Sayt test rejimida ishlamoqda

Тожиева Феруза Жумабоевнанинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон 

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Хива хонлигида қулчилик муносабатлари моҳияти ва ижтимоий оқибатлари”, 07.00.01 – Ўзбекистон тарихи (тарих фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2020.1.PhD Tar 641.
Илмий раҳбар: Машарипов Қудрат Юлдашевич, тарих фанлари номзоди, доцент.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Хоразм Маъмун Академияси.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Қорақалпоқ Давлат университети, PhD.03/30.12.2019.Tar.20.05.  
Расмий оппонентлар: Сарыбаев Маман Ктайбекович, тарих фанлари доктори, профессор;  Худойберганов Комилжон, тарих фанлари номзоди.
Етакчи ташкилот номи: ЎзФА ККБ Қорақолпоқ гуманитар институти.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади Хива хонлигида қулчилик муносабатлари мавзусини тарихий манбалардаги маълумотлар асосида аниқлаш ҳамда шу асосда хонликдаги қулчилик муносабатларининг туб моҳиятини, унинг салбий оқибатларини очиб беришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
Хива хонлигида қулчиликнинг келтириб чиқаришга хонлик қўшинлари, туркманлар ва қолаверса нўғойлар, қозоқ ва қирғизларнинг Россиянинг чегара қишлоқ-шаҳарларига босқинчилик юришлари, баъзи рус кишиларининг “қулларни овлаш” ва уларни сотиш билан яширинча шуғулланиб турганликлари, туркман қабилаларининг Эронга уюштирган босқинчилик юришлари, хонлик ҳудудига рус ҳукумати тазйиқидан қочган қўзғолончилар ва жиноятчиларнинг кўчиб борганликлари, баъзи ҳолларда камбағалчилик, очарчилик ёки қарздорликдан қутулиш учун ўз фарзандларини ёки оила аъзоларини қулликка сотишга мажбур бўлганликлари каби омиллар сабаб бўлганлиги далилланган;
архив маълумотлари (Россия Федерацияси Оренбург вилояти Давлат архиви фондларидаги ҳужжатлар) ва маҳаллий ёзма манбалар (Лаффасийнинг “Озоднома”, Бобожон Сафаровнинг “Хоразмда бўлуб ўтган қулчилик аҳволларининг воқеалари”, Абдулла Болтаевнинг шахсий фондида сақланаётган қўлёзма №11 дафтари) асосида Россия ва Хива хонлиги муносабатлари чигаллашувида қулчилик масаласи турганлиги ва шиа ва суннийлик мазҳаблари ўртасидаги азалий келишмовчиликлар қулчиликнинг янада тараққий этишига сабаб бўлганлиги асосланган;
Хива хонлигида баъзи қулларга саройда ва ҳарбий соҳада берилган имкониятлар натижасида улардан хоннинг энг яқин ва ишончли кишилари етишиб чиққанлиги ҳамда баъзи хонларнинг онаси чўри-канизаклардан бўлганлиги ҳақидаги маълумотларнинг мавжудлиги, қулларнинг аҳволи ва турмуш тарзи борасидаги салбий қарашларнинг тарихий ҳақиқатга тўғри келмаслиги очиб берилган;
Гандимиён шартномасига кўра Хива хонлигида қулчиликнинг тугатилганлиги эълон қилинган бўлсада, унинг XX аср бошларигача сақланиб қолганлиги қўлёма манбалар ва архив ҳужжатларидаги маълумотлар (1902 йилдаги қуллар учун олинган закот ҳужжати, 1916 йилда ёш йигитнинг ўғирланиб қул қилиб сотилишига ҳаракат қилинганлиги ҳақидаги ҳужжат) асосида аниқланган. 
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Хива хонлигида қулчилик муносабатлари моҳияти ва ижтимоий оқибатлари мавзусига оид илмий хулосалар ва таклифлар асосида:
Хива хонлигида қулчиликнинг келтириб чиқарган турли хил омиллар шунингдек Хива хонлигида қишлоқ хўжалигида, йиллик каналлар қазувида ва тозалаш ишларида қул меҳнатидан кенг фойдаланилганлиги тўғрисидаги тадқиқот натижаларидан Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг минтақавий бўлими – Хоразм Маъмун академиясида 2015-2017 йилларда бажарилган ФА-А1-Г015 шифрли, “Хива хонлари давлат архив ҳужжатлари. II жилд” мавзусидаги илмий-амалий лойиҳада  фойдаланилган (Хоразм Маъмун академияси 30.09.2021 йил 284/1-21-сон маълумотномаси). Натижалар хонлик ижтимоий-иқтисодий ҳаётида қулчилик муносабатларининг ўрнини тўлақонли ва ҳаққоний аниқлаш имконини берган;
Хива хонлигида босқинчилик юришлари даврида нўғойлар-қалмиқлар, кавказликлар, руслар, ҳиндлар каби ўзга дин вакиллари қаторида шиа мазҳабидаги форслар ва ҳатто баъзида суннийлик мазҳабидаги бухороликлар, афғонлар, қорақалпоқлар, қирғизлар ва қозоқлар ҳам қул қилинганлиги борасидаги маълумотлардан Халқаро «Олтин мерос» хайрия жамоат фонди фаолиятини янада ривожлантиришда фойдаланилган («Олтин мерос» хайрия жамоат фондининг 2021 йил 14 июлдаги 18-сон маълумотномаси). Хива хонлигидаги қулчилик муносабатлари акс этган тадқиқот натижалари Халқаро “Олтин мерос” хайрия жамоат фондининг Хоразм бўлими “Авесто” музейи  экспозицияларини ёритишда муҳим манба бўлиб хизмат қилган; 
Хива хонлигида қулчилик муносабатлари, қулларнинг аҳволи ва турмуш тарзи борасидаги, шунингдек баъзи қулларга саройда ва ҳарбий соҳада берилган имкониятлар юзасидан келтирилган маълумотлардан Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси “O’zbekiston” телерадиоканали” ДУК қошидаги “O‘zbekiston tarixi” телеканалининг “Кўҳна кентлар” кўрсатувининг сценарийсини тайёрлашда фойдаланилган (“O‘zbekiston tarixi” телеканалининг 2021 йил 26 январдаги 01-13-112-сон маълумотномаси). Натижада, бу маълумотлар талаба ёшлар ва халқ тафаккурида қулчилик муносабатларининг ижтимоий ва маънавий оқибатларини тўлақонли таништиришда хизмат қилган. 

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish