Sayt test rejimida ishlamoqda

Хошимов Элмурод Абдусатторовичнинг
фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража берадиган фан тармоғи номи): «Рақамли иқтисодиёт шароитида Ўзбекистон Республикаси валюта сиёсатини такомиллаштиришнинг методологик жиҳатлари», 08.00.07 – Молия, пул муомаласи ва кредит, 08.00.16 – Рақамли иқтисодиёт ва халқаро рақамли интеграция (иқтисодиёт фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2021.2.DSc/Iqt312.
Илмий маслаҳатчи: Жумаев Нодир Хосиятович, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент давлат иқтисодиёт университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тошкент давлат иқтисодиёт университети, DSc.03/10.12.2019.I.16.01.
Расмий оппонентлар: Гулямов Саидахрор Саидахмедович, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор, академик; Тошқулов Абдуқодир Ҳамидович, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор, Тешабаев Тўлқин Закирович, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот номи: «Алоқабанк» АТБ.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади рақамли иқтисодиёт шароитида валюта сиёсати методологиясини такомиллаштириш бўйича илмий таклиф ва амалий тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
валюта сиёсатини амалга ошириш механизми сифатида валютани тартибга солишнинг бозор механизмларидан фойдаланиш, хусусан, иқтисодий чора-тадбирларга устуворлик бериш орқали маъмурий усуллар ва чеклаш характеридаги чоралардан воз кечиш таклиф қилинган;
криптовалюталарни тартибга солишнинг миллий тизимини шакллантириш, хусусан, криптоактивлар билан боғлиқ рискларни пруденциал чоралар орқали тартибга солиш бўйича ёндашувлар ишлаб чиқилган;
рақамли иқтисодиёт шароитида валюта сиёсати самарадорлигининг муҳим шарти сифатида миллий иқтисодиётнинг долларлашув даражасини камайтириш зарурлиги асосланган, дедолларизация (долларсизлантириш) стратегияси йўналишлари ва усуллари таклиф қилинган;
Ўзбекистонда Марказий банк рақамли валютасини жорий этиш бўйича методологик ёндашув ишлаб чиқилган ва шарт-шароитлари асосланган;
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки валюта сиёсати самарадорлигини янада ошириш мақсадида валюта интервенциясини амалга ошириш инструментлари ва бозорларини ривожлантириш зарурлиги асослаб берилган;
рақамли иқтисодиёт шароитида янги молиявий воситачилик шаклларининг пайдо бўлиши ва тўлов хизматини кўрсатувчи ташкилотлар фаолиятининг ривожланишига жавобан Марказий банк ваколатларини кенгайтириш таклиф этилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Рақамли иқтисодиёт шароитида Ўзбекистон Республикаси валюта сиёсатини такомиллаштиришнинг методологик жиҳатлари бўйича олинган илмий натижалар асосида:
валютани тартибга солиш ва валюта назорати соҳасидаги давлат сиёсатини амалга оширишда бозор механизмларидан фойдаланиш, хусусан, иқтисодий чораларга устуворлик бериш, валюта операцияларини амалга оширишда резидент ва норезидентларнинг ҳуқуқ ва иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш валютани тартибга солиш соҳасида давлат сиёсатининг муҳим тамойили этиб белгиланиши бўйича таклифларидан “Валютани тартибга солиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги ЎРҚ-573-сон Қонунининг 5-моддасига киритилган қўшимчаларни шакллантиришда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитасининг 2021 йил 29 январдаги 1-сон маълумотномаси). Натижада республика валютани тартибга солиш тизимида бозор механизмларидан фойдаланиш ва валюта назорати соҳасидаги давлат сиёсатида иқтисодий чораларнинг устуворлиги ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамланган;
тартибга солиш нуқтаи-назаридан криптовалюталарга нисбатан инвестицион актив ва тўлов воситаси сифатидаги ёндашувларни ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаш, криптовалюталарни тартибга солишнинг миллий тизимини шакллантириш, хусусан, криптоактивлар билан боғлиқ рискларни пруденциал чоралар орқали тартибга солиш таклифлари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси томонидан соҳага оид қонунчиликни ривожлантиришда фойдаланиш учун қабул қилинган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитасининг 2021 йил 10 декабрдаги 04/1-1322-сон маълумотномаси). Ушбу таклифларнинг амалиётга татбиқи натижасида банк секторида криптовалюталар муомаласини рискка асосланган ҳолда тартибга солиш амалиёти юзага келади ҳамда криптоактивлар қийматидаги тебранишларнинг тижорат банклари молиявий барқарорлигига салбий таъсирини камайтириш имконияти пайдо бўлган;
рақамли иқтисодиёт шароитида янги молиявий воситачилик шаклларининг пайдо бўлиши ва тўлов хизматини кўрсатувчи ташкилотлар фаолиятининг ривожланишига жавобан Марказий банк ваколатларини кенгайтириш таклифидан Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг тартибга солиш амалиётини такомиллаштиришда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг 2021 йил 3 декабрдаги 13-17/746-сон маълумотномаси). Ушбу таклифнинг амалиётга татбиқи натижасида банклар томонидан кўрсатилаётган анъанавий тўлов хизматларини кўрсатаётган тижорат банклари, тўлов ташкилотлари, шунингдек, тўлов тизимининг операторлари фаолиятини тартибга солиш ва кузатиш асосида нақд пулсиз ҳисоб-китобларнинг самарадорлигини кенгайтириш имконияти таъминланган;
“Рақамли сўм” лойиҳасини ишлаб чиқиш, Евроосиё иқтисодий иттифоқи доирасида истиқболда улгуржи Марказий банк рақамли валютасини жорий этиш лойиҳасида иштирок этиш таклифларидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси фаолиятида фойдаланиш учун қабул қилинган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитасининг 2021 йил 10 декабрдаги 04/1-1322-сон маълумотномаси). Мазкур таклифларнинг амалиётга татбиқи натижасида Марказий банк рақамли валютаси лойиҳаси борасида изланишларни ташкил этиш, унинг эмиссия технологияси, сақлаш усуллари борасида бир тўхтамга келиш, Евроосиё иқтисодий иттифоқига аъзо мамлакатлар марказий банклари билан ликвидлиликни бошқаришда қулай инструментга эга бўлиш, суверенитетни сақлаш қолиш имконияти юзага келган;
валюта сиёсати самарадорлигининг муҳим шарти сифатида миллий иқтисодиётнинг долларлашув даражасини камайтириш таклифидан Марказий банкнинг мажбурий захира сиёсатини такомиллаштиришда (2021 йил 5 августдан бошлаб, хорижий валютада жалб қилинган депозитлар учун мажбурий захира меъёри 14%дан 18%га оширилган) (Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг 2021 йил 3 декабрдаги 13-17/746-сон маълумотномаси) ва тижорат банклари томонидан мажбуриятлар долларлашуви даражасини камайтириш ва миллий валютадаги депозитлар жозибадорлигини оширишга доир чораларни қўллашда фойдаланилган (Ўзсаноатқурилишбанк АТБнинг 2021 йил 13 декабрдаги 01-04/7104-сон ва “Трастбанк” хусусий акциядорлик банкининг 2021 йил 10 декабрдаги 01-01/3479-сон маълумотномалари). Ушбу таклифнинг амалиётга татбиқи натижасида тижорат банклари томонидан хорижий валютада жалб қилинган депозитларнинг жами банк депозитларидаги улуши 2021 йилнинг 1 октябрига келиб 39,6 фоизни ташкил этган ва 2020 йилнинг мос даврига нисбатан 3,3 фоизли пунктга камайган. Шунингдек, мазкур даврда Ўзсаноатқурилишбанк АТБ ва “Трастбанк”нинг депозит базаси, мос равишда, 17% ва 25%га ошган;
жорий валюта бозори ликвидлилигини ошириш мақсадида тижорат банкларининг валюта бозоридаги маркет-мейкерлик фаолиятини ривожлантириш таклифидан Ўзсаноатқурилишбанк акциядорлик тижорат банкининг валюта операцияларини ривожлантиришда фойдаланилган (Ўзсаноатқурилишбанк АТБнинг 2021 йил 13 декабрдаги 01-04/7104-сон маълумотномаси). Ушбу таклифнинг амалиётга татбиқи натижасида Ўзсаноатқурилишбанк АТБнинг валюта операциялари ҳажми 2021 йилнинг 1 октябрь ҳолатига 3727,4 млн. АҚШ долларига етган ва ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 11%га ошган;
тижорат банкларининг муддатли валюта бозоридаги иштирокини кучайтириш, хусусан, валюта рискини хеджирлаш воситаси сифатида валютавий своп, форвард ва опцион битимлари билан операцияларни ривожлантириш таклифидан Ўзсаноатқурилишбанк АТБнинг муддатли валюта операцияларини ривожлантиришда фойдаланилган (Ўзсаноатқурилишбанк АТБнинг 2021 йил 13 декабрдаги 01-04/7104-сон маълумотномаси). Ушбу таклифнинг амалиётга татбиқи натижасида Ўзсаноатқурилишбанк АТБнинг своп битимлари ҳажми 2021 йилнинг 1 октябрь ҳолатига 26,7 минг еврони ташкил этган ва ўтган йилнинг тегишли даврига нисбатан 297%га кўпайган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish