввуфий ғоялар асосида шарқ мумтоз адабиёти анъаналари масаласи тадқиқи борасидаги илмий натижалардан Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Қорақалпоғистон бўлими Қорақалпоқ гуманитар фанлар илмий тадқиқот институтида 2017-2020 йилларда бажарилган “Қорақалпоқ фольклоршунослиги ва адабиётшунослиги тарихини тадқиқ этиш” мавзусидаги ФА-Ф-1-005 рақамли фундаментал лойиҳасида фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Қорақалпоғистон бўлимининг 2021 йил 28 июндаги 17-01/159-сон маълумотномаси). Натижада, лойиҳа ишининг мумтоз адабиёт анъаналари ҳозирги шеъриятига кўчиши жараёнидаги ўзгаришлар илмий далиллар билан бойишига хизмат қилган;
янги давр шеъриятининг тасаввуфий мотиви ва образлари талқинига асос бўлган манбалар, ҳозирги шеъриятда тасаввуфий ғоялар ифодалаган миллий ва умуминсоний қадриятлар таҳлили асосидаги назарий хулосалардан Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Қорақалпоғистон бўлими Қорақалпок гуманитар фанлар илмий-тадқиқот институтида 2012-2016 йилларда бажарилган “Қорақалпоқ фольклори ва адабиёти жанрларининг назарий масалаларини тадқиқ этиш” мавзусидаги ФА-Ф1-Г002 рақамли фундаментал лойиҳада фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Қорақалпоғистон бўлимининг 2021 йил 14 июлдаги 17-01/186-сон маълумотномаси). Натижада, ҳозирги шеъриятнинг мумтоз  моҳиятга ворисийлиги масаласи қиёсий-типологик, илмий-назарий ёритиш тадқиқотлар доирасида ўрганиш имконияти яратилган;
истиқлолдан кейинги ўн йилликлар жанрий ранг-баранглик, услубий ўзига хослик, поэтик ғоя ва ифода тарзининг хилма-хиллиги билан ажралиб турган ўзбек шеъриятида тасаввуф руҳидаги асарларнинг пайдо бўлиши шеъриятда мумтоз моҳиятнинг мақомини янада кучайтирганлиги, замонавий шеъриятда тасаввуф анъаналари талқини умумжаҳоний кўламда, муаллифларнинг диний-маърифий дунёқараши, бадиий-концептуал принциплари асосида холисона ўрганилган ўринлардан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Самарқанд вилоят бўлими қошидаги “Садоқат” адабий-ижодий тўгарагида маърузалар ўқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг 2021 йил 4 августдаги 01-03/970-сон маълумотномаси). Натижада, маънан етук авлодни тарбиялашда фойдаланишнинг илмий-педагогик мезонлари ишлаб чиқилишига ҳамда ёш ижодкорлар қобилиятини ўстиришга, уларни маънавий оламини бойитишга хизмат қилган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish