Sayt test rejimida ishlamoqda

Носирова Азиза Рустамовнанинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Глобаллашув даврида диний ксенофобия ва унинг намоён бўлиш хусусиятлари” 07.00.04 – Диншунослик (тарих фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2021.3.PhD/Tar355.
Илмий раҳбар: Рахимджанов Дурбек Абиджанович, тарих фанлари номзоди, доцент.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Ўзбекистон халқаро ислом академияси.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Ўзбекистон халқаро ислом академияси, DSc.35/30.12.2019.IsI/Tar/F.57.01.
Расмий оппонентлар: Агзамходжаев Саидакбар Саидович, тарих фанлари доктори, профессор; Исҳоқов Мирсодиқ Мирсултонович, тарих фанлари доктори, профессор. 
Етакчи ташкилот: Ўзбекистон миллий университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади глобаллашув даврида диний ксенофобия ва унинг намоён бўлиш хусусиятларини очиб беришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги: 
тарихда ксенофобия феномен сифатида барча халқ ва қабилаларнинг ўз ҳудудий яхлитлигини сақлашда табиий жараён бўлгани, глобаллашув даврига келиб эса, диний сегрегация, этноцентризм, гуруҳдаги фаворитизм, ақидапарастлик каби ҳодисалар натижасида дин ва миллатлар ўртасида содир бўлаётган келишмовчилик ва низоларнинг асосий омилига айланаётгани очиб берилган; 
диний ксенофобиянинг тарихий вужудга келиш сабабларини ўрганишда унинг диний таълимот ва жамоаларни “ўзимиз” ва “ўзгалар” гуруҳига ажратиш каби салбий жиҳатлари XI-XIII асрлардаги Европа салб жамоалари ва XVI асрда Францияда бўлиб ўтган “Варфоломей туни” воқеалари мисолида асосланган; 
глобаллашув шароитида диний ксенофобиянинг экстремизм, терроризм каби ҳодисаларга симбиозлашуви исламофобия билан боғлиқ деструктив хатти-ҳаракатлар динамикасининг ортишига таъсир кўрсатаётгани исботланган;
диний ксенофобия асосидаги “танланган миллат”, “мутлақ ҳақ дин вакили” каби субъектив омилларни шакллантирувчи “диний фанатизм”, “абсолютизм” тушунчаларининг шахс онгида пайдо бўлишининг олдини олишда диний-маърифий йўналишда таълим бериш энг самарали воситалардан бири экани далилланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Глобаллашув даврида диний ксенофобия ва унинг намоён бўлиш хусусиятлари мавзусида олиб борилган илмий тадқиқот натижалари асосида: 
диний ксенофобиянинг турли дин, мазҳаб ва дунёқараш вакиллари орасидаги фарқли жиҳатларидан кўра кўпроқ муштарак, ўхшаш бўлган умуминсоний қадрият ва тамойилларни эслатиш, ушбу фазилатларнинг фойдали ва зарурий эканига урғу бериш, зарур ҳолларда орадаги фарқларнинг асл, эзгулик моҳиятини тўғри тушунтириш каби масалалар Ўзбекистон халқаро ислом академиясида ПЗ-20170930317 рақамли “Глобаллашув жараёнида экстремизм ғоялари таъсирига тушиб қолган кишиларни ижтимоий реабилитация қилиш” номли амалий грант лойиҳаси (2018-2020) доирасида нашр этилган “Ёт ғоялар таъсирига тушиб қолган шахсларни жамиятга мослаштириш, ижтимоий реабилитация қилиш бўйича тавсиялар” номли китобни тайёрлашда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2021 йил 25 мартдаги 02-03/1886-сон маълумотномаси). Натижада, фуқаролар диний соҳага оид муҳим саволларига асослантирилган жавоблар олишида ва диний ксенофобия ва динлараро муносабатларда юзага келувчи масалалар ечимини топишда муҳим аҳамият касб этган;
диний ксенофобия ва исламофобиянинг олдини олишда халқаро ташкилотларнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари, Ўзбекистон Республикасида амалга оширилган ва такомиллаштирилаётган қонунлар, диний-маърифий йўналишдаги ташкилотларнинг фаолияти, шунинг билан бирга мамлакатда диний бағрикенглик, миллатлараро тотувлик ғояларини тарғиб қилиш, ирқи, миллати, дини, ижтимоий келиб чиқишидан қатъий назар халқаро, миллий аҳамиятга эга умуминсоний қадриятлар негизига урғу бериш, шундагина ксенофобиянинг олдини олиш мумкинлиги ҳақидаги илмий хулосалар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ислом цивилизацияси маркази томонидан буюртма асосида нашр этилган “Бухоро ислом олами маданияти пойтахти” номли китоб мазмунига сингдирилган (Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ислом цивилизацияси марказининг 2021 йил 24 мартдаги 192/21- сон маълумотномаси). Натижада, исламофобияга қарши ислом маданиятининг аҳамияти ҳақида маълумот олиш ҳамда аждодлар илмий-маънавий меросини ўрганиш, миллий ўзликни англаш ва ифтихор туйғуларини уйғотишга хизмат қилган; 
диний ксенофобия асосидаги “танланган миллат”, “мутлақ ҳақ дин вакили” каби субъектив омилларни шакллантирувчи “диний фанатизм”, “абсолютизм” тушунчаларининг шахс онгида пайдо бўлишининг олдини олишда диний-маърифий йўналишда таълим бериш ва диний бағрикенглик ғояларини тарғиб этишга қаратилган илмий-назарий қарашлар Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан давлат буюртмаси асосида амалга оширилган «Ўзбекистон – бағрикенг диёр» номли китоб-альбом тайёрланишида диссертация материалларидан фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказининг 2021 йил 3 декабрдаги 02/494-сон маълумотномаси). Натижада, диний бағрикенглик ғояларини кенг тарғиб этиш, шу орқали диний ксенофобия профилактикасини таъминлаш, динлараро мулоқот маданиятини мустаҳкамлашга хизмат қилган;
тарихда ксенофобия феномен сифатида барча халқ ва қабилаларнинг ўз ҳудудий яхлитлигини сақлашда табиий жараён бўлгани, глобаллашув даврига келиб эса, диний сегрегация, этноцентризм, гуруҳдаги фаворитизм, ақидапарастлик каби ҳодисалар натижасида дин ва миллатлар ўртасида содир бўлаётган келишмовчилик ва низоларнинг асосий омилига айланаётгани очиб берилгани ҳақидаги илмий хулосалардан Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг “O‘zbekiston” телерадиоканали таркибидаги “O‘zbekiston tarixi” телеканалида намойиш этилаётган “Тақдимот” каби тизимли кўрсатувлар сценарийсини тузишда фойдаланилган (Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясининг 2019 йил 6 декабрдаги 02-40-2581-сон маълумотномаси). Натижада, кенг жамоатчиликка диний ксенофобиянинг пайдо бўлиш омиллари, намоён бўлиш хусусиятлари ва олдини олишнинг диний-маърифий асослари бўйича тавсиялар етказилган ҳамда кўрсатув мазмунининг назарий савияси ортишига эришилган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish