Sayt test rejimida ishlamoqda

Амирхўжаев Шукуржон Қурбоновичнинг 
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража берадиган фан тармоғи номи): “Ўзбек оилаларида ижтимоий-маданий жараёнлар трансформацияси (XX аср охири - XXI асрнинг боши)”, 09.00.04 – Ижтимоий фалсафа (фалсафа фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2019.2.PhD/Fal57.
Илмий раҳбар: Самаров Рустамжон Садриддинович, фалсафа фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилаётган муассаса номи: Андижон давлат университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Андижон давлат университети, PhD.03/30.06.2020.Fal.60.04.
Расмий оппонентлар: Саифназаров Исмоил Саифназарович, фалсафа фанлари доктори, профессор; Садиқова Шоҳидо Марҳабоевна, социология фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳузуридаги “Маҳалла ва оила” илмий-тадқиқот институти.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади Ўзбекистонда ХХ аср охири ХХI асрнинг бошида оилаларда ижтимоий-маданий жараёнлар трансформациясининг ижобий ва салбий жиҳатларини замонавий ўзбек оиласининг барқарор ҳаётини таъминлаш контекстида ижтимоий-фалсафий жиҳатдан очиб беришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
ижтимоий-маданий жараёнлар трансформацияси жараёнида юз берган оиладаги иқтисодий ҳуқуқ ва мажбуриятларнинг ўзгариши оқибатида аёллар ҳуқуқ ва эркинликларининг кенгайиши, бу эса ўз навбатида ижтимоий тафаккурнинг таркибий жиҳатдан бойишига олиб келиши фалсафий жиҳатдан далилланган; 
шахснинг оиладан ташқаридаги ижтимоий алоқалари ривожланиб, меҳнат жамоаси, ижтимоий бирлашмалар ва бошқа тузилмалар билан муносабатлар динамикаси кучайиб бориши оқибатида қариндош-уруғчилик алоқалари деградацияга учраб бориши аниқланган;
ижтимоий-маданий жараёнларда оилавий қадриятларнинг деформациялашуви натижасида оилада хаостик муносабатлар динамикаси ортиб бориши ва бу ўз навбатида оилавий ажримларнинг кўпайишига олиб келиши фалсафий жиҳатдан очиб берилган; 
урбанизация жараёнида инсон мобиллигининг ортиши ва унинг оқибатида эса ота-она ва фарзандлар ўртасидаги иқтисодий иттифоққа путур етгани, бу эса оила кекса вакилларининг фаровонлигига салбий таъсир кўрсатгани исботланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. ХХ аср охири - ХХI асрнинг боши ўзбек оилаларида ижтимоий-маданий жараёнлар трансформациясига таъсир кўрсатувчи ижтимоий оимилларни аниқлашга доир олиб борилган тадқиқотлар асосида:
ижтимоий-маданий жараёнлар трансформацияси жараёнида юз берган оиладаги иқтисодий ҳуқуқ ва мажбуриятларнинг ўзгариши оқибатида аёллар ҳуқуқ ва эркинликларининг кенгайишига, бу эса ўз навбатида ижтимоий тафаккурнинг таркибий жиҳатдан бойитишга олиб келиши бўйича илгари сурилган таклифлардан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 31 декабрдаги 1059-сонли “Узлуксиз маънавий тарбия концепциясини тасдиқлаш ва уни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг IV боб Маҳалла, оилаларда ота-оналар ва болалар маънавий тарбиявий муносабатларини таҳлил этиш асосида “Намунавий оилавий тарбия муҳити” мезонларини белгилаш ва шу асосда маҳалла, туман, шаҳар, ҳудудлар ва республика танловлари мавзусида ўтказилган тарғибот ва ташвиқот ишларида фойдаланилган (Республика Маънавият ва маърифат марказининг 2020 йил 17 сентябрдаги 02/07-787-сон маълумотномаси). Натижада ўзбек оилаларида эр-хотин муносабатларининг хулқ-атвор намунаси ва уларнинг шахсий-маданий хусусиятларини таҳлил қилиш асосида оила ва никоҳ муносабатлари маданиятини ривожлантирувчи барқарор оила моделини такомиллаштиришга эришилган;
шахснин оиладан ташқаридаги ижтимоий алоқалари кучайиб, меҳнат жамоаси, ижтимоий бирлашмалар ва бошқа тузилмаларнинг билан муносабатлар динамикаси кучайиб боргани сари кенг миқёсдаги оилавий муносабатлар деградацияга учраб боришига оид тавсиялардан Андижон давлат университетида 2015-2017 йилларда бажарилган ОТ-Ф-1-17 рақамли “Маънавий бегоналашувнинг олдини олишда шахс фаоллигини оширишни ижтимоий-педагогик тадқиқ этиш” мавзусидаги амалий лойиҳада нашр этилган “Андижон вилоятида аҳолининг маънавий бегоналашувидаги ҳудудий тафовутлар” номли харитасини яратишда кенг фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2020 йил 21 сентябрдаги 89-03-3421-сон маълумотномаси). Натижада “Авлодлар ўртасида урф-одатлар, анъаналарнинг, одоб-ахлоқ меъёрларининг миллий менталитетга хос турмуш тарзи давомийлигининг узилиши, яъни кўп қатламли, “моногон” оилаларнинг камайиб кетиши”, “аҳолининг зичлиги, чегара ҳудудларида истиқомат қиладиган аҳоли маънавий қиёфасининг ўзига хослиги”ни белгилашга хизмат қилган;
ижтимоий-маданий жараёнларда оилавий қадриятларнинг деформациялашуви натижасида оилада хаостик муносабатлар динамикаси ортиб бориши ва бу ўз навбатида оилавий ажримларнинг кўпайишига олиб келиши бўйича назарий хулосаларидан Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг оилаларни ҳар томонлама муҳофаза қилишга доир амалий чора-тадбирларни ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг 2020 йил 24 сентябрдаги 02-02/1234-сон маълумотномаси). Натижада вазирликнинг Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 18 февралдаги ПФ-5938-сон Фармонига тааллуқли бўлган 2-илованинг “Мамлакатда “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойилига асосланган тизимни самарали жорий этиш бўйича “Йўл харитаси”нинг 15-банди “Маънавият оиладан бошланади” мавзусида маърифат ойлигини ташкил этиш (2020 йил май ойи), 19-банди 15 май – Халқаро оила кунини “Оила муқаддас” шиори остида кенг нишонлашни ташкил этиш ва ўтказиш (2020 йил май), 21-банди Оила институтини янада мустаҳкамлаш ва ривожлантириш, судгача оилавий низоларнинг олдини олишнинг самарали механизмларини ишлаб чиқиш ва амалиётга татбиқ этиш, оила ва никоҳ муносабатлари маданиятини ривожлантирувчи барқарор оила моделини такомиллаштириш, оилаларда намоён бўлиши мумкин бўлган низоларнинг таснифини аниқлаш асосида оилавий муносабатларнинг ижтимоий диагностикаси ва прогнозини аниқлашга доир вазифаларни самарали амалга оширишга кўмак берган;
фуқаролик жамияти ривожланиши натижасида тарихий жиҳатдан амал қилиб келган ота-она ва фарзандлар ўртасидаги иқтисодий иттифоққа путур етгани, бу эса оиланинг кекса вакилларининг фаровонлигига салбий таъсир кўрсатганига доир тадқиқот илмий натижаларидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати фаолиятида фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитасининг 2020 йил 3 декабрдаги 25-16/2076–сон маълумотномаси). Натижада Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенатининг мамлакатимизда оила институтининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш, демографик ривожланишни рағбатлантириш, оила фаровонлиги даражасини ошириш, жамиятда анъанавий оилавий қадриятларни асраб-авайлаш ва уларни ёш авлод тарбиясига сингдириш, шунингдек, репродуктив саломатликни, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш самарадорлигини ошириш бўйича вазифалари юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш, уларни муаммоли ўрганиш методологиясини такомиллаштиришга ҳисса қўшган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish